Фарзандларнинг тарбияси.
Мен мана шу камтаргина насиҳатларимни оталар ва оналарга ҳавола қиламан. Бу аслида маълум ва машҳур нарса. Бу гапларни айтар эканман, бу билан Архимеднинг янги қонунини кашф қилдим деб даъво қилмайман. Кимлар буни эсидан чиқарган бўлса, эслатиб қўяман, эсида бўлганларни эса унга амал қилишга даъват қиламан, холос.
Биринчидан, фарзанди учун отаси билан онаси амалий намуна бўлиши керак, яъни уларнинг ўзи ўз фарзандига ўрнак бўлиши керак. Отанинг ўзи астойдил намоз ўқимаса, фарзандига астойдил намоз ўқигин дея олмайди. Фарзанди онаси бир кунда йигирма марта ёлғон гапирганини кўриб тургач, онанинг фарзандига ёлғон гапирмагин дейишидан нима наф? Айтайлик, она синглимникига бориб келдим дейди, ваҳоланки боласи онасининг бозорга бориб келганидан хабардор.
Боласининг кўз ўнгида дўкондан икки сўмга олган нарсасини беш сўмга олдим деб отасидан пулини ундириб турган бўлса-чи?! Отаси фарзандининг олдида ёшлигимда фаришда бўлганман деб даъво қилмасин, хулқим шунақанги чиройли бўлганки, хулқим гўзалликда, қомат зеболигида, ўқиган мактабимда, дарсларни ёдлашда, имтиҳонларда биринчиликни олишда ягона бўлганман демасин. Чунки фарзанд отаси болалигида ғирт шайтон бўлганлигини бувисидан ёки аммасидан эшитиб бўлган. Мактабда дангасаликда унинг олдига тушадигани бўлмаганлигини ҳам, ўн йилда аранг еттинчи синфни тамомлаганини ҳам эшитган.
Воиз – гапиргувчи одам айтиб турган гапига кафил бўлса, феъллари эса унинг айтиб турган гапларини тасдиқлаб турган бўлса, хўп-хўп. Вақтики, унинг насиҳати фақатгина оғиздан чиқадиган гап бўлса, фақатгина бошлиқ бўлиб қолганлиги учун расмий тарзда гапираётган бўлса, у бировга ҳеч ҳам фойда қилмайди, манфаат ҳам бермайди – хоҳ у насиҳат ота тарафидан бўлсин, хоҳ она тарафидан бўлсин ёинки мактабдаги мударрис тарафидан бўлсин ёки минбарда турган хатибники бўлсин!
Ҳазрати Али Тонтови айтадиларки, болани тарбия қилишдаги биринчи шарт уни саҳиҳ тарбия қилишда ота билан она аввал ўзини ислоҳ қилсин-у, ундан кейин фарзандларини ислоҳ қилсин, яъни аввал ўзларини тузатиб олсин.
Болани тарбия қилишдаги иккинчи шарт шуки, бола билан ота-она жуда кўп гаплашсин, яъни болани ўзидан ажратиб қўйишмасин. Ота ишга барвақт, эрта тонгда кетса, тонгда бола ухлаётган бўлса, ота пешинда овқатлангани келганда бола мактабда бўлса, ота кечқурун чойхонага, ўтириш-зиёфатларга кетса, қайтиб келганда бола яна ухлаб ётган бўлса, айтингчи, бу алфозда фарзанд отасини қачон кўради? Ота фарзандининг тарбияси билан қачон машғул бўлади? Ёки она, у ҳам боласини тарбиячиларга бериб, қўни-қўшниникида қолдириб, бошқа жойларга кетаверса, ишга ёки бозорга борса ёинки ҳали у, ҳали бу дугонасиникига юриш топса, бу бола қаерда тарбия олади? Ахир у ота-онанинг меҳридан, хайрихоҳлигидан маҳрум бўлиб қолмоқда-ку! Жоҳил, худони танимайдиган ходималар қўлида қолиб кетаётир-ку. Улар боғча опа ёки ходималарнинг аъмолларига рўпара бўлиб, истаса-истамаса, уларнинг жоҳиллик, худо бехабарлик меваларидан баҳраманд бўлади. Хулқи хунуклашиб, ёмонлик устига ёмонлик зиёда бўлади.
