Интернет фиқҳи - 29 Марта 2014 - Taqvo. Radyo
Пятница, 09.12.2016, 04:51Главная | Регистрация | Вход

Hush kelibsiz

BUGUN KUNGA

ИСЛОМИЙ ТЕСТЛАР

FORUM

Namoz vaqti BO'LMA

Forumga kirish

Мини-чат

Izoh Faollari

Ассалому алейкум. Нима учун кинолар курсатмаяпти.


ШУ сылкага боссез скачат кила оласиз

Kalendar

«  Март 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
     12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31

hatm.quron.uz

Закот ҳисоблагич

uzwebiston.

quran.uz

hadis.islom.uz

www.islom.uz

muslimaat.uz

oilam.uz

www.hilol.com

www.siyrat.uz

info.islom.uz

www.fiqh.uz

e-tarix.uz

e-adabiyot.uz

halol.org

arabic.uz

forum.islom.uz

tib.islom.uz

savollar.islom.uz

media.islom.uz

blog.islam.uz

islam.uz ru

masjid.uz

kamolon.uz

mumina.uz

muslim.uz

ziyo.uz

muxlis.uz

novza.uz

www.buxoriy

xatib.uz

www.islomtv.com

www.houseofquran.c

islom.ziyouz.com

ayol.uz

www.tiu.uz

www.hisnulmuslim.c

Ar.Ruqyah

Коран он-лайн

Info islom

mp3quran

taqvo.ucoz.net

www.ihsanilim.com/

Tavhid com

Qur'onshunoslik

Ислом овози

www.ahlisunnat.com

www.favvora.com

hikmatnuri.com

uzgen.jimdo.com

IslamHouse

Talaba Biz

Lug'ot

Исломий Китоблар

Наш опрос

Сайтнинг янги кўринишини қандай баҳолайсиз?
Javob berildi: 91

AllMuslims

Savol javob uz

islom uz

Поиск

Статистика

Главная » 2014 » Март » 29 » Интернет фиқҳи
21:27
Интернет фиқҳи



 

Албатта ҳамду санолар Аллоҳникидир! Биз У зотни мақтаймиз. У зотдан мадад ва мағфират сўраймиз. Аллоҳдан ўз нафсимиз ва амалимиз ёмонликларидан паноҳ тилаймиз. Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, уни залолатга кетказувчи йўқ ва кимни залолатга кетказса, уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, ёлғиз ва шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ. Яна гувоҳлик бераманки, албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг қули ва расулидир.

Мусулмонларнинг исломий урф-одатлар билан тартибга солинган бир маромдаги осуда ҳаётига шиддат билан интернет кириб келди. Эндиликда йигит-қизлар бир-бирлари билан ота-оналар кўриб қолмасин деб хилват кўчаларда яширинча учрашиб юришлари шарт бўлмай қолди. Сон-саноқсиз форумлар, чатлар, мессенжерлар, Скайп, Аська, «Одноклассники», «В контакте», «Фэйсбук» ва шу каби ижтимоий (номни қаранг!) тармоқларнинг уларнинг хизматларига шай турибди. Хўш, бундай мулоқот тарзи мусулмонларга жоизми? Турли жинсдаги кишиларнинг бундай мулоқотида қандай тартиб-қоидалар бор? «Интернет яқин йилларда пайдо бўлган бўлса, унинг қандай қилиб шаръий одоблари бўлсин?» деган савол туғилиши ҳам мумкин. Ҳа, тўғри, интернетнинг пайдо бўлганига кўп вақт бўлгани йўқ. Аммо, Аллоҳ таолонинг сўнгги дини, барча замонлар ва маконларга жавоб берувчи, инсониятга икки дунё саодатини кафолатловчи, қиёматгача боқий қолгувчи дини – Исломда шундай одоб ва меъёрлар баён қилинганки, унинг асосида бундан яна ўн аср ўтиб, техника бундан кўра юз баробар тараққиёт этса ҳам, инсоният ривожланишнинг энг чўққисига етса ҳам, унинг ҳаётидаги ҳар бир масала Исломда ҳал қилинган бўлади, Ислом унга ўзининг одилона муносабатини ҳамда ҳақиқий ҳукмни ҳавола қилмай қолмайди.


Фойдали нарсаларнинг ўзига яраша зиён тарафи ҳам бўлганидек, интернетнинг ҳам манфаатли ва зарарли тарафлари бор. Агар уни манфаатли тарзда ишлатиб, зарарли тарафларидан сақланилмаса, неъматга нисбатан ношукрлик бўлади, киши ўзининг дунёси учун ҳам, охирати учун ҳам зиёнга ишлайди.
Аввалги Исломий манбаларда Интернет ҳақидаги боб ёки фасл бўлган эмас. Чунки у пайтда интернетнинг ўзи мавжуд бўлмаган. Аммо ҳозирда эса, Ислом уламолари асл исломий одоблар асосида бу янги пайдо бўлган воситанинг ҳукми ва унга тааллуқли одобларни ҳам баён қилиб бермоқдалар. Улар ўз сўзларида Исломнинг негиз қоидалари ва одобларига, унинг асл мақсадларига таянган ҳолларида, оят ва ҳадис асосида фатво бермоқдалар. Аллоҳ улардан рози бўлсин.


