Лекин ана шу одамларнинг нафсидаги экилган дарахтларнинг томирини кўрсангиз, унинг уруғини дадаси эккан бўлиб чиқади. Ёшлигида олган тарбиясининг меваси бўлади. Куфр, иймон, солиҳ, фасод – булар ҳаммаси ўз уруғини бола бир ёшдан ўн ёшгача бўлган даврда унинг ақл деб аталмиш заминига ташлайди. Боланинг қалби аслида оппоқ бир қоғозга ўхшайди. Нима нарса нақшланган, чизилган бўлса, ўша қоғозда шундоққина қолиб кетаверади. Ундаги нақшларни чизадиган зот ота билан онадир. Ёинки ота билан онанинг бепарволиги туфайли кўчадаги бошқа одамлар чизиб қўяди.
Ота ўз фарзандини иймонли бўлиб улғайтириш учун нима қилиши керак? Мен биламан дейдиган одамлар ўзини овутиш учун қўлига маза қилиб газета, журнал олади, бекорчи вақтини шунга сарфлайди. Менинг насиҳатомуз гапларимни улар ўзига қаттиқ олади, гапларимни эшитгиси ҳам келмайди. Бундай одамларга кўпроқ қайсидир артистнинг қанақа қилиб кийинишлиги, қанақа қилиб бўянишлиги тўғрисидаги маълумотлар керак. Улар гўё яхши одамлар ёмонликнинг олдидан ўтаётганларида кўзларини юмиб, ўзларини кўрмаганликка олиб бепарволик билан ўтганидек болани яхши, иймон-эътиқодли қилиб тарбиялаш тўғрисидаги гапларга эътиборсиз бўладилар.
Аммо фойда, манфаатни хоҳлаган одамлар ҳар бир яхши гапни ўзининг йўқотиб қўйилган нарсаси деб билади. Яхши гап, ҳикматли гап мўминнинг йўқотиб қўйган нарсаси ҳисобланади. Қаердан топса ҳам, ким гапирса ҳам олаверади. Ҳикматли гапларни ўзининг йўқотган нарсаси деб биладиганлар, қаердан топсам ҳам олишга ҳаққим бор деб ўйлаганлар бу гапларнинг мағзидан ўзларига катта бир ҳикматли, фойдали, манфаатли нарса топадилар.
Гоҳида шу нарсаларни олиш билан болаларимизнинг иймонини бут сақлаб қоламиз, ўзимизни эса дўзах ўтидан сақлаб қолган бўламиз. Мен бу гапларни бирорта китобдан насиҳат сифатида ўқиганим йўқ, – дейди Ҳазрати Али Тонтови. – Мен буни бировдан эшитиб нақл қилиб гапираётганим ҳам йўқ. Лекин бу ўз қизларимни тарбиялашдаги тажрибаларимнинг натижалари, шунингдек уларнинг фарзандларини – набираларимни тарбиялашда эришган натижаларим.
Тажрибаларим шуки, бола уч ёшга кирган вақтида, гапни секин-аста тушунишни бошлаган вақтида ҳамма нарса Аллоҳдан эканлигини билсин. Ҳамма нарса Аллоҳдан деган тушунча унда пайдо бўлсин. Буни амалий тарзда бажариш учун менинг қиладиган ишларим шунда иборат эдики, боламнинг олдига бирон бир ширинлик кўтариб келиб, бу нарсалар қаердан келди, билдингми деб сўрар эдим. Уч ёшга кирган болам йўқ, билмадим деса, буни Аллоҳ берди дердим. Майли, бу гапларни у тушунмаса ҳам гапиргин. Аллоҳ ким эканлигини у тушунмайди, лекин бу ҳақиқатнинг унинг қулоғига кириши, кўп эшитишини хоҳлаган эдим. Эртасига ҳам бирон бир нарса олиб келсанг, индамасдан, лоқайдлик билан бермагин: болам, буни ҳам Аллоҳ бериб юборди деб бергин. Шу зайл секин-секин боланинг фикрида ҳамма нарса Аллоҳдан экан деган тушунча пайдо бўлиб ўрнашади.
