Шаҳарда ўқиб, оқ-қоранинг фарқига бориб қолган қизи аввалига қаршилик қилди. Йиғлади. Лекин онасининг насиҳатлари кор қилдими ё отасининг қаҳридан қўрқдими, ҳарқалай, тақдирга тан берди. Тез орада фотиҳа ўтказилиб, тўй куни белгиланди.
Тўйдан аввал Лоланинг хоҳиш-истаги билан дугоналари учун базм ўтказиладиган бўлди. Сабоқдошларига таклифнома улашиб бўлгач, Лола синфдош қизларининг уйига бир-бир кириб, базмга айтиб чиқди. Навбат Нодирага келганда негадир оёғи тортмади. Кўнглидан, айтмай қўя қолай, деган фикр ҳам ўтди. Аммо бир кунмас бир кун учрашиб қолишса, "Ҳаммани айтиб, мени ажратиб қўйибсан-да. Борсам, эрингни тортиб олмасдим-ку”, дея киноя қилишини ўйлаб, уларнинг уйи томон судралгандек бўлиб борди. — Нодирахон, Нодирахон!
Ичкаридан "Ҳув, ҳозир”, деган овоз эшитилди. Бир зумдан кейин Нодиранинг онаси — Тожихон ая чиқиб келди. — Келинг, қизим, келинг. Вой, тўй бошлаяпсизларми? — Лоланинг эгнидаги янги либосга кўзи билан имо қилганча деди аёл. — Ҳа, — уялганидан бошини хам қилди Лола. — Шунга, тўйга айтиб келгандим. — Яхши-да, уйга киринг, қизим, ўртоғингиз ҳозир келиб қолади. — Раҳмат, тўйга боринглар. Лола ортига қайтаркан, болалигини эслади. Улар ҳеч қачон чиқишолмасди. Лола оғир, босиқ, кўнгилчан бўлса, Нодира унинг акси эди. У Лоланинг аълочилигини кўролмасди. Шу сабаб доим иккаласи уришиб юришарди.
... Базмга бироз кечикиб келган Нодира ўзининг кимлигини бир зумда оламга ёйди. Меҳмонлар «Бу шаллақи ким?», дегандай, Лолага қараб қўйишарди. Бир пайт кутилмаганда Нодира Лоланинг холасига юзланиб: — Куёвтўра нима иш қиларкан? — деб сўради. — Далада ишлайди, — деди холаси ҳеч гапдан бехабар. — Вой ўлмасам, Лола қаёқдаги деҳқонга тегяптими? Тузукроғи қуриб қолган эканми? Намунча шошилмаса, — беписандлик билан лабини чўччайтирди Нодира. — Ундай деманг, қизим. Тақдир — насиб. Ҳалимжон ёмон бола эмас. Эркак кишининг моли — ерда, ўқимаган бўлса ҳам мингта ўқигандан яхши. Худо хоҳласа бахтли-тахтли, ували-жували бўлиб кетишади.
Нарироқда турган Лола холасининг гапларидан бироз таскин топган бўлса-да, бироқ Нодиранинг гапи юрагига тиғдай ботди. Хўрлиги келди. Бўғзига тиқилган аччиқ аламни ичига ютди-да, ноилож ўртоқлари томон юрди. — Яхши ўтирибсизларми? Олинглар, олишиб ўтиринглар. Нодира Лолага кўзи тушиши билан яна бир бор узиб олди: — Лола, шаҳарда уч йил ўқиб, биронта йигит топмаган экансан-да. Ўқиб-ўқиб, тегаётган эрингни қара! Бошинг туйнукдан чиқиб кетмаётганди-ку. Намунча шошилмасанг. Сени кимлар олмасди?
