Залолат ичра эди дунё… Жаҳолат аро қолган эди курраи замин... Бутун коинот қутлуғ ташриф-ла шарафланиш орзусида ёнарди.. Ва бир кеча муборак таваллуд ила дунё шарафга тўлди. Сиз келдингиз, ё Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам! Нафис ифорларингиз ила чўл бағри жаннат боғчаларига, олам хушбўй гулзорга айланди. Сизни танлаган Раббим энг буюк вазифани юклаганди Сизга. Шундай яшадингизки, жонингизга қасд этмоқ истаганлар ҳузурингиздан жон топиб ортларига қайтдилар. Муборак вужудингизга тош отганлар ҳалок бўлмоғи муқаррар бир пайтда қўлларингизни очдингиз ва дуойи хайр қилдингиз ғофиллар ҳаққига... Зеро, Сиз раҳмат Пайғамбари эдингиз. Ҳар қадамда Сизни ҳақоратлашни ўзига бурч билган Абу Жаҳлни тийиб қўйиш ўрнига дуо қилардингиз: "Аллоҳим, Исломни икки Умардан бири ила қувватлантир”. Ва бу дуолар Умар ибн Хаттобнинг ҳидоятга йўналтирилишлари билан ўз ижобатини топди... Сиз бор эдингиз, дунё қандай бахтиёр эди. Тоғу тошлар, дарёлару денгизлар, дарахтлар, ўсимликлар, қушлар... ҳамма-ҳаммаси саодатманд эди. Ёнингизда сизни ота-онаси, аҳли оиласи, ўзи-ю нафсидан ортиқ севган асҳобингиз – ҳазрати Абу Бакр, ҳазрати Умар, ҳазрати Усмон, ҳазрати Али, Ҳузайфалар, Билоллар... Энг саодатли асрни, энг бахтли йилларини яшади дунё... Ва бир куни кетдингиз... Кўзларимизни очганимизда Сиз йўқ эдингиз, йўқ эди саодатга тўлган йиллар, кунлар, лаҳзалар... Фақат ёди, соғинчи бор эди у толели онларнинг. Шукрки, муждалар бор эди бизга етиб келган, дардларимизга дармон "биродарларимга салом бўлсин” деган сўзларингиз. Йўқса, бу ҳасратларга қандай бардош берардик?! Бироқ... Уятлимиз... Сизга биродар бўлмоққа муносиб яшай олганимизча йўқ. Дунё ташвишлари аро нафсимиз билан курашлар ичрамиз. Уҳуд жангида Сизни ўлди деб ўйлаб, тушкунлик ичра қолганларга қарата: "Аллоҳнинг Расули ўлдирилган бўлса, сиз нима қилиб ўтирибсиз? Туринг ва у зот саллаллоҳу алайҳи васаллам ортидан боринг”, дея ҳайқирган ҳазрати Анасдаги каби жасорат ила дунё ташвишларига ўралашиб қолган нафсимизга: "Ғафлатдан уйғон, Аллоҳни сев, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан оғишма”, дея олсайдик... Умрнинг синовли йўлларида адашиб, улоққан пайтларимиз қанча. Гуноҳлар залвори билан елкаларимиздан босиб ерга киргизгудек. Бироқ... шу тугамасдек кўринган қайғулар аро бир нур бор – у Сизнинг ёдингиз, ё Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам. Асри Саодат соғинчидан юракларимиз кўксимиздаги қафасни парчалагудек бўлган онларда тўкилган кўзёшлар фақат юзларимизнимас, кўнгилдаги жами ғуборларни ювиб кетади. "Учрашув жойимиз Ҳавзи Кавсар ёқасидир”. Аллоҳни ягона билган, Сизни яратилмишлар ичра энг улуғи дея таниб, муҳаббат қўйган инсонки бор, бу ваъдадан умидвор. Сифатларингиз саналганда айтилмишки, шафоатингиз катта ва кичик гуноҳ қилганларга баробардир. Биз-да шафоатингиздан умидвормиз, ё Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам... Аллоҳдан Сизнинг муҳаббатингизни тилаймиз. Чунки биламизки, ҳар нарсанинг боши муҳаббатдир. Сиз севган ва Сизни севганларнинг барчасини севамиз. Қандай севмайликки, яшамоқни сиз ила ўргатди Аллоҳ, қуллик қандай бўлмоғи лозимлигини Сизнинг воситангизда англаб етдик. Сиз таваллуд топган шу муборак кунларда ҳар дамгидан ҳам кўпроқ соғинч, ишқ, изтироб тўлган кўнгилларимиздан мингларча салоту салом йўллаймиз. Ва Аллоҳдан сўраймиз: Ул нурли юзга боқишга муносиб тоза юз бер, висолга лойиқ ишқ бер, Аллоҳим! Жанобимиз саллаллоҳу алайҳи васаллам билан абадий оламда абадиян бирга бўлмоқ учун у зот саллаллоҳу алайҳи васалламни муносиб сева олмоқ бахтини насиб эт! Раҳмат ва шафоат эшикларидан ноумид қайтишдек мусибатдан асра бизни!
Зумрад Фозилжон қизи
|