Унга ҳамма нарса Аллоҳнинг қўлида, сен яхши кўрган ширинлик ҳам, ўйинчоқ ҳам Аллоҳда бор деб тушунтиргин. Биз кўриб турган ҳамма нарса – ой ҳам, қуёш ҳам, ер ҳам худоники дегин унга. Шуларни даражама даража, ҳеч қандай фалсафасиз тушунтиргин, содда қилиб гапиргин. Мана бу оятга ёки мана бу ҳадисга мувофиқ деб гапирмагин. Боланинг ёшига монанд тушунтиргин.
Болага дуо қилишни ҳам ўргатгин. Масалан, сендан у қанд сўради дейлик. Болам, Аллоҳдан сўрагин, ундан: «Эй, Аллоҳ, менга қанд бергин», – деб сўрашни ўргат. Бу гапларни ўзимнинг тажрибамдан айтяпман. Эй болам, овозингни чиқармасдан айтсанг ҳам Аллоҳ таоло эшитади, секин сўрайвергин дегин. Шу нарсани тушунтиргинки, Аллоҳ таоло сен айтиб турган ҳамма гапларни тинглайди, у бизни доим кўриб туради. Қаерда бўлсак ҳам, эшикни беркитиб қўйсак ҳам, чироқни ўчириб қўйсак ҳам, болам, у бизни кўриб тураверади дегин. Аллоҳдан сўраган нарсанг қўлингга келиб тушганидан кейин худога шукрона ҳам айтиб қўйгин, болам, қачон сен шукур қилсанг, сенга ҳар доим сўраб турган нарсангни беради, индамасанг бошқа бермайди деган тушунчани болага сингдириш керак.
Алҳамдулиллоҳ дейишни ўргансин. Бола каттароқ бўлиб 5-6 ёшга кирганда Аллоҳдан бирон нарса сўраб дуо қилди, аммо дуо қилиб сўраган нарсаси қўлига келиб тушмади дейлик. Унга айтгинки, Аллоҳ таоло сен сўраган нарсани бермади, сен қилган биронта ишинг Аллоҳга ёқмаган бўлса керак, бирон бир гуноҳ қилибсан шекилли дегин. Масалан, сен кеча онангга ёлғон гапириб турганингни эшитган эдим, шунинг учун сенга бермади шекилли дегин. Акангга қаттиқ гапирганингни эшитувдим, укангни урганингни кўрувдим, ёинки сен кеча онангнинг айтганини қилмаган эдинг шу сабабли сўраган нарсангни бермади. Кимки гуноҳ қиладиган бўлса, парвардигор ундан рози бўлмайди, рози бўлмаганидан кейин сўраган нарсасини бермайди деган тушунчани боланинг ақлига яраша тарзда тушунтиргин.
Болага худойи таоло солиҳ бўлинглар деган, намоз ўқинглар, ёлғон гапирманглар, осийлик қилманглар деган. Тушунтиргинки, агар биз буларга амал қиладиган бўлсак, яхшиликларимизни худо кўпайтиради, бизни жаннатга киргизади. Агар бу ишларни қилмайдиган бўлсак, худо бизни жаҳаннамнинг ўтида куйдиради деган гапларни такрор ва такрор болангга уқтиргин.
Болангга яна шуларни ҳам тушунтиргинки, жаннат деган бир беназир бўстон бор. Унда ҳамма гўзаллик мужассам, мевали дарахтлари, чиройли қушлари бор. Унда ширин таомлар, ичимликлар бор. Нимаики сўрасанг, ҳаммаси олдингда ҳозир бўлиб қолаверади дегин. Жаннатда совуқ бўлмайди. Меҳнат бўлмайди. Қўрқув бўлмайди. У ерда ҳеч кимдан қўрқмайсан дегин. Жаҳаннамда эса, ёниб турган ўтлар бор. Ери ҳам, томи ҳам, деворлари ҳам ўтдан унинг. Унга кирган ҳар бир одам шиддатли алам билан ёнади, доим ўтда куяди. Чанқаса, ичгани сув тополмайди, илло бир ифлос сув топади, аммо ундан, топган суви қайнаб турганлиги учун ичолмайди деган гапларни ҳам унга тушунтиргин.
Шунақа мисолларни ҳар доим, нима муносабат бўлса ҳам гапиравераман дейди Ҳазрати Али Тонтови. Масалан, болам бирон нарса сўраб қолди, гапнинг охирини Аллоҳга тақаб қўявераман. бирон бир баҳона топилиб қолса бўлди, динга тақаб қўявераман, дейдилар у киши сўзларини давом эттириб. Катта бўлиб, мактабга борадиган бўлганда боламга оятларнинг маъноларини айтишни бошлайман.