Ота билан она фарзандининг кўчада тенгқур болалар билан ўйнашига бепарво бўлмаслиги ва ҳамиша ҳам бунга изн беравермаслиги керак. Бола биринчи дарсни, илк сабоқни кўчадан олади. Ўтган-кетган одамлардан гапиришга ор қилинадиган, хунук гапларни эшитади. Ўткинчиларга азият беради. Машиналар ҳалокатга учраган жойларда уймалашиб қолади. Ногаҳон бегона бир тош учиб келиб унинг бошини ёради. Хуллас ўзининг ошиёнига жасадидаям, руҳидаям фақатгина зарар билан қайтиб келади.
Энди ёмон онанинг қўлида катта бўлган бола қаерда-ю, уйда ўтирган, ўз кўксини тутиб уни ўзи эмизган, ўз қўли билан унга хизмат қилган, кечалари билан бедор бўлиб унга тарбия берган яхши онанинг фарзанди қаерда? Қайси хотин уйини таниса, уйим-жойим деса, эрини таниса, унинг иззат-ҳурматини жойига қўйса, боласининг тарбиясини бошқа нарсалардан устун қўйса, турмуши осойишта кечади.
Ота билан фарзанднинг муомаласи шундай бўлиши керакки, эрталаб бамдодга турган отанинг биринчи вазифаси ўзи уйғонганидан кейин фарзандини уйғотсин, яъни унга юзлансин. Ишидан қайтиб келганидан кейин ҳам у билан бирга бўлсин. Унинг сайрини, юриш-туришини, сулҳини, музокарасини, мурожаатини, гапираётган сўзларини, гапларининг оҳангини муроқабат қилиб кузатсин, унинг хулқини тузатсин, дарс қилиши, таълимига эътибор берсин, агар ота ташқарига айлангани чиқадиган бўлса уни ҳам ўзи билан олиб чиқсин. Йўл-йўлакай насиҳатини қилиб борсин. Ана шундай қилинганда сиз ўтирган, яшаб турган уйингиз дорил омон бўлади. Муҳаббат билан якдиллик уйига айланади. Унда бир бутунликлар-у, иттифоқлар жамулжам бўлади. Бундай гўшада ҳамма одамлар аввало ўзидан, қолаверса бошқалардан рози бўлади, худойи таоло ҳам рози бўлади.
Яна иккинчи шарт шундан иборатки, ота ўз тижоратини, ўзининг ўйин-кулгусини, фосиҳ ўртоқлари билан гаплашишликни боласининг тарбиясидан устун қўймасин. Она ҳам ишлайдиган ишини, дугонасини зиёрат қилишни ёинки туғилган кун баҳонасидаги қандайдир зиёфатларга боришликни фарзандининг тарбиясидан устун қўймасин. Учинчи шартига келсак, ҳар бир ота билсинки, иймон билан куфр, солиҳ билан фасод – ҳамма-ҳаммаси уруғини боланинг ёшлигидан қўяди. Иймон, фасод ёинки бошқа ҳаммаси уруғи боланинг ёшлигида экилади. Бола Аллоҳ таолога иймонни, яхшиликка муҳаббатни, ҳаққа эргашишликни ёшлигида ўрганиб бўлади. Ҳазрати Али Тонтови бу ижодимда қисқагина қилиб гапирган гапларимни кейинчалик муфассал гапирсам керак деган умидим бор дейди ишонч билан.
Қўқонлик Ёрқинжон қори тарафидан таржима қилинган.
|