Инсондаги дангасаликни қандай кетказиш мумкин? Доим қолдирмасдан намоз ўқиш, илм олишга иштиёқ ва ғайратни уйғотиш ҳамда уни сўндирмаслик учун нималар қилиш лозим? Бунинг учун қандай дуо ёки чораларни тавсия қилган бўлар эдингиз?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Дангасаликни кетказиш учун аввало Аллоҳ таолога тақво қилиш, У Зот ҳар бир нарсани кўриб, билиб, ҳисоб-китоб қилиб турганини ҳис этишга одатланиш керак. Аллоҳ таоло инсонни бекорга яратмаганини, Ўзига ибодат қилиш учун яратганини, ҳали охиратда дину дунё ишларидан сўрашини, бу нарса инсонга улкан масъулият юклашини доимо ёдда тутиш лозим. Масжидларга жамоат намозларига қатнаш, илмли, тақволи, ғайратли кишилар билан ҳамсуҳбат бўлиш ҳам кишининг яхшиликда, ибодатларда ғайратли ва шавқу завқли бўлишини таъминлайди. Шу билан бирга, Аллоҳ таолодан ёрдам, куч-қувват сўраш, дангасалик, лоқайдлик каби иллатлардан паноҳ беришини сўраб дуою илтижода бўлиш керак.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набиййуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон кечқурун бўлса, «Амсайнаа ва амсал мулку лиллааҳи, вал ҳамду лиллааҳи, лаа илааҳа илаллооҳу, ваҳдаҳуу лаа шариика лаҳуу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр. Робби асъалука хойра маа фий ҳаазиҳил лайлати ва хойра маа баъдаҳаа ва аъуузу бика мин шарри маа фии ҳазиҳил лайлати ва шарри маа баъдаҳаа. Роббии аъуузу бика минал касали ва сууъил кибар. Роббии аъуузу бика мин азаабин финнаари ва азаабин фил қобр», дер эдилар. Қачон субҳ бўлганида «Асбаҳнаа ва асбаҳал мулку лиллааҳи», деб худди шуни айтар эдилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Дуонинг маъноси: «Кечга кирдик ва мулк ҳам Аллоҳники бўлиб кечга кирди. Ҳамд Аллоҳга бўлсин! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У ёлғиздир. Унинг шерига йўқ. Мулк Уники ва ҳамд ҳам Уники. Ва У ҳар бир нарсага қодирдир. Роббим, Сендан ушбу тундаги нарсаларнинг яхшилигини ва ундан кейинги нарсаларнинг яхшилигини сўрайман. Сендан ушбу тундаги нарсаларнинг ёмонлигидан ва ундан кейинги нарсаларнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман. Роббим, Сендан дангасаликдан ва ёмон кексаликдан паноҳ сўрайман. Роббим, Сендан дўзахдаги азобдан ва қабрдаги азобдан паноҳ сўрайман». Тонг отганда эса, дуонинг кириш қисмини ўзгартириб, «Тонгга кирдик ва мулк ҳам Аллоҳники бўлиб тонгга кирди», дея охиригача ўқилади. Ушбу ривоятда келган дуони яхшилаб ёд олиб, эрталаб ва кечқурун бўлганида, аниқроғи, Бомдод ва Шом намозларидан кейин доимий равишда ўқиб юришга одатланиш лозим. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим! Fамдан, маҳзунликдан, ожизликдан, дангасаликдан, қўрқоқликдан, бахилликдан, қарзга ботишдан ва одамларнинг ғолиб келишидан Сендан паноҳ сўрайман», дер эдилар». Бешовлари ривоят қилишган. Валлоҳу аълам.
|