Сен ширингина ухлаб ётибсан, юзларингга термулиб ўтирибман. Бир оз олдин ишлаб ўтирган жойимда ичим ғашланди, ҳар қанча уринмай, диққатимни тўплолмадим. Кун бўйи қилолмаган ишим – сен билан суҳбатлашиш учун (сассиз бўлса ҳам) ёнингга келдим. Бугун эрталаб имиллаб кийинасан, дея койидим. Нонушта пайти кўйлагингга сут тўкиб юбординг, "Кап-катта қиз, кўзингга қарасанг бўлмайдими?” дея жаҳл қилдим. Индамай, бошингни қуйи солдинг. Эшикдан чиқаркан, яна ҳеч нима бўлмагандай, жилмайганча: "Хайр, ойижон!” дединг митти қўлчаларингни силкитиб... Мактабдан қайтгач, хонангдаги ўйинчоқларинг билан бақириб-чақириб ўйнаркансан, "жим бўл, тинчгина гаплашволай”, дедим. Шундан кейин яна бир сотача телефонда сўзлашдим. Сўнг худди сен аскару мен қўмондондек амр бердим: "Бекорчи ишларни қўй-да, дарсингни қил!” "Хўп бўлади, ойижон!” дея дарс тайёрлашга ўтирдинг. Шу бўйи бошқа овоз чиқармадинг... Оқшом ишлаб ўтирган жойимга келдинг, чўчиётган эдинг дилингдагини айтишга. Умид билан сўрадинг: "Эртак ўқиб берасизми?” Жавобим жуда кескин бўлди: "Бугун эмас. Ишим жуда кўп”. Ҳалиям турганингни кўриб, овозимни бир парда кўтардим: "Сенга неччи марта айтишим керак, хонангни йиғиштириб юр, деб. Яна ҳамма нарсани тўзғитибсану...” Бошингни эгиб хонангга йўл олдинг. Ҳеч қанча вақт ўтмай эшикдан мўраладинг. "Яна нима?” дедим қўполлик билан. Ёнимга келдинг, бўйнимдан қучиб, юзимдан ўпиб, айтдинг: "Яхши ётиб туринг, ойижон...”. Эшик олдига боргач, бурилиб қарадинг ва секингина: "Сизни яхши кўраман”, дединг. Орқангдан қараб ўйланиб қолдим. Қилаётган ишим кўзимга маънисиз кўрина бошлади. Сенга қилган қўполликларимни бирма-бир эслаб, ажабландим. Ахир, сен жаҳлга, ғазабга лойиқ бирор иш қилмадинг. Ҳаракатларинг ниҳояти улғайиш ва ўрганишни истаётган боланинг қилиқлари холос-ку?! Мени кечир, дунёнинг ҳеч тугамас ишларига аямай сарфлаётган қувватимни бир сендангина қизғонаётганим учун... Бугун кўп нарсаларни ўргатдинг: қанақа муносабат кўрсатмай, мени ўпишни, хайрли тун тилашни унутмадинг, ҳорғинлигимни сезиб, ишимга ҳалақит бермаслик учун оёқ учида юришга ҳаракат қилдинг... Мана энди ширингина ухлаяпсан, мен эса бошингда ўтириб бугуннинг қайтадан келишини истаяпман. Эртага, Худо хоҳласа, мен ҳам ўргатганларингни ўзингга қайтараман. Юзингдан ўпиб уйғотаман, мактабдан қайтганингда бирга дарс қиламиз, уйқудан олдин эртак ўқиб бераман. Кулсанг, кулиб, хафа бўлсанг, хафа бўламан. Ўзимга ўзим ҳали жуда кичкина эканингни ва сенинг онанг бўлиш бахтлигини эслатиб тураман. Ҳозир эса буларнинг ҳаммасини жимгина тушунтирганинг учун ухлаётган бўлсанг ҳам, ташаккур айтгани келдим. Жингалак сочларингни силаб, жажжи юзчаларингдан ўпиб раҳмат айтгани келдим берган сабоғинг, меҳринг, муҳаббатинг учун... Қизалоғим...
Манзура Шамс тайёрладиhttp://muslima.uz/node/4515
|