Гўзал ахлоқларнинг ҳаммасини, Аллоҳнинг зикрини олдига қўшиб туриб таъриф эт ва таълим бергин. Унга ёлғон гапирмагин, чунки Аллоҳ ёлғонни ёмон кўради дегин. Ҳар кимки ёлғон гапирадиган бўлса, Аллоҳ уни дўзах билан азоблайди дегин. Ўғирлик қилмагин, чунки Аллоҳ таоло бизни ўғирликдан қайтарган деб уқтиришдан эринма. Онангга ғазаб қилмагин, чунки онасига ғазаб қилганга Аллоҳ ғазаб қилади деган гапларни гапиравергин.
Агар боланг бир гуноҳ иш қилиб қўйгудек бўлса, унга уриш билан таҳдид қилмагин, ураман деган гап билан қўрқитмагин. Шу иш сабаб ўзингга етган жабр уқубат, азоб ҳақида унга оғиз очмагин. Лекин сен уни худонинг иқобидан, худонинг азобидан қўрқитгин. Айтгинки, агар сен менга ёлғон гапирадиган бўлсанг, мен сенинг оғзингдан чиққан ёлғоннинг ҳақиқатини билмайман. Сен ёлғон гапириб турганингда худойи таоло ҳақиқатиниям билади, ёлғонингга яраша жазоингни ҳам беради дегин. Гуноҳ иш қилганингда ҳам шу. Ана шу тахлит у яхши ишни қилишни ҳам, ёмон ишни тарк этишни ҳам ўрганади.
Болаларни тарбия қилишдаги енгилгина, саҳиҳ йўл мана шу. Агар сен, эй болам, ўғирлик қилмагин, агар ўғирлик қилсанг қамаб қўйишади ёки ўзим қамаб қўяман десанг, у ўғирликдан тийилади, унда қамалишдан қўрқиш бўлса, ўзига ўзи бу номаълум ишни тақиқ қилади. Борди-ю одамлар мени кўрмаяпти деб ўйласа ёки мени қамаб қўядилар деб қўрқмайдиган бўлса, ўғирликни қилаверади. Сен унга авратингни очмагин, уни одамлар кўрадиган бўлса, айб бўлади десанг, бекитиб юради. Одамлар кўрмайдиган бўлса, яна очишга ўтади. Одамлар фасодга учраса, иштонсиз юриш уларнинг урфига кириб кетса, уларнинг наздида бу юриш айбга айланмайдиган бўлса, боланг иштонсиз юришга орланмайдиган бўлиб қолади.
Аммо ёмонликдан фақатгина Аллоҳдан қўрққанлиги учун тийиладиган бўлса, одамларнинг урфи ўзгариб кетса ҳам у бу ишни қилмайди. Чунки у ҳамма қилаётган ишидан Аллоҳ таоло хабардорлигини билади. Қайси ахлоқ, қайси хулқ дин асосига бино қилинмаган бўлса, пойдевори динга асосланмаган бўлса, Аллоҳ кўриб турибди-ку деган тушунчага эга бўлмаса, жаннатдаги савобдан ҳам ортиқ бино қўйиладиган бўлса, дўзахдаги Аллоҳнинг азобидан қўрқишлик устига барпо қилинмаган бўлса, буларнинг ҳаммаси қумга қурилган бинога ўхшайди. Заиф бир иморатга ўхшаб қолади.
Сен болангга тоат-ибодатларни ёшлигидан ўргатгин. Намоз ўқийдиган бўлсанг, ёнингда турсин. Сен қилаётган ишни бирга қилсин. Сен билан бирга туриб, бирга ўтирсин, лекин сен унга тазйиқ ўтқазмагин. Совуққа олиб чиқиб, муздек сувда таҳорат қилдирмагин. Балки уни рағбатлантиргин. Аллоҳу акбар дейишни ўргатгин. Фотиҳани ўргатган бўлсанг, энди унга мукаммал намозни ҳам ўргатгин. Агар ёш бўла туриб намоз ўқишни мукаммал ўрганиб олган бўлса, сен уни жамоатнинг олдига олиб чиқишдан эринмагин. Жамоат билан бирга намоз ўқишни ўргансин. Намозни тугатганидан кейин унга зикрларни ҳам ўргатгин. Зикрларни у тушунадиган қилиб шарҳлаб бергин.