Камина бизнинг мусулмон халқимизга ҳам, тарихи Ислом билан гуркираган ўзбек халқига ҳам бу мавзуда баъзи маълумотларни тақдим қилиш эҳтиёжини сезиб юрар эдим. Шу аснода ана шу муаммога бағишланган баъзи илмий баҳс ва мақолаларни кўриб қолдим. Уларда мавзуга доир саволларга замонамизнинг кўзга кўринган уламолари тарафидан жавоблар берилган эди. Бинобарин, уларнинг баъзиларидан фойдаланган ҳолда, бу борадаги муҳим масала ва одобларни жамлашни мақсад қилдим. Мавзуга Абдуллоҳ Ҳасаннинг Шарқий Лондон масжидидаги Мусулмон Ёшлар Ташкилоти иштирокчиларига қилган маърузасини, Холид Саййиднинг “ИНТЕРНЕТ иймон, ахлоқ ва ақллар учун синовдир” мақоласи ва Солиҳ Иброҳимнинг «Синфдошлар.Ру»ми ёки «Гуноҳдошлар.Ру»? мақоласини асос қилиб олдим.
Аллоҳ таоло бу камтарона амални ўзининг ризоси учун бўлишини, уни ўзим ва ўзгалар учун манфаатли бўлишини насиб этсин.

Абу Муслим
* * *


Интернет маълумотлар оламида улкан инқилоб ва иймон, ахлоқ ҳатто ақллар имтиҳони учун кенг майдондир.
Унда яхшилик учун барча эшиклар очиқ, ёмонликнинг барча кўринишлари очиқ-сочиқ. Интернетга боғланиш имконияти бор ҳар бир киши тилига истаганича эрк бериши, истаган нарсасига кўз югуртириши, истаган нарсасини ёзиши мумкин, унинг устида на бир назоратчи, на бир тергаб турувчи ва на бир ҳад-чегара олдида тўхтатиб қолувчи бор. Агар ўз қадрини юқорироқ билса, тубанлашмаса, ишларнинг оқибати ҳақида фикр юритса, Парвардигори олам уни кузатиб ва ҳар бир ишига гувоҳ бўлиб турганини кўз олдига келтирса, имтиҳондан қоқилмай-йиқилмай ўтиб олади ва охир-оқибат зафарга эришади.
Агар нафсининг жиловини бўш қўйса, нафси-ҳавоси ортидан эргашиб кетса, иймон назоратчиси ва тақво терговчисини ўзидан узоқлаштирган бўлса, разолат ботқоғига ботиши, тубанлик чоҳига қулаши ҳеч гап эмас. Бунинг натижаси эса ўз-ўзини беҳурмат қилиш, иззат-шарафни йўқотиш, хорлик ва тубанликдан бошқа нарса бўлмайди. Шунинг учун оқил одам интернет билан тўғри муомала қилиш йўлини билиши, ўз нафсига ортиқча ишонмаслиги лозимки, охир-оқибат нафси уни фитнага тушириб қўйиб, кейин ундан халос бўлиши қийин бўлади.



 

