Қуруқ анжирни туйиб, бошдаги яра ва жароҳатларга сепилса, тузатади. Анжир мевасини сувда пишириб, уни кўпган хамир ёки хамиртуриш билан ийлаб қўйиб боғланса, тошма яраларни пиширади, агар туйилган аччиқтош билан аралаштириб боғланса, оёқнинг зардобланган бош бармоғига даво бўлади. Тоғ анжирининг туйилганини жароҳатларга сепилса, уларни йирингдан тозалаб қуритади. Анжир баргини ҳўллигича туйиб, жароҳатларга боғланса, уларни йўқотишга ёрдам беради. Тут баргини туйиб, зайтун ёғига қориб, турли жароҳатлар ёки оловда куйган жойларга қўйилса, фойдаси тегади. Агар араблар хурмоси (финик) данагини куйдириб, кулини хавфли яраларга сепсангиз, шифо бўлади, унинг мевасини ейиш меъда-ичак яралари ва йирингли жароҳатларни тузатишда фойда беради. Узум ғўрасининг шарбатини сирка билан аралаштириб хамир қорилгач истеъмол қилинса, захм ва томирсиз яраларни даф қилади. Арча шохларини майдалаб боғланса, намли яраларни қуритиб, тўкиб юборади. * * * Анор гули ҳар қандай яра-чақаларни даф этади, айниқса, ичак ярасига ундан катта наф етади.
* * * Гулхайрининг томирини қайнатиб истеъмол қилинса, ичак яраларини даволайди.
* * * Танадаги куйган жойларга ёки яраларга сиркадан суркаб боғланса, тезда давосини топади.
* * * Укропни куйдириб, кулидан жароҳатга суркалса, фойда беради.
* * * Сурма қўйилса, ярадаги ортиқча этни кетказади.
* * * Баллут (дуб ёнғоғи) ичакдаги яраларни бартараф этади.
* * * Алоэ (сабир) шираси кўз, оғиз, бурундаги яраларни, шишларни ва қўтирни даволашда энг яхши воситалардан саналади.
* * * Ичак яраларини даволашда анжабор (Ўзбекистоннинг тоғли ерларида ўсади) шарбатини истеъмол қилиш катта фойда беради. * * * Агар туя юнгини куйдириб, кули жароҳатга сепилса, тузатади.
* * * Аёллар кўкрагидаги яранинг давоси – унга гулхайри баргларини боғлашдир.
* * * Райҳон уруғини еган бемор ичак ярасидан қутилади.
* * * Қуённинг қони бирон нарса чиққан жойга боғланса, оғриқни қолдиради.
* * * Жайра қонидан суркалса ёки боғланса, йирингли яраларни йўқотади.
* * * Типратиканнинг куйдирилган териси юқумли яра, танадаги ўсиб чиққан ортиқча гўштларни қуритиб юборади.
* * * Қуритилган ошқовоқ пўсти яра ва кесиб олинган жойларга сепилса, қон оқишини тўхтатади.
* * * Қуриган сунбул яра устига сепилса, тузатади.
* * * Тирноқгулнинг барги арпа уни билан аралаштириб қўйилса, йирингли яраларга даво бўлади.
* * * Ялпизнинг ҳўл баргини бир неча соат қайнаган сувга солиб қўйиб, тери ярасига боғланг, даво бўлади.
* * * Ҳўл шивитни (укроп) эзиб, шишган жойларга боғласангиз, уларни пиширади, агар зайтун ёғи билан аралаштириб боғласангиз, фойдаси янада кучлироқ бўлади. Замонавий тиббиётда турли касалликларни даволашда асалдан кенг фойдаланилмоқда. Масалан, турли жароҳатлар ва яралар, шамоллаш, юқори нафас йўллари ва ўпка хасталиклари, юрак, жигар, буйрак, асаб тўқималари, ошқозон-ичак, тери ва кўз касалликлари ҳам асал ёрдамида муолажа қилинмоқда.
|