Агар фарзандинг қиз бола бўлса унга ёшлигидан шарманда кийимлар кийишликни, сонлари очиқ ҳолда бировларнинг олдига чиқишликни ман қилгин. Мен бу гапни ёш қизчанинг ҳам аврати борлиги учун айтмаяпман. Мусулмонча либосга уни ёшлидан одатлантиришни хоҳлайман, холос. Енги узун кийимларни кийдиргин, бошига рўмол ўрашга одатлантиргин ва тушунтиргинки, болам, бу нарса сенга зарур, лекин бунга одатланганинг маъқул. Сенга ҳали ўраниб юриш вожиб бўлмаган десанг ҳам майли. У балоғат ёшига бориб қолганда, ёпиниб юришликка одатланиб қолади, бундай юриш унинг учун баайни фарз бўлиб қолади. Энди уни ҳаргиз тарк этолмайди. Сенга лозим ва лобитлик иш шуки, қизинг бошига рўмол ўраб турган вақтида уни зарур эканлигига иймон келтирган ҳолда ўрасин, худонинг уқубатидан хавф қилиб ўрасин, шу ишни қилмасам худо азоблар экан деган тушунча билан ўрасин. Сендан қўрққанлиги учун ўрамасин асло.
Ҳижоб ўраган аёлларнинг жуда кўпидан биз мушоҳада қиламиз. Айримлари ҳижобни отасидан қўрққанидан ўрайдилар. Вақтики, бундайлар отасидан узоқроқ жойда бўлсалар, очмаган жойлари қолмайди. Оталарнинг мусибати шуки, ҳар қанча катта бўлиб қолган бўлса ҳам қизларини улар ҳали ҳам ёш деб ўйлайдилар.
Агар қизлари 13 ёки 14 га кириб қолган бўлса-да, ўйлайдиларки, қизимга мен қандай назар билан қарасам, кўчадагилар ҳам шундай назар билан қарайди – ҳа, улар адашадилар. Кўп оталарни кўрамиз – рўза тутади, намоз ўқийди, масжиддан ажрамайди, лекин катта-катта қизлари бор: сонлари, бўйинлари очиқ юраверади кўчада. Йўлда жуда кўп кампирларни кўраман, бўй-басти билан тенг қизлари очиқ-сочиқ кетаверади олдиларида. Ваҳоланки, кампир билан қизни солиштирганингизда кампир очиқ юрса-ю, қиз ёпиниб олганда, зарари камроқ, гуноҳи кичикроқ бўлар эди.
Қўлингдан келганча болангни радио ва телевизордан йироқроқ тутгин. Агар боланг телевизор орқали худога ёқмайдиган, худо рози бўлмайдиган кўрсатув ёки кинони кўрган бўлса, бу ишни қилаётган кишилардан худо рози бўлмаслигини, улар дўзах азобида куйишларини сен тушунтиргин унга.
Айтилган гаплардан зарур хулоса шуки, ҳар куни болаларимиз учун алоҳида бир мажлис ташкил қилиб ўтиришимиз керак. Уларга китоб ўқиб берайлик, улар билан бирга китоб ўқийлик, ҳалол билан ҳаромни тушунтирайлик, исломнинг қоидаларини уларга баён қилайлик, динимиз арконларини, яъни исломда нима буюрилган-у, нимадан қайтарилган – буларни гапиришдан биз ҳаргиз эринмайлик.
Сен ҳам ўз фарзандларингга Пайғамбаримиз (САВ) сийратларини танитишга ҳаракат қилгин, биродари азиз. Пайғамбаримизнинг (САВ) ахлоқларини, саҳобаларининг ахлоқларини, улар оилада қандай бўлганлар-у, одамлар билан қандай бўлганлар – шарҳлашдан асло зерикмагин. Аллоҳ таоло уларнинг чиройли хулқлари учун дунёнинг зафарларини, саодатни насиб қилганлигини, охиратда эса улар учун нималар – баланд иқболлар тайёрлаб қўйганлигини ҳам айтишдан зерикмгин.
Қўқонлик Ёрқинжон қори тарафидан таржима қилинган.
|