Бирон бир гурунг (форум)да иштирок этса ё ўзаро фикр алмашишга тўғри келса, ўзи ўртага ташлаётган фикрнинг оқибатларига назар солиши, мўминларга озор етказиб қўйишдан, улар орасида фаҳшу мункар ёйишдан эҳтиёт бўлиши, ҳар хил миш-миш ва туҳмат гаплардан, бировларнинг иззат-нафсига тегиш ва бир-бирларига қарши гижгижлашдан сақланиши керак бўлади.
Бирон изоҳ ёки раддия бермоқчи бўлса, буни илм билан, адолат билан, одоб доирасидан чиқмаган ҳолда, чиройли сўзлар ишлатиб амалга оширсин. Гурунгларда ўзининг ошкора исми билан қатнашсин, исмини ошкора қилишдан чўчиса ё амали холис ва махфий бўлиб қолишини истаса, ножоиз ва нолойиқ гапларни ёзишдан ҳазар қилсин, барча сирлар очиладиган Кунда Аллоҳ таолонинг ҳузурида туришини ўйласин.
Оқил одам шайтон йўлдан оздиришидан эҳтиёт бўлмоғи лозим. Зеро, шайтон доим одамзотни пойлаб, қўлидан келган ҳар қандай йўллар билан уни адаштириш пайида бўлган маккор душманидир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир неча ўринларида: «Шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир» деб огоҳлантирган. Ақлли киши ҳеч қачон душманига ишониб қолмайди, ўзини фитналар домига ташламайди, ақл, дин ва илм жиҳатидан ҳар қанча етук бўлмасин, ўзига қаттиқ ишониб юбормайди. Шу боис уни ҳар доим фитналардан узоқроқ туришини, уларга аралашишдан ўзини олиб қочишини кўрасиз.
Инсон ўз нафсига ишониб қолса, ўз ихтиёри билан фитналар гирдобига шўнғиса, уни ўз нафсига топшириб қўйилади ва лутфи илоҳийдан маҳрум бўлади.
Мана, Юсуф алайҳиссаломни кўринг, у фитна томон интилмади, аксинча фитна унинг ортидан қувди. Шундай бўлса-да, у ўз иймонига, илмига ва пайғамбар авлоди эканлигига ишониб хотиржам бўлмади, балки фитнадан қочди, унинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ тилади, агар уни аёллар макридан Аллоҳнинг Ўзи сақламаса улар билан фитналаниб қолиб, жоҳиллардан бўлиб қолиши мумкинлигини эътироф этди. Шундан сўнг унга лутфи илоҳий ҳамроҳ бўлди, бу улкан балодан халос бўлишида илоҳий мададга сазовор бўлди.
Бундай бало ва имтиҳонлардан омон бўлишни истаган киши интернетга муайян вақтларда, ўз олдига муайян вазифа ва аниқ мақсадни қўйган ҳолда кириши мақсадга мувофиқдир. Аммо агар саҳифаларни бемақсад варақлашга шўнғиса, мавқеъ (сайт)дан мавқеъга кўчиб юраверса, ҳам вақти зое бўлади, ҳам тузук-қуруқ фойда ололмайди.
Қилаётган ишининг оқибатига назар солиши ва нафсига ғолиб келиб, уни тақво тизгини билан тизгинлаб олиши ҳам бунда унга ёрдамчи бўлади.
Интернет билан ишловчи одамга бунда шаҳвоний саҳифалардан ўзини тортиши, ифлос сайтлардан, фаҳш сўзлар тарқатиладиган гурунгхона (форум)лардан, жинсий ғаризалар ва яширин истакларни қўзғатувчи мақолалардан, шармсиз суратлардан, шаҳватни жунбушга келтирувчи видео-лавҳалардан узоқлашиши ҳам катта ёрдам беради. Чунки, нафс шаҳватларга мойил қилиб яратилгани, хоҳиш-ҳавога эгилувчи ғаризаларга эгалиги жиҳатидан худди порох, ёқилғи каби ёниш хавфи бор моддаларга ўхшайди. Бу каби моддалар ўт-учқундан қанча узоқ бўлса, шунча тинч ва хатарсиз бўлади.
Кўзни тийиш ҳам интернет ичидаги фитналардан қутулишга ёрдам беради. Чунки, интернетда ўтираркансиз, беихтиёр кўз олдингизда лоп этиб қабиҳ суратлар пайдо бўлади. Кўзини тийган инсон ҳам Раббини рози қилади, ҳам қалбини роҳатлантиради. Зотан, кўз дил ойнасидир, кўзни сақламаслик ҳалокатларга, кўзни тийиш эса роҳатга сабабдир. Банда кўзини тийса, қалб истак-майллардан тийилади, кўзи олма-кесак терадиган инсоннинг қалби ҳам шаҳватлардан тийиқсиз бўлади.
Аллоҳ азза ва жалла айтади: «(Эй Муҳаммад), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир)» (Нур: 30).
Инсон интернет билан муомала қилар экан, ўзи айтаётган, эшитаётган, нақл қилаётган ва ўқиётган нарсалар ҳақида ишончли илмга эга бўлмоғи лозим. Инсоннинг ақли фаросати ва иймони шу билан билинади. Чунки интернет шундай маконки, унда тўғри келган одам сохта исм остида тўғри келган нарсани ёзиши мумкин, содда одам заҳарни асал ўрнида қабул қилиши ҳеч гап эмас.
Оқил одам бу борада зийрак ва ҳушёр бўлиши керак. Бирон хабар ё воқеадан хабардор бўлса, уни чуқурроқ ўрганиши, ундан оммага бирон фойда етишига ишонч ҳосил қилса, шундагина нашр қилиши, йўқса жимгина кўз юмиб кетавериши лозим.
Бу ишда эътиборсизлик қилиш ортидан қанча ёмонликлар келмаган дейсиз!
Қанча-қанча одамлар борки, ақлларини ишлатмасдан, интернетда нашр қилинаётган нарсаларни худди бир калима ҳам ёлғон аралашмайдиган ваҳийдек қабул қилишади!
Фақат оқил кишилар бегона ва нотайин одам у ёқда турсин, ҳатто таниқли ва ишончга сазовор одамнинг сўзларини ҳам текширмасдан, кўр-кўрона қабул қилмайди.
Эшитган ҳар бир сўзимизни гапираверишдан қайтарилганмиз, ахир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳар бир эшитган сўзини айтишлиги кишининг ёлғончилигига кифоя қилади» (Муслим ривояти).
Айниқса, бу одоб ҳозиргидек фитна ва нотинчликлар даврида ғоят муҳимдир.
Аллоҳ таоло айтади: « Қачонки уларга эминлик ёки ҳақ тўғрисида бир иш–хабар етса, уни таратурлар. Агар уни Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан иш негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар. Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганда, озгинангиздан бошқангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз.» (Нисо: 83).
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратлари шу оят тафсирида ёзади: «Баъзи кишилар бирор хабарни эшитишлари билан ҳамма ёққа тарқатишга шошиладилар. Бундан мусулмонларга фойда борми, зарар борми–ўйлаб ўтирмайдилар. Мазкур хабарни тарқатиш мусулмонлар учун яхшими ёки тарқатмаслик яхшими–ўйлаб кўрмайдилар. Оқибатда душманлар «совуқ уруш» (қуролсиз уруш) деб номланган қабоҳатни ишга солиб, турли-туман ёлғонларни тўқиб чиқарадилар. Мусулмонлар ичида ғулғула, келишмовчилик тарқатадилар. Руҳий, маънавий қувватларини синдирадилар. Агар мусулмонлар ўз динларига амал қилсалар, бундай лақмалик, нодонлик қилмас эдилар. Эшитган гапларини дарҳол ёймас эдилар. Чунки, Ислом ҳукми бўйича, эшитган гапини тарқатавериш мумкин эмас.
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз: «Кишининг ёлғончилигига ҳар эшитган нарсасини гапиравериши кифоя қилади», деганлар.
Бошқа бир ҳадисда эса: «Биров ўзи ёлғон деб ўйлаган гапни гапирса, у икки ёлғончининг биридир», деганлар.