Ўзи шундоқ ҳам ич-ичидан эзилаётган Лолага бу қаттиқ зарба бўлди. Йиғлаб юборди. Шу дам унинг миясини бир ўй пармаларди: "Ростдан ҳам менинг бошқалардан қаерим кам? Ўқимаган қизлар ҳам шаҳарга, тузуккина ишда ишлайдиган йигитларга тегишди. Мен ўқиб ҳам...” Уйга ўқдай отилиб кирган Лоланинг ортидан икки-уч дугонаси югуриб киришиб, уни юпата бошлашди: — Нодирани биласан-ку, битта сенимас, ҳаммамизни камситади. Унинг ўзи ким бўлибдики, гапи нима бўларди? Очиғи, у сенга ҳасад қиляпти. Унинг гапларига парво қилма. Лоланинг хаёлини ўғирлаган шайтон унга васваса қила бошлади: — Рост-да, ўшанга тегасанми? Қоч, қочиб кет. Ўз жонимга қасд қиламан, деб қўрқит. Шунда тўй ҳам тўхтайди. Ўзинг хоҳлаганингга турмушга ҳам чиқасан.
Лола ўйланиб қолди. Нима қилиш керак? Нима қилса, тўй тўхтайди? Ота-онасига айтгани билан фойдасиз. Отаси бир сўзли одам, бўлади деган ишини бўлдирмай қўймайди. Ростдан ҳам қочиб кетсам-чи? Қаёққа ҳам борардим? Ҳа, топдим, сабоқдош ўртоқларимнинг биронтасиникига бораман.
Ҳамма кетиб, тўйхона жимжит бўлиб қолди. Барча қариндошларнинг битта уйда ўтирганларидан фойдаланган Лола сумкасига зарур нарсаларини солди. Сўнг бир парча қоғозга тўйдан норози эканлигини ёзиб, сеплари турган сандиққа солиб қўйди. У онасига бир дугонаси билан никоҳ кўйлаги олиб келмоқчилигини айтиб, кўчага чиқди. Онаси бечора қизининг ниятидан бехабар, рухсат берди. Лола ишнинг бунчалар осон кўчишини ўйламаганди. Севинди. Тўғри қизлар ётоқхонасига йўл олди.
Ўша кундан бошлаб бутун қишлоқ аҳли оёққа турди. Уни роса қидиришди. Тўй тўхтатилди. Бир ҳафта деганда уни топиб, отасининг олдига олиб келишди. Лола қўрқувдан дағ-дағ титрарди. Онаси тинмай кўз ёши тўкди. Отасининг ниҳоятда қаҳри келди. У юзини ерга қаратган, ор-номусини ер билан битта қилган қизини ҳозир ўлдиришга ҳам тайёр эди. Аллоҳ инсоф бердими, ҳартугул ота қизига қўл теккизмади. Қиблага қараб туриб: — Сени оқ қилдим. Менинг бундай фарзандим йўқ. Ўша ўзинг хоҳлаб текканингдан меҳр кўрмагин! — деди. Абдукарим ака костюмини елкасига ташлаб чиқиб кетганича, қайтиб келмади. Уларнинг ҳовлисига биронта совчи қадам изи қилмай қўйди.
Лола ўқишини тугатиб, ишга жойлашди. У ерда у бир йигит билан танишди. Комил — Лола орзу қилгандай, ўқимишли, топармон-тутармон одам эди. У билан тақдирини боғлади. Аввалига яхши яшашди. Икки фарзанд кўришди. Кейин Комилни нима жин урди, наша чекадиган, бегона аёллар билан кўнгилхушлик қиладиган бўлиб қолди. Бундан сиқилган Лола дардга чалинди-ю, ётиб қолди. У бир оғиз ширин сўзга, парваришга муҳтож эди. Эри бўлса аёлларни бемалол уйгача етаклаб келишни одат қилди. Лола бир ёқда хасталикдан, бир ёқда эса эрининг бемаъни қилиқларидан озор чекаркан, ота-онасини зор қақшатганлиги учун шундай жазоланаётганидан титраб йиғларди.
У назар-писанд қилмаган Ҳалимжон ҳозир фермер. Қатор-қатор уйлар солаётган, қўша-қўша тўйлар қилаётган, қишлоқ болаларига янги стадион қуриб бераётган ҳам — ўша Ҳалимжон... Тўлган Ой
|