وَمَن يَقْنُتْ مِنكُنَّ لِلَّهِ وَرَسُولِهِ وَتَعْمَلْ صَالِحاً نُّؤْتِهَا أَجْرَهَا مَرَّتَيْنِ وَأَعْتَدْنَا لَهَا رِزْقاً كَرِيماً {31}
31. Сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг Расулига мудом итоатда бўлса ва яхши амал қилса, унинг ажрини икки марта берамиз ва унинг учун гўзал ризқни тайёрлаганмиз.
يَا نِسَاء النَّبِيِّ لَسْتُنَّ كَأَحَدٍ مِّنَ النِّسَاء إِنِ اتَّقَيْتُنَّ فَلَا تَخْضَعْنَ بِالْقَوْلِ فَيَطْمَعَ الَّذِي فِي قَلْبِهِ مَرَضٌ وَقُلْنَ قَوْلاً مَّعْرُوفاً {32}
32. Эй, Набийнинг аёллари! Сизлар аёллардан бирортаси каби эмассиз. Агар тақво қилсангиз, майин сўз қилманг, яна, қалбида касали бор бўлган тамаъ қилиб юрмасин. Гапирганда яхши гапни гапиринглар.
Яъни, сизларнинг бошқа ҳамма аёллардан фарқларингиз бор. Сизлар Пайғамбарнинг хотинларисиз, мўминларнинг оналарисиз. Ҳамма мўминалар учун ўрнаксизлар.
Ҳа, сизлар аёллардан бирортаси каби эмассизлар. Бу мақомга эришишларингиз учун Пайғамбарга жуфти ҳалол бўлганингизнинг ўзи етмайди, тақво ҳам қилишларингиз керак.
«Агар тақво қилсангиз, майин сўз қилманг...»
Овозингизни майин, назокатли қилиб, эркак кишига таъсир этадиган ҳолатда гапирманг.
«...яна, қалбида касали бор бўлган тамаъ қилиб юрмасин.»
Мунофиқ ва иймони заифлар сизнинг майин овозингизни эшитиб, фисқу фужурни бошлаб қолмасинлар.
«Гапирганда яхши гапни гапиринглар.»
Амри маъруф бўладиган, кишиларни тақвога, яхшиликка чақирадиган гаплардан гапиринглар.
Гарчи ушбу оятларда оналаримизга қарата хитоб қилинса-да, ундаги буйруқ ва ҳукмлар барча муслималарга тегишлидир.
وَقَرْنَ فِي بُيُوتِكُنَّ وَلَا تَبَرَّجْنَ تَبَرُّجَ الْجَاهِلِيَّةِ الْأُولَى وَأَقِمْنَ الصَّلَاةَ وَآتِينَ الزَّكَاةَ وَأَطِعْنَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ إِنَّمَا يُرِيدُ اللَّهُ لِيُذْهِبَ عَنكُمُ الرِّجْسَ أَهْلَ الْبَيْتِ وَيُطَهِّرَكُمْ تَطْهِيراً {33}
33. Виқор билан уйингизда ўтиринг. Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг. Намозни тўкис адо этинг, закот беринг, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Албатта, Аллоҳ сиздан кирни кетказиб, бутунлай поклашни хоҳлайди, эй, аҳли байт!
«Виқор билан уйингизда ўтиринг».
Албатта, ўрнак бўладиган одам доимо виқорини сақламоғи лозим. Шунинг учун, муслима опа-сингилларимиз ҳам виқорларини сақлаб, уйларида ўтиришга амр қилинмоқда. Бу ерда аёл кишининг асосий жойи уй бўлиши кераклигига ишора қилинмоқа. Муслима опа-сингилларимиз виқор билан уйларида ўтиришлари, сабабсиз остона ҳатлаб чиқмасликлари улар учун зийнат ва фазилатдир.
«Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг.»