Кишига интернетдан тўғри фойдаланишда, унинг ёмонликларидан сақланишда энг катта ёрдамчи – Аллоҳ азза ва жалланинг кузатиб турганини, У зот ҳамма нарсадан воқиф эканини доим ҳис қилиб туришидир.
Оқил одам шу маънони асло хаёлидан қочирмаслиги, Аллоҳнинг ҳузурида ғайб – яширин нарсанинг ўзи бўлмаслигини доим ёдда тутиши лозим. Шуни ҳам эсдан чиқармаслик керакки, ким яширинча қилган ишини кўздан махфий қолиб кетаверади деб ўйласа, хоҳ яхши, хоҳ ёмон иш бўлсин, Аллоҳ уни барибир очиб қўяди. Мукофот амалнинг жинсидан бўлади: «Кимки ёмон амал қилса, унинг жазосини олур» (Нисо: 123).
Мусулмон киши интернет ёмонлигидан ўзини сақлаши лозим бўлганидек, унинг яхшиликларидан ўзини бутунлай маҳрум қилмаслиги ҳам керак. Хусусан, билим ва тахассус эгалари у орқали кўп фойдалар беришлари ва олишлари мумкин.
Холид Саййид ўзининг “ИНТЕРНЕТ иймон, ахлоқ ва ақллар учун синовдир” мақоласининг охирида қуйидаги бир неча саволлани беради:
Айтингчи, шармсиз суратларга кўз югуртираётган пайтингизда дилингизда хиралик, жисмингизда сустлик, яхшиликлардан юз ўгириш ва разолатларга қизиқишни ҳис қилмайсизми?!
Аҳмоқона баҳс-мунозараларни, телбанамо талашиб-тортишишларни ўқиётганингизда, кимлар ҳақидадир айтилаётган ғийбатларга қулоқ тутаётганингизда ўзингизнинг қалбингиз қотаётгани ва бадгумон бўлиб бораётганингизни ҳис қилмайсизми?!
Соатлаб вақтингизни интернет олдида бефойда ўтказаётганингизда юрагингизда сиқилишни, серзарда ва баджаҳл бўлиб, ёнингиздаги одамга ҳам тоқат қилолмасликни, ҳатто телефон қўнғироғига жавоб беришга ҳам ҳафсаласизликни ҳис қилмаяпсизми?!
Бунинг муқобилида, яхши ишларни қилсангиз, ҳаромдан кўзингизни тийсангиз, хилват ўринларда Аллоҳдан қўрқсангиз, яхши кайфият, тетиклик ва қалбингизда роҳат пайдо бўлмайдими?!


Интернет орқали мулоқот
Дастлабки шартлар


Шак-шубҳа йўқки, интернет ва у туфайли вужудга келган мулоқот воситалари – форумлар, чатлар, мессенжерлар, ижтимоий тармоқлар фойдали билимлар, Исломга тарғиб, Ислом умматининг бугунги кундаги қувонч ва ташвишлари ҳақидаги янгиликларда бохабар бўлиб туриш орқали Исломга ва мусулмонларга фойда келтира оладиган кучли воситалардир. Бироқ, айнан мана шу мулоқот каналлари фисқ-фужур тарқатиш воситаси, бир-бирига бегона, номаҳрам эркак ва аёлларнинг ношаръий мулоқот воситаси, Исломда ман қилинган, қораланган мулоқот воситаси бўлиб қолиши ҳам мумкин.
Европа фатво ва тадқиқотлар кенгаши раисининг муовини шайх Файсал Мавлавийнинг таъкидлашича, йигит ва қизларнинг интернет орқали мулоқоти уларнинг бевосита мулоқоти кабидир. Бинобарин, бу мулоқотда ҳам оддий, бевосита мулоқот қоидаларига риоя қилиниши, яъни биринчидан, бундай суҳбат эрмак учун бекорчи сўзларни сўзлаш, гап сотиб ўтиришга айланиб қолмаслиги керак. Бундай мулоқот учун жиддий, асосли сабаб, шаръий зарурат бўлиши лозим.
Масалан, агар бу йигит билан қиз бир компаниянинг ходимлари ёки бизнес ҳамкорлар бўлишса, ишга тегишли масалаларни аниқлаштириб олиш учун интернет орқали мулоқот қилишлари мумкин (агар бошқа турдаги мулоқот имкони бўлмаса); агар улар синфдош ёки курсдош бўлсалар, ўқув жараёнига тегишли масалаларни бир-бирларидан сўрашлари, бошқа манбадан билиш мумкин бўлмаган маълумотларни алмашишлари мумкин.
Иккинчидан, бундай мулоқотнинг мазмуни мазкур заруратга тегишли мавзулар доирасидан четга чиқмаслиги, яъни ишга ёки ўқув жараёнига тегишли гаплардан бошқа, бекорчи мавзуларга ўтилмаслиги керак.
Учинчидан, агар мулоқот суҳбатдошнинг тасвири кўриниб турадиган ҳолда бўлса («Skype» ва шу каби видеочатлар), аёллар ҳижобда бўлишлари шарт. Мулоқот мессенжер, ижтимоий тармоқ ёки форумда бўлса («Одноклассники.Ру» ва шу кабилар), унга аъзо бўлган аёллар ўз саҳифаларига фақат ҳижобда тушган суратларини қўйишлари мумкин.
Тўртинчидан, мулоқот шариат ман қилган мавзуларга тааллуқли бўлмаслиги, йигитлар ҳам, қизлар ҳам ҳаё, ибо ва иффат доирасидан чиқмасликлари шарт.


