Ироқдан бир аёл Умар ибн Абдулазизни излаб келди. Одамлардан Амирур мўмининнинг уйини сўраб-суриштирганида, унга хароба кулбани кўрсатишди. Шу эски уй Амирнинг уйими, дея ажабланди. Сўнг ҳовлига кириб, Халифанинг хотини Фотима бинти Абдулмаликни кўрди. У буғдой янчиб, ун қилаётган эди. Ироқли аёл уни хизматкорлардан бири деб ўйлади. Сўнг: - Амирул мўмининнинг хотини қаерда? деб сўради.- Менман. Нима ишинг бор? - деди Фотима. Аёл ажабланди. Хаёлидан Шу Амирнинг хотиними? Кийимлари эскирган, ямоқлари бор, рўйида ранг йўқ. Бизда қоровулнинг хотини ҳам бундан яхши кийинади, деган ўйлар ўтди. Шу аснода ичкаридан Умар ибн Абдулазизнинг ўзи чиқиб келиб, тупроққа сув қўйди ва лой қилиб қора бошлади. Сўнг деворнинг нураган жойига суваб қўйди. Ироқлик аёл у зотни ҳам хизматчилардан деб гумон қилиб, Фотимага: - Эй синглим, бу лойчи сенга кўп қараяпди, бошингга рўмол ташлаб олсанг бўлар эди, - деди. Фотима унга жавобан айтди: - Бу киши эрим Умар ибн Абдулазиз-ку. Аёл энди ўзини тутолмай йиғлаб юборди. Кўзларидан шашқатор ёш оқди. Бир оздан кейин Умар разияллоҳу анҳу юмушини тугатиб, аёлнинг олдига келди ва нима ҳожати борлигини сўради. - Уйим эскирган, эй Амирул мўминин, - деди аёл, - уни таъмирлашга сиздан ёрдам сўраб келган эдим. Аммо сизнинг уйингиз меникидан хароброқ экан.Шунда у киши айтди: - Эй Аллоҳнинг чўриси, билгилки, бу уйнинг хароблиги уйларингизнинг обод бўлишига сабабдир. Бу уй кошона бўлса, сизларники харобага айланади. Агар мен эски уйда яшасам, бу ҳолни ҳис этиб, уйларингизни яхшилаб қуриб бераман. Эй Аллоҳнинг бандаси, айт яна нима истайсан?
- Менинг ўнта қизим бор. Уларнинг эри ҳам, бола-чақаси ҳам, тайинли нафақаси ҳам йўқ. Уларга байтул молдан озгина мояна беришингизни сўрайман. Умар ибн Абдулазиз қоғоз-қалам олиб, аёлдан: Каттасининг исми нима? деб сўради. Аёл айтгач, Умар разияллоҳу анҳу Фалончига юз динор, деб ёзди. Аёл Аллоҳга ҳамд айтди. Кейин иккинчи қизининг исмини сўради. Аёл айтди ва Умар разияллоҳу анҳу Фалончига юз динор, деб ёзди. Аёл яна Алҳамдулиллаҳ, деди. Шундай ёзиб-ёзиб, ўнинчисига етиб келди. Аёл унинг ҳам исмини айтди. Умар унга ҳам юз динор ёзди. Аёл бу сафар ҳамд айтмасдан, у кишига миннатдорлик билдирди. Шунда Умар разияллоҳу анҳу ўнинчисининг исмини ўчириб ташлади. Аёл ҳайрон бўлиб, сабабини сўраган эди.
Мўъминлар амири: - Қизларингнинг ҳар бирига ҳақ ёзганимда Алҳамдулиллаҳ деб турдинг, мен байтул молдан улуш ажратавердим. Аммо ўнинчисига ҳақ ёзганимда, менга раҳмат айтдинг. Менда мол бўлмаса, юз динорни қаердан олиб бераман? Бир кунлик маошим динорнинг тўртдан учига тенг, шуни беришим мумкин. Опаларига ҳам айт, берилган моллардан сингилларига улуш ажратишсин, - дея раҳмат деган сўзга рози бўлмаслигини билдирди.
Ироқлик аёл у зотнинг ҳузуридан хурсанд чиқди.
|