Жоҳилият – Исломдан олдинги тузум. У вақтда аёллар очилиб-сочилиб, ясан-тусан қилиб, эркакларнинг эътиборини ўзига тортишга интилар эдилар. Ўзларини бозорга солиб, таналари ва зебу зийнатларини кўз-кўз қилар эдилар. Бундай очилиб-сочилиб юриш «табарруж» дейилади. Аллоҳ таоло мўмина-муслималарни жоҳилият тузумининг хотинлари каби очиқ-сочиқ юрмасликка амр этмоқда. Бу амр ҳар бир муслима аёлга тегишли.
«Намозни тўкис адо этинг...»
Намозни тўкис адо этиш энг зарур амаллардан биридир. Айниқса, аёл кишилар учун яна ҳам аҳамиятли. Чунки, фарзандлар доимо улар билан бўлади. Аёлнинг намозни тўкис адо этиши бола тарбиясига сўзсиз таъсир қилади.
«...закот беринг...»
Аёлларнинг молиявий ибодатга алоҳида эътибор билан қарашлари лозимлигини шу оятдан билиб оламиз. Одат бўйича, молиявий ибодатлар эркакларнинг ишига ўхшаб қолган. Лекин Аллоҳ таоло аёл кишига ҳам эркак киши билан тенг мол-дунё касб қилишига изн берганидан кейин, улардан молиявий ибодатни ўз ўрнида адо этишларини ҳам талаб этади.
«...Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг.»
Бу ҳамма амру фармонларнинг жамловчисидир. Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоат қилиш доирасига юқорида зикр этилган ва зикр этилмай қолган бошқа ишлар ҳам киради. Ҳар бир мўмин ва мўмина Аллоҳга ва Унинг Расулига тўла итоат қилмагунича комиллик касб этмайди. Уларга айни комилликдан дарс берувчи зотлар эса, мўминларнинг оналари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари бўлмоғи лозим. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир ёстиққа бош қўйиб яшаётган аёллар, уйларида Қуръон оятлари тушиб турган бандалар Аллоҳга ва Унинг Расулига биринчи бўлиб итоат қилмасалар, ким итоат қилар эди!
«Албатта, Аллоҳ сиздан кирни кетказиб, бутунлай поклашни хоҳлайди, эй, аҳли байт!»
Ушбу жумладаги «кир», албатта, маънавиятга тегишлидир, яъни, гуноҳлар ва бошқа маънавий доғлар тушунилади. «Аҳли байт» – хонадон аҳллари. Шиъа мазҳабидагилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «аҳли байт»лари деб ҳазрати Али, Фотима онамиз ва уларнинг фарзандларинигина назарда тутадилар. Аммо Аҳли сунна ва жамоа уламолари ушбу ояти каримани далил қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азвожи мутоҳҳаралари ҳам «аҳли байт»га киришларини айтадилар. Бу мақом улар учун катта бахтдир. «Аҳли байт» дейилишининг ўзи катта гап. Чунки, бу ибора бошқага ишлатилмайди. «Аҳли байт» деганда фақат маҳбуб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадон аҳллари тушунилади, холос. Ўша аҳли байтдан кирларни кетказишни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олмоқда. Ўша аҳли байтни бутунлай поклашни Аллоҳ таоло ўз зиммасига олмоқда. Лекин, аввало, уларни одобли, ахлоқли бўлишга, уйларида виқор билан ўтиришга, жоҳилият очиқ-сочиқлигидан узоқ туришга, нозу карашма билан гапирмасликка, намоз ўқиб, закот беришга ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилишга амр этмоқда ва шундан сўнггина улардан кирни кетказиб, бутунлай поклашга ваъда бермоқда.
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга аҳли байт бўлишнинг ўзигина Аллоҳнинг уларни бутунлай поклаши учун етарли эмас. Балки, аввало, улар иймон-эътиқодда ва ибодату амалда бўлмоқлари зарур. Ана шундагина Аллоҳ таоло уларнинг кирларини кетказиб, бутунлай поклайди.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй, Фотима, Муҳаммаднинг қизи!
Эй, София, Абдулмуттолибнинг қизи!