Интернет-мулоқотнинг хатарлари


Йигит-қизлар ўртасидаги мулоқотнинг асосий муаммоси шуки, суҳбатдошлар интернет-чатлар орқали бир-бирларини кўрмасалар ҳам, улар ўртасида боғланиш ёки дўстлик пайдо бўлади. Бундай мулоқотлар яхши ният, соф мақсадлар билан (баъзан ҳатто тасодифан) бошланган бўлса ҳам, вақт ўтиши билан ҳар икки томонда бир-бирига нисбатан қизиқиш, мойиллик уйғотади. Бундай ҳис-туйғулар бора-бора янада кучли ва чуқур боғлиқликка айланиб кетиши мумкин.
Биринчидан, бегона, номаҳрам эркак ва аёл ўртасида бундай кўринишдаги ўзаро муносабатлар ўрнатиш, агар уларда оила қуриш, никоҳланиш мақсади бўлмаса, Исломда шак-шубҳасиз ман қилинган. Аллоҳ Таоло Қуръони каримда мўъмина аёллар ҳақида шундай дейди:
«...Улар покиза, зинокор эмас ва ўйнаш тутмаган бўлсинлар...» (Нисо сураси, 25-оят).
Иккинчидан, аввал бошда беозор кўринган бундай интернет-танишувлар, интернет-суҳбатлар эртами-кечми, бир кун келиб жиддийроқ муносабатга айланиши – йигитларда қизларга нисбатан, бировнинг аёлида бировнинг эрига қизиқиш уйғониши мумкин. Суҳбатимиз қаҳрамони – интернетнинг ўзида кимнингдир эри ёки хотини бегоналар билан ижтимоий тармоқлар ёки форумлар орқали танишиб, суҳбатлашиб юрганлиги туфайли баъзан оилаларнинг бузилиб кетганлиги ҳақидаги ҳикоялар тўлиб-тошиб ётибди.
Учинчидан, бундай ғойибдан танишувларда кўпинча боғлиқлик пайдо бўлишининг сабаби шуки, суҳбатдошларнинг ҳар бири чатда ўзининг фақат ижобий (баъзан аслида йўқ) жиҳатларини намоён қилиб, камчилик-нуқсонларини кўрсатмайди. Натижада нариги томоннинг тасаввурида суҳбатдошининг идеал, реал воқеъликдан узоқ бўлган сиймоси ҳосил бўлади. Бетизгин хаёл эса бу сиймони ниҳоятда ёқимли, жозибали қилиб тасвирлайверади.
Ачинарлиси шуки, бунинг натижасида айниқса оилавий турмушнинг дастлабки қийинчиликлари, зиддиятларига дуч келган йигит-қизларда ўз турмуш ўртоғи ҳақида у идеалдан узоқ экан, деган тасаввур ҳосил бўлади. Айни пайтда виртуал суҳбатдош эса бу хаёлий идеалга тўлиқ мос келади. Бу эса эндигина қурилган ёш оиланинг илдизига болта уради. Ҳеч бўлмаганда, ёш келин-куёвларнинг бир-бирларидан кўнгли совийди.
Тўртинчидан, интернет шундай мулоқот муҳитики, унда ижтимоий назорат ҳам, ён-атрофдагиларнинг назорати ҳам йўқ. Ваҳоланки, ижтимоий назорат, танқид, атрофдагиларнинг панд-насиҳатлари, эслатмалари, ота-оналар, қўни-қўшни, маҳалладош ва диндошларнинг холис ўгитлари мўъминлар учун иймон ва исломий аҳлоқни муҳофаза қилишнинг қўшимча омилидир.
Интернет орқали мулоқотда эса бу чеклашлар бўлмайди. Шунинг учун ҳам, иймони заиф кишининг бу ердаги ҳою-ҳавас ва шайтоний васвасаларга чалғиб кетиш эҳтимоли етарли даражада каттадир. Интернет орқали нотаниш суҳбатдош билан мулоқотда бўлаётган йигит-қизларда тақиқланган мавзулардан гап очиш, ҳиссий, эҳтиросли суҳбатга берилиб кетиш хавфи бор. Мулоқот жараёнида ҳис-туйғулар қанчалик жунбушга келса, кишида суҳбатдошига нисбатан мойиллик шунчалик кучайиб бораверади.
Шайтон (Аллоҳ бизни унинг шарридан ўз паноҳига олсин!) кишининг қалбига айнан мана шу туйнук орқали кириб олиб, уни ҳақ йўлдан тойдириши мумкин. Аллоҳ Таоло ўз Китобида шундай марҳамат қилади: «Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир.» (Бақара сураси, 168-оят); «Эй иймон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашманг. Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, у фоҳиша ва мункарга буюради.» (Нур сураси, 21-оят)
Бешинчидан, интернет орқали бўлаётган бундай суҳбатларга эртами-кечми, албатта ёлғон аралашади. Масалан, форум ёки чатда бир йигит билан гаплашиб ўтирган қизнинг хонасига тўсатдан отаси кириб қолиб, ким билан гаплашиб ўтирганлигини сўраса, қиз уялганидан (аслида нимадан уялиш керак?) «бир йигит билан» дея олмай, «бир дугонам билан» деб ёлғон гапириб юбориши мумкин. Ёки янги куёв ёшгина келинчакдан тўйдан олдин интернетда йигитлар билан танишиб, гаплашганмисиз, деб сўраб қолса ҳам жавоб тахминан юқоридагидек бўлиши мумкин (Аллоҳ асрасин!).


Ижозат чегаралари


Албатта, бу гаплардан йигитларнинг қизлар билан интернет орқали сўзлашишлари мутлақо мумкин эмас, деган хулоса келиб чиқмайди. Арабистонлик машҳур олим Муҳаммад Солиҳ ал-Мунажиднинг айтишича, муслималарнинг интернетдан фойдаланишларида гуноҳ йўқ, бироқ номаҳрам йигитлар билан яқиндан танишиб, боғлиқлик ва дўстликка айланадиган даражада мулоқот олиб бориш мумкин эмас. Шу жумладан, интернет орқали ҳам.
Йигитлар ва қизлар, эркаклар ва аёллар ўртасидаги мулоқотнинг шариат рухсат берган чегарасига келсак, юқорида айтиб ўтилганидек, мажбурий зарурат юзасидан бундай мулоқотга рухсат бор. Бунга турли жинсдаги журналистлар, мухбирларнинг иш юзасидан мулоқот қилишлари мисол бўла олади. Олим кишининг ўз шогирдлари билан, устознинг толибалар билан форум ёки ижтимоий тармоқ орқали мулоқоти ҳам жоиздир. Масалан, бунда уйга вазифаларни сўраб олиш, дарснинг тушунмаган жойларини сўраш мумкин. Шунингдек, Исломга тарғиб қилаётган киши ўзи билан интернет орқали мулоқот қилаётган суҳбатдош аёлларни шариат аҳкомларига риоя қилишга, солиҳ амалларга чақириши ҳам жоиздир.
Модомики интернет орқали мулоқот иш, ўқиш ёки тарғибот доирасидан чиқмас экан, шариатнинг талаблари – ҳижоб, ҳаё ва ибога риоя қилинар экан, жоиздир. Бироқ, арабистонлик машхур олим айтганидек, агар бу мулоқот мазкур чегаралардан четга чиқа бошласа, йигит ва қизнинг мулоқотида ҳис-ҳаяжонлар, бекорчи ёки тақиқланган мавзулар, ўзаро боғлиқлик, майл, жозиба аломатлари пайдо бўлса, бундай мулоқот ҳаромдир. У ҳолда Аллоҳнинг розилигини истаб, Унинг жазосидан қўрқиб, бундай мулоқотдан четланиш лозим бўлади.


