Расулуллоҳ (с.а.в.) Абу Бакр (р.а.) билан ўтирган эдилар. Бир одобсиз киши келиб, Абу Бакр (р.а.)нинг шаънларига ёмон сўзлар айта бошлади. Сарвари Коинот (с.а.в.) бу ҳаёсизликка сукут билан жавоб қайтардилар. Аммо ҳолат ҳаддан ортиқ даражага етди ва Абу Бакр (р.а.) чидолмай бояги кишига ғазаб билан гапирдилар. Шу заҳоти Расулуллоҳ (с.а.в.) ўринларидан туриб, кетиб қолдилар. Абу Бакр (р.а.) ҳам у зотнинг ортларидан эргашдилар ва етиб олгач, сўрадилар: – Ё Расулуллоҳ, бояги кишининг одобсизлигига ҳеч нима демадингиз. Лекин унга жавоб қайтаришим билан кетиб қолдингиз, мендан жаҳлингиз чиқдими? – Ўша ҳаёсиз одам сизга қарши гапиришни бошлаган заҳоти Аллоҳ таоло уни қувиб юбориш учун бир фаришта туширди. Сиз ғазабга миниб, унга жавоб қайтарганингизда фаришта кетиб, ўрнига иблис келди. Иблис бўлган жойда мен турмайман. Шу воқеадан кейин ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) оғизларига тош солиб юрадиган бўлдилар. Қачон бирор нарса гапириш керак бўлса, бир муддат тафаккур қилар, лозим топсаларгина оғизларидан тошни чиқариб, гапирардилар. Кейин яна тошни оғзиларига солиб, тасбеҳ, таҳлил билан машғул бўлардилар... Саодат асри ибратларга лиммо-лим. Фақат биз уларни ўрганиб, амал қилсак; шу қаторда юқоридаги воқеадан ҳам ибрат олсак, фойдасиз сўзлардан тийилиш билан қанчалаб кўнгилларни оғритишдан сақланган, дунё-ю охиратимиз учун яхшиликларни қўлга киритган бўлардик...
|