Эй, Бани Абдулмуттолиб! Мен сизларга Аллоҳдан келадиган бирор нарсани қайтаришга молик эмасман. Мендан ўз молимдан нимани хоҳласангиз, сўранглар», деганлар.
Имом Муслим ва имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй, Қурайш жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқаринг!
Эй, Бани Каъб жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқаринг!
Эй, Бани Ҳошим жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқаринг!
Эй, Бани Абдулмуттолиб жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқаринг!
Эй, Фотима бинти Муҳаммад, ўзингни дўзахдан қутқар!
Албатта, Аллоҳга қасамки, мен сизларга Аллоҳдан келадиган бирор нарсани қайтаришга молик эмасман», деганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларига муносабат шунчалик экан, энди, бошқалар ўзлари тушуниб олаверса бўлади.
Ҳа, Аллоҳ таоло Ислом жамиятининг жавҳари ҳисобланган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларидан кирни кетказишни, уларни бутунлай поклашни хоҳлайди, аммо аввал аҳли байтни иймон ва амалга чақиради.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азвожи мутоҳҳараларига қаратилган нидосини қуйидаги оят билан якунлайди:
وَاذْكُرْنَ مَا يُتْلَى فِي بُيُوتِكُنَّ مِنْ آيَاتِ اللَّهِ وَالْحِكْمَةِ إِنَّ اللَّهَ كَانَ لَطِيفاً خَبِيراً {34}
34. Ва уйларингизда тиловат қилинаётган Аллоҳнинг оятларини ва ҳикматни эсланг. Албатта, Аллоҳ ўта латийф ва ўта хабардор бўлган зотдир.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига улар яшаб турган уйлар оддий уй эмас, Аллоҳнинг оятлари нозил бўлиб, тиловат қилиниб турган манзил эканини эслатмоқда. Улар яшаб турган уйлар оддий уй эмас, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари жорий этилиб, ҳадислари сўзланиб турган уйлар эканини эслатмоқда. Айни чоқда, улар уйларида тиловат этилаётган Қуръон оятларини ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳикматли ҳадисларини унутмасликка, уларни эслаб, англаб, ўрганиб, сўнг амал қилишга буюрилмоқдалар.
«Албатта, Аллоҳ ўта латийф ва ўта хабардор бўлган зотдир.»
Исломда оила масаласига алоҳида эътибор билан қаралиши маълум. Чунки, оила ҳар бир жамиятнинг ўзаги бўлади. Оилалари мустаҳкам бўлган жамиятнинг ўзи ҳам мустаҳкам бўлади. Ҳамма нарса оиладан бошланади.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларига алоҳида эътибор беришда ҳам катта ҳикмат бор. Чунки, Ислом жамиятининг ўзаги мусулмон оилалари бўлса, мусулмон оилаларнинг ўзаги бу муборак оиладир. Исломий оила қандай бўлади? Исломий оилада ўзаро муносабатлар қандай бўлиши керак? Шу каби кўплаб саволларга айнан мана шу муборак оиладан жавоб ва ўрнак олинади.
Бу хусусда мулоҳазалар жуда ҳам кўп. Лекин нима учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азвожи мутоҳҳараларига бунчалик жиддий эътибор берилмоқда? Ҳолбуки, душманлар: «Ислом аёллар масаласига эътибор бермайди, аёл кишига мислсиз жабр-ситам беради», деб айблайдилар-ку?