Facebook – ажойиб мулоқот воситасидир


Бироқ, шак-шубҳа йўқки, Facebookда гуноҳ ва маъсиятга ботиш ҳам мумкин.
Барчага маълумки, ижтимоий медиа сўнгги йилларда тармоқли алоқаларда чинакам инқилобни амалга оширди.
Саноқли йиллар ичида Facebook Интернетда энг кўп кириладиган сайтлардан бирига айланди. Бугунги кунда фейсбукчилар ҳамжамияти аъзоларининг сони 500 миллиондан ортиб кетди.
Агар Facebookни бир мамлакат деб қарайдиган бўлсак, бу мамлакат аҳоли сони жиҳатидан дунёда учинчи ўринни эгаллаган бўлар эди.
Facebook интерфаол сайт бўлиб, унинг фойдаланувчилари «девор»даги хабарлар ёки ўз мақоми (статус) ҳақида маълумот бериш орқали ўзаро мулоқот қиладилар.
Шунингдек, улар тезкор хабарлар орқали ҳам «сўзлашишлари» мумкин.
Фойдаланувчи ўз қизиқишларига қараб турли ҳамжамиятларга, жумладан машҳурлар, сиёсатчилар, олимлар, ширкатлар, ҳаракатлар ва ташаббуслар ташкил қилган гуруҳларга ҳам қўшилиши мумкин.
Бугунги кунда мусулмонлар орасида Facebookга муносабат бир томонлама эмас, чунки бу сайтни фитна тарқатиш воситаси деб ҳисоблаб, шу сабабли мазкур сайтдан фойдаланмаган маъқул, дейдиганлар ҳам бор.
Аммо бу фикр ҳар доим ҳам тўғри бўлавермайди, чунки Facebook – мулоқот воситаси бўлиб, ундан ёмонлик йўлида ҳам, яхшилик йўлида ҳам фойдаланиш мумкин.


Ижтимоий тармоқнинг ижобий ва салбий жиҳатлари қандай?


Facebook ёрдамида тармоқда иштирок этиш учун кирганда қандай фойда олиш ёки ҳеч бўлмаганда онлайн-мулоқотдан ўзига зиён етказмаслик борасида қандай тавсиялар бор?
Фикрлашга ундайдиган бир қанча муҳим иқтибосларни келтириб ўтамиз:
Энг аввало, «ижтимоий» деган сўзнинг маъноси нима?
Бу сўзнинг маъноси – социумга, инсонлар жамиятига боғлиқ бўлган ҳаракат бўлиб, алоҳида шахс ҳамда гуруҳларнинг ўзаро ҳамкорлиги, жамият аъзолари сифатида инсонларнинг фаровонлигини таъминловчи ҳаракат сифатида ифодаланади.
«Энг янги компьютер ўз тезлиги билан инсоний муносабатларига тақлид қилиши мумкин холос, бироқ коммуникатор охир-оқибат яна ўша эски муаммога: нимани гапириш ва қандай гапириш муаммосига дуч келади». (Эдуард Мюрроу).
«Жаҳон ҳамжамияти фақат дунё миқёсидаги мулоқот шароитидагина мавжуд бўлиши мумкин, бунга эса бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетган кўп сонли қисқа тўлқинли қурилмалар билан эришиб бўлмайди. Бу – муштарак тушунчалар, муштарак одатлар, муштарак ғоялар, муштарак идеаллар демакдир». (Роберт Хатчинс)


Facebook каби ижтимоий тармоқлар ёрдамида нималар қила оламиз?


