АЁЛЛАР УЧУН РАМАЗОН НАСИҲАТЛАРИ".
Муслима опа-сингиллар! Бу улуғ ойда вақтларингизни Қиёмат куни сизга ютуқ ва бахт келтирадиган ишларга сарфланг. Жаннатга яқинлаштирадиган ва жаҳаннамдан узоқлаштирадиган ишларда Рамазон кеча ва кундузларини ғанимат билинг. Албатта, бу Аллоҳга итоат қилиб, маъсиятлардан узоқлашиш билан бўлади. Рамазонни хайрли ўтказиш учун қуйидагиларга риоя қилинг:
1. Уйдан фақат зарурат ёки ибодат учун чиқинг.
2. Бозорларда айланиб юрманг. Хусусан Рамазоннинг охирги ўн кунлигида ўзингизни ушланг. Ҳайит учун кийим-кечакларни охирги ўн кунликкача ёки Рамазонгача харид қилиш ҳам мумкин.
3. Беҳуда меҳмондорчиликларни йиғиштиринг. Агар касални кўриш каби сабабли зиёрат бўлса, узоқ ўтириб қолманг.
4. Ёмон давралардан четланинг. У ерлар ғийбат, чақимчилик, ёлғон, бошқаларнинг устидан кулиб, таъна етказиш мажлисларидир.
5. Мусобақаларга, (топишмоқ) бошқотирма ечишга, кино ва сериаллар кўришга вақтингизни кетказманг. Акс ҳолда сиз Рамазондан фойдалана олмайсиз.
6. Бомдодгача бедор бўлишдан четланинг. Чунки бу намозларни зое қилишга ва кун бўйи ухлашга олиб боради.
7. Ёмонлар суҳбатидан қочинг.
8. Кунни ухлаб ўтказманг. Баъзи бировлар бомдоддан кейин уйқуга кетиб, пешиндан кейин уйғонадилар. Бу қанақа рўза бўлди?
9. Бутун вақтингиз турли егуликлар тайёрлаш билан ўтмасин.
10. Вақтни ясан-тусан қилиб, бўяниб-тараниб ойна олдида ўтказманг.
11. Вақтни телефон (ҳозирги кунда мессенжер (таҳр))да гаплашишга сарфламанг. Бу иймони заифларнинг очлик ва чанқоқни енгиш учун тутган йўлларидир. Агар улар Аллоҳнинг Китобини тиловат қилиб, дарс қилганларида, ўзлари учун яхшироқ бўларди.
12. Талашиб-тортишишдан йироқ бўлинг. Чунки бу фақат вақтни зое кетказиш ва ҳаром ишларни қилишга олиб боради. Агар сиз билан кимдир тортишмоқчи бўлса, «Мен рўзадорман»- деб айтинг.
|