Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам олти саҳоба билан таом емоқчи бўлиб тургандилар. Бир аъробий (саҳройи араб) келиб, икки ошам билан овқатни еб қўйди. Шунда пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «У «Бисмиллаҳ», – деганида, таом сизларга ҳам етарди. Биронтангиз таом емоқчи бўлса, «Бисмиллаҳ», десин. Агар бошида «Бисмиллаҳ», дейишни унутиб қолса, «Бисмиллаҳи фий аввалиҳи ва ахириҳи», десин». Ибн Можа ривояти.
Ш а р ҳ:
«У» таом ейишни бошламай туриб, ««Бисмиллаҳ», – деганида, таом сизларга ҳам етарди» – яъни, сиз олтингиз ҳам еб, бир оз эҳтиёжингизни қондирар эдингиз.
«Биронтангиз таом емоқчи бўлса, «Бисмиллаҳ», десин», сўнг овқатланишни бошласин. Ейиш-ичишдаги суннат шудир.
«Агар бошда «Бисмиллаҳ», дейишни унутиб қолса, «Бисмиллаҳи фий аввалиҳи ва ахириҳи»» «Бошию, охирида Аллоҳнинг номи билан бошладим», – «десин». Шу айтгани кифоя қилиб, баракатдан маҳрум бўлмайди ва «Бисмиллаҳ»сиз таом еган ҳисобланмайди. Банда хожасининг изнисиз таом ейиши мумкин эмас. Шу сабабдан овқатланишдан олдин «Бисмиллаҳ», деб Аллоҳнинг номини айтиш билан баракотлар пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам ҳаром таомни еётганда ёки ҳаром ичимлик ичаётганда «Бисмиллаҳ», деб бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло бу нарсаларни еб-ичишга рухсат бермаган, балки ҳаром қилиб қўйган.
********************************************************
Бир киши Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурига келиб: "Осмондан ёмғир ёғмай қўйди..."- деди.
Ҳасан Басрий у кишига: "Аллоҳга истиғфор айтинг !"- дедилар.
Сўнг у зотнинг ҳузурига бошқа киши келиб: "Ҳузурингизга камбағалликдан шикоят қилиб келдим."- деди.
Ҳасан Басрий у кишига: "Аллоҳга истиғфор айтинг !"- дедилар.
Сўнг у зотнинг ҳузурига яна бошқа киши келиб: "Аёлим бепушт, туғмайди."- деди.
Ҳасан Басрий у кишига ҳам: "Аллоҳга истиғфор айтинг !"- дедилар.
Ўша ерда ҳозир бўлганлардан бири Ҳасан Басрийга: "Ҳар сафар олдингизга шикоятчи (ўз муаммосини айтиб) келганида сиз уни истиғфор айтишга буюрдингиз"- деди.
Шунда Ҳасан Басрий: "Аллоҳ таалонинг:
فَقُلْتُ اسْتَغْفِرُوا رَبَّكُمْ إِنَّهُ كَانَ غَفَّارًا يُرْسِلِ السَّمَاء عَلَيْكُم مِّدْرَارًا وَيُمْدِدْكُمْ بِأَمْوَالٍ وَبَنِين َ وَيَجْعَل لَّكُمْ جَنَّاتٍ وَيَجْعَل لَّكُمْ أَنْهَارًا
"Мен дедимки: "Парвардигорингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган Зотдир. (Шунда) У Зот устиларингизга осмондан ёмғир қуйдирур. Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур."- деган оятини ўқимаганмисизлар ?!"- дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: "Умматимдан етмиш минг киши ҳисоб қилинмасдан жаннатга кириши берилдим. Уларнинг юзлари бадр (ой тўлган) кечадаги ойдек ва қалблари бир одамнинг қалбидек бўлади. Мен Раббим азза ва жалладан яна қўшишини сўрадим. У менга ҳар бирлари билан етмиш мингта қўшиб берди". Бу ҳадиси шарифни имом Аҳмад "Муснад"ларида ривоят қилганлар. Мен ҳисоблагични олиб етмиш мингни етмиш мингга кўпайтирдим. 4900000000 (тўрт миллиард тўққиз юз миллион) чиқди. Эй карами кенг Зот, расулинг соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир сўровларига етмиш минг баробар қўшиб бердинг. Биз ҳам ўзимизнинг ҳолимиздан келиб чиқиб ўтинамиз, бизни ўша тўрт миллард тўққиз юз миллиондан биттаси қилгин! Ё Робб, бизни ҳисоб беришга мажолимиз йўқ.
|