• Facebook – ер шарининг (Интернет тармоғига уланган) барча аҳолисини бир-бири билан боғлай олувчи тармоқли платформадир. У давлатлараро чегараларни бартараф қилади, визаларни кераксиз матоҳга айлантириб қўяди. Хуллас, сиз дунёнинг исталган нуқтасидаги исталган киши билан алоқа ўрнатишингиз мумкин, муҳими – у сизнинг «дўстингиз» бўлса кифоя.
• Агар оилангиз ва дўстларингиз бошқа шаҳар ёки давлатда бўлса, улар билан мулоқот қилишингиз мумкин.
• Сиз фейсбукдаги бўлимингизга фотосуратларингиз, видеолавҳаларингизни жойлаб, уларни «дўст»ларингизга улашишингиз мумкин.
• Турли веб-саҳифа ва бошқа манбаларга линклар жойлаштиришингиз мумкин.
• Қизиқишларингиз бўйича гуруҳ ва саҳифалар ташкил қилишингиз мумкин.
• корпорациялар, жойлардаги ҳукумат органлари, таълим ва бошқа муассасалар билан бевосита алоқа ўрнатишингиз мумкин.
• Ширкатлар, маҳаллий ҳукумат органлари, таълим ва бошқа муассасаларнинг тарқатма материалларига обуна бўлишингиз, уларнинг фаолиятига, тадбир ва маросимларига оид янгиликлардан бохабар бўлиб туришингиз мумкин.
Муқаддас дийнимизнинг тамал тоши Қуръони Карим бўлса, кейинги масдаримиз – муборак ҳадиси шарифлардир. Ҳадиси шарифлардан озгина бўлса-да хабардор бўлган ҳар бир инсон мўмин кишининг ҳар қандай ҳатти-ҳаракатидаги энг биринчи мезон – НИЯТ эканлигини яхши билиши керак. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига ана шу НИЯТ неъматини бериб, ҳар бир амални – у ҳоҳ катта, ҳоҳ кичик бўлсин – ибодатга айлантириш имкониятини берган. Бу – Исломимизнинг энг улуғ сифатларидан биридир. Шундай экан, яна бир бор НИЯТ масаласини эсга олайлик. Аллоҳни эслайлик. Нафақат фейсбук, нафақат интернет, балки компьютерни ёқаётганимиздаёқ НИЯТ қилайлик – НИЯТ ҚИЛДИМ: АЛЛОҲНИНГ ЎЗИ БЕРГАН ИЛМДАН ФОЙДАЛАНИБ, АЛЛОҲНИНГ РОЗИЛИГИ УЧУН, АЛЛОҲ РОЗИ БЎЛАДИГАН МАНА ШУ ИШНИ ҚИЛИШГА НИЯТ ҚИЛДИМ.
Ниятингиз холисми? Компьютерда бажармоқчи бўлган ишингиз солиҳ амалми? Шундай бўлса, Аллоҳ Сизга қувват, ишингизга барака берсин, уни ҳамма учун, аввало дунё ва охиратингиз учун манфаатли қилсин!
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан ишни бошланг! Пайғамбар алайҳиссалом ўз ҳадисларидан бирида: «Эътиборли ҳар бир иш «Бисмиллаҳ» билан бошланмас экан, унинг охири кесикдир» деганлар.


Facebookдан эзгу мақсадларда фойдаланиш


Facebook – Исломни тарғиб қилиш учун ажойиб воситадир. Сиз фейсбукдаги саҳифангизда Қуръони Карим оятларини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини, дийнимизни ўрганиш учун қўл келадиган ҳар қандай материалларни жойлаштиришингиз мумкин.
Шунингдек, Youtubeдан олинган севимли қориларингиз ўқиган Қуръон оятлари, Сиз ёқтирган Ислом уламоларининг ваъз-насиҳатлари ёзилган видеолавҳаларни ҳам фейсбукчилар билан баҳам кўришингиз мумкин. Буларнинг барчаси инсонларга манфаат келтирувчи омиллардир.
Facebook тармоғи виртуал маркетинг учун ҳам ниҳоятда самарали воситадир, чунки энг самарали маркетинг – бу бир одам муайян товарни иккинчи бир одамга бевосита тавсия қилишидир.
Кўплаб видеоклиплар ва мақолалар айнан мана шу усул орқали оммалашиб бормоқда – одатда одамлар бошқалар кўриб, сўнг ўз «девор»ларига жойлаган нарсаларни томоша қиладилар.
Баъзан фейсбук саҳифаларига аввал махфий сақланган видеолавҳалар ҳам қўйилиб қолади. Дунёнинг турли нуқталарида рўй бераётган адолатсизликлар, қонунбузарликлар айнан фейсбук орқали ошкор бўлиб қолмоқда. Мисол учун, Россиянинг юқори лавозимни эгаллаб турган мансабдор шахслари томонидан йўл ҳаракат қоидалари қўпол равишда бузилиб, бу нарса бегуноҳ инсоннинг ҳаётдан кўз юмишига олиб келганлиги ҳақидаги хабарлар туфайли бу ҳодиса бутун жамоатчиликнинг диққат марказида бўлиб, тергов ишларининг «босди-босди» қилиб юборилишига йўл қўйилмади.
• Facebookдан бирор кампанияни олиб бориш ёки кимнидир ёҳуд ниманидир қўллаб-қувватлаш мақсадларида ҳам тобора кўпроқ фойдаланилмоқда. Бундай ҳолатларда жамоатчиликни бирор муаммодан бохабар қилиш ва уларнинг қўллаб-қувватлашига эришиш мақсадида турли гуруҳлар тузилмоқда.
Facebook ва Twitter шу қадар кенг тарқалмоқдаки, бугунги кунда ҳеч қайси оммавий ахборот воситаси мақсадли аудиторияни қамраб олиш имконияти бўйича уларнинг олдига туша олмай қолди.