Аввало, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига Қуръони Каримда бунчалик кўп эътибор берилишнинг ўзи душманларнинг гаплари беҳуда эканига ёрқин далилдир. Қолаверса, бу масалада анчагина гап бор. Аллоҳ таоло ер юзига Ислом нурини юбора бошлаган вақтда бутун дунё жаҳолат ботқоғига ботган эди. Чор атрофда жоҳиллик, адолатсизлик, зулм ва жабру ситам ҳукм сурарди. Айниқса, аёлларга тегишли масалаларда бу салбий ишлар авж олиб, энг чўққига чиққан эди. Ҳатто, аёлни одам ўрнида кўрмайдиган тоифалар бор эди. Масалан, насоролар оламида алоҳида йиғилиш ўтказилиб, ўша вақтдаги раҳнамолар томонидан «Аёл эркакни йўлдан уриш учун яратилган шайтондир, унга кўзи тушган одам ҳам гуноҳкор бўлади, аёл ҳавони булғатмаслиги учун оғзига тўсиқ тутиб юриши керак», деган қарорлар қабул қилинган эди. Аҳли китоб бўлмиш насоролардан келгани шу бўлганидан кейин, бошқа тоифаларни қўйиб турса ҳам бўлади. Жоҳилият тузумида аёлга дунёнинг матоҳи сифатида қараларди. У эркак кишига матоҳ эди, гўё. У эркак кишининг шаҳвати учун керак эди. Жинсий алоқаларда ким нимани хоҳласа, шуни қиларди. Оила масаласи жуда оғир аҳволда эди. Аёл кишини молу мулкка қўшиб, мерос қилиб олиш оддий ҳол эди. Аёлга қилинган паст муносабатлар, унга етказилган турли зулмлар мисоли бошқа сура ва оятларда ҳам келди.
Ислом дини мукаммал илоҳий тузум ўлароқ, дунёдаги мавжуд барча нуқсонларни, жумладан, инсониятнинг нафис парчаси саналмиш аёлларга муносабатдаги мавжуд нуқсонларни ҳам тузатишга киришди. Аёлга тўлақонли инсон сифатида қараш масаласини ўртага қўйди. Аёлларга қилинаётган зулм, жабр ва ситамни кесишга киришди. Шу билан бирга, исломий қонун-қоидаларни, ахлоқ-одобларни, тасаввур ва маданиятни жорий қила бошлади. Ўша вақтда аёлларга етказилган зулм кўп бўлгани учун Исломда уларга эътибор ҳам кўп бўлди.
Қуръони Каримнинг узун сураларидан бири «Нисо» («Аёллар») деб аталди. Бошқа бир сура «Мужодала» («Тортишувчи аёл») номини олди. Шунингдек, «Талоқ» сурасини ҳам «Кичик Нисо», дейишади. Қуръони Каримнинг бошқа сураларида ҳам аёллар масаласига алоҳида эътибор билан қаралади. «Нур» сураси бунинг ёрқин мисолидир. Ҳозир биз ўрганаётган «Аҳзоб» сураси ҳам шулар жумласига киради. Аёлларга бўлган эътиборнинг тасдиғи ўлароқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон умматига қилган оммавий ваъз-насиҳатларидан ташқари, яна аёллар учун алоҳида мажлислар ҳам ўтказиб турардилар.
Шу билан бирга, мазкур оятларни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини, ҳадисларини, шариат аҳкомларини муслима аёлларга ўзига хос услуб билан етказадиган, хусусан, аёлларнинг ўзларигагина хос бўлган масалаларни тушунтириб берадиган муаллималар керак эди. Бу вазифани фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларигина бажаришлари мумкин. Шунинг учун ҳам, юқорида ўрганган оятларимизда у зотларга алоҳида эътибор билан қаралмоқда, алоҳида талаблар қўйилмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари кўп бўлгани ҳам, асосан, шу эътибордандир. Чунки, бундай улкан масъулият – Ислом уммати аёлларига Қуръони Карим, Суннати набавия таълимотларини, шариат аҳкомларини етказиш битта ёки тўртта аёлнинг қўлидан келадиган иш эмас эди.
Аҳли байтдан доғларни кетказиб, бутунлай поклаш учун уларда зарур сифатларнинг мавжуд бўлиши шарт эканига юқоридаги оятларда ишора қилинди. Ислом жамиятидан кирни кетказиб, уни бутунлай поклаш учун ҳам, албатта, ўша жамият аъзоларида маълум бир сифатлар, қадриятлар бўлиши керак. Чунки, Аллоҳнинг розилигига эришиш, жаннатга кириш ўз-ўзидан бериладиган мукофот эмас.
|