Биродарига араз қилиб, уч кундан ортиқ гаплашмай қўйган одам ҳақида
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир-бирингизга нафрат қилмангиз, бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, бир-бирингиздан юз бурмангиз, ўзаро биродар бўлинг эй Аллоҳнинг бандалари! Мусулмон киши биродари билан уч кундан ортиқ гаплашмай қўйиши дуруст эмас!» (Муттафақун алайҳ).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон мусулмонга уч кундан ортиқ гина-араз қилиши жоиз эмас, учрашганида уч марта салом берсин, ҳаммасида алик олмаса, гуноҳи унинг бўйнига бўлади» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4105).
Ҳишом ибн Омир ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон мусулмон билан уч кундан ортиқ аразлашиши дуруст эмас. Аразларида давом этишаркан, ҳақдан бурилган ҳолда қолишади. Аразидан биринчи бўлиб тушганига араздан эрта тушганлиги каффорат бўлади. Агар шу аразлашувлари билан ўлиб кетишса иккаласи ҳам асло жаннатга кира олишмайди. Агар (бири бошқасига) салом берса-ю, униси саломни қабул қилишдан бош тортса, (салом берганга) фаришта жавоб қайтаради, унисига эса шайтон жавоб қайтаради» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 311).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис борки: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон киши биродарига уч кеча-кундуздан ортиқ гина қилиши ҳалол бўлмайди, кимки уч кундан ортиқ гина қилган ҳолида ўлиб кетса дўзахга киради» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4106).
Абу Хирош ас-Суламий розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганини эшитдим: «Кимки биродарини бир йил гаплашмай тарк қилса, худди унинг қонини тўккан каби бўлади» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 313, Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4105).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар икки киши Исломга киргач, бир-бири билан аразлашиб гаплашмай қўйишса, улардан бири – яъни зулм қилгани – то қайтиб гаплашмагунича Исломдан чиққан бўлади» (Баззор ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3294).
Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон кишига ўз биродарини уч кечадан ортиқ гаплашмай ташлаб қўйиши, учрашсалар униси у ёққа юз ўгириб, буниси бу ёққа юз ўгириши ҳалол бўлмайди. Уларнинг энг яхшиси саломни аввал берганидир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннат эшиклари ҳар пайшанба ва душанба кунлари очиб қўйилади ва Аллоҳга ширк келтирмаган ҳар бир кишининг гуноҳлари шу икки кунда кечирилади. Фақат биродари билан ўрталарида адоват бўлган кишини қолдирилиб: «Бу иккаласини то ярашиб олмагунларича қўйиб туринглар», дейилади» (Муслим, Термизий, Абу Довуд ривоятлари, Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4108).
Абу Довуд деди: агар алоқани узиш Аллоҳ таоло учун бўлса, бунинг зарари йўқ, Умар ибн Абдулазиз бир кишидан юзини тўсиб олган[3].
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уч киши бўлсаларингиз, то бошқа одамларга аралашиб кетмагунингизча икки киши бир кишини ажратиб қўйиб, бир-бири билан шивирлашиб гаплашмасинки, бу унинг кўнглини оғритади» (Муттафақун алайҳ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бирингиз бир биродари билан кўришганда унга салом берсин. Агар ўрталарини бирор дарахт ё девор ё харсанг тўсиб қолиб, сўнг рўпара келсалар, яна салом берсин» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4332).
[3] Шу ўринда огоҳлантириб қўйиш лозимки, гоҳида шаръий зарурат туфайли бидъат ва залолат аҳлларидан алоқани узиш лозим бўлиб қолади. Бу эса уларни залолатларидан қайтарадиган ва шаръий наф хосил бўлгудек миқдорда қилинади. Бу қабилдаги алоқани узиш юқорида зикри ўтган ҳадисларга кирмайди. Шунингдек бу ҳадислар шаръий жиҳатдан алоқани узиш керак бўлган кишилардан алоқани узмасликка сабаб ҳам бўлмаслиги керак.
|