Facebookдан ёмон мақсадларда фойдаланиш

Албатта, Facebookда гуноҳ ва маъсият ишларга ҳам дуч келиш мумкин. Масалан, мусулмонлар баъзида номаҳрамлар билан гаплашиб қоладилар.
Таассуфки, фарзандларининг муомала доирасини қаттиқ назорат қиладиган ота-оналар компьютер орқали танишув оқибатидаги салбий ҳолатлардан ғофил қоладилар. Facebookда хилватхоналарда бўлаётган бундай «эркин мулоқотлар» зинога сабаб бўлиши ҳам мумкин. Ҳолбуки Қуръони Карим зинони содир қилиш эмас, балки ҳатто унга яқинлашишни ҳам қатъий тақиқлаган.
Масалан, аслида керакли одам билан тезда алоқа ўрнатиш учун жорий қилинган «кўз қисиш» функциясини олайлик. Ўзига бировнинг «кўз қисганини» кўрган киши буни киноя, гап отиш ёки ўйнашиш деб қабул қилиши мумкин. Ҳар қалай, бундай ҳолат йигит-қизлар ўртасида тез-тез юз бермоқда.
• Кўпчилик Facebookда YouTubeдан турли хил бўлмағур видеоклипларни кўчириб олиб, уларни тарқатиш билан ҳам шуғулланади.
Мусулмонларга эса бундай ишлар жоиз эмас. Чунки тарқалаётган нарса уни томоша қилганларни гуноҳ ишларга бошлаши мумкин.
• Баъзан Facebookга фойдасиз маълумотлар ҳам қўйилади. Масалан, баъзилар ўз саҳифасида кун давомида нима иш қилганини бирма-бир ёзиб, кундалик тутади. Бундай гап-сўзлардан фойда йўқ.
Баъзан киши ўзи қилган гуноҳ ишларни намойиш қилади. Маъсиятларни ошкор қилишдан, гарчи ўтмишдаги гуноҳларинг бўлса-да, одамларга сўзлаб юришдан эҳтиёт бўл! Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: "Умматимнинг гуноҳларни ошкор қилувчиларидан бошқа ҳаммаси авф этилади. Гуноҳни ошкор этишлик шуки, киши кечаси бир амални қилади. Тонг отгач, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини яширган бўлса-да: "Эй фалончи, бу кеча бундай-бундай ишларни қилдим", дейди. Ҳолбуки, Роббиси уни ўраган эди, у бўлса, тонг отгач, ўзидан Аллоҳнинг пардасини олиб ташлади" (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Яна баъзилар эса, қилган солиҳ амаллари ҳақида ёзиб, риёкорлик қилиб қўйиши, бериладиган ажр-мукофотларни камайтириб қўйиши ва ҳатто савобларидан маҳрум бўлиб қолиши мумкин.
• Бундан ташқари, ўз-ўзимизга савол беришимиз лозим:
- Ижтимоий тармоқларда ҳаддан зиёд кўп ўтирмаяпмизми?
- Facebookга кўп вақт ажратиб, намозларимизни ва мусулмон кишининг энг муҳим вазифаларини тарк этиб қўймаяпмизми?
Ҳа, Facebookда одамларни Исломга чақириш мумкин, аммо бу нарса мусулмонлик бурчларимизга зиён келтираётган бўлса, ибодатдан чалғитувчи омил сифатида ҳаромга айланиб қолиши эҳтимолдан холи эмас.
Нима қилсак Facebook саҳифамиз мусулмонлар учун фитна эмас, манфаат келтириши мумкин?
• Агар саҳифангизни беҳуда гап-сўзларни ташувчи кимсалар «тўдалашаётган» бўлса, уларни «девор»ингизда кўринмайдиган қилиб кўйиш мумкин. Улар «дўстларингиз» бўлиб қолаверади ва ўз «девор»ларида сизнинг ёзганларингизни кўраверади.
• Профил-саҳифангизга кираётганларни кузатиб туринг. Эҳтимол, саҳифангизга фақат «дўстларингиз» кира оладиган қилиб қулфлаб қўйиш керакдир.
• Шунингдек, саҳифангизга ўзингиздан бошқа ҳеч ким ҳеч қандай маълумот қўя олмайдиган қилиб қўйиш мумкин. Шунда бошқалар ўзининг «девор»ида сиз ёзган нарсаларни кўраверади, лекин сизникига ҳеч нарса ёза олмайди. Сиз уларга фақат изоҳ ёзиш имконини қолдиришингиз мумкин.
Фойдаланувчи Facebookга нима ёзишидан қатъи назар, буни ҳар ким кўриши мумкин. (техник жиҳатдан – бунга рухсати борлар, яъни «дўстлар»). Шундай экан, унутманг: ошкор қилинган гуноҳлар кечирилмаслиги мумкин.
Яна бир жиҳат: мусулмонлар интернет оламида ҳам ҳақиқий ҳаётдаги сингари хушҳулқли бўлишлари лозим. Айниқса, ғайридинлар орасида дийнимизнинг шаънини ҳимоя қила олишимиз шарт.
«Руҳий тарбия» китобида ёзилганидек, агар ҳулқ инсоннинг қон-қонига сингиб, унинг руҳий мақомига айланмас экан, бундай киши ўзини бегоналарнинг олдида бошқача, ёлғиз қолганда бошқача тутиши мумкин. Шундай экан, Facebookда бошқа, реал ҳаётда эса умуман бошқа одам бўлишдан сақланиш зарур. Зеро бу ҳолат иккиюзламачилик, мунофиқлик ҳисобланади.
• Аввал ўйла, кейин сўзла, деганларидек, тармоқда ҳам, реал ҳаётда ҳам «оғзингизга қараб» гапиринг –айтадиганингизни ўйлаб ёзинг, чунки бу нарсага ҳақиқий ҳаётда дуч келиб қолишингиз мумкин (масалан, оила қуришда ёки ишга жойлашишда).
Қуйида тармоқдаги мулоқотнинг ижобий ва салбий жиҳатларини келтирдик:
Ижобий жиҳатлар:
- ўз-ўзимизни «яхшироқ» кўринишда кўрсатиш имконияти
- маълумотларга ишлов беришга (уларни таҳлил қилишга) вақт кўпроқ бўлиши
- юзакиликдан қочиш осонроқ.
Салбий жиҳатлар:
- манбалар ишончсиз бўлиши мумкин
- муносабат ўрнатишга кўпроқ вақт кетиши мумкин
- фикрларнинг нотўғри талқин қилиниш эҳтимоли юқори.
Келтириб ўтган рўйхатимиз тўлиқ эмас, албатта. Бу хаёлимизга келадиган биринчи жиҳатлар, холос...



 

Категория: Ibratli hikoyatlar | Просмотров: 340 | Добавил: ☜★☞ADMIN☜★☞ | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2016 |