Тарихи Мухаммадий. Алихонтўра Соғуний Энди бу ўринда хақиқатга мувофиқ равишда, қисқача қилиб Меьрож воқеасини баён қилиб ўтамиз. Бу хақда узун-қисқа сўзлар ёзилган китоблар кўп бўлса хам, аммо хақиқати ила ёзувчилар оздур. Шунинг учун Ислом оламида Қурьондин сўнгра ишонимлик китобимиз «Сахих Бухорий» сўзларига қаноат қилиб, анинг Меьрож хақида келтирган хадисларини бу ўринда таржима қилдим. Аллох ўзи мадад беришини сўрайман. Енди билмак керакким, Пайғамбаримизнинг бир кечада Масжидул Харомдин чиқиб, Масжидул Ақсога келганлари Қурьон оятлари билан собитдур. Бунга иймон келтирмаклик мўминларга фарздур. Масжидул Харом деб Макка шахридаги Байтуллох масжидини айтурлар. Бутун ер устида тамом мусулмонларнинг қибласи шу Байтуллохдур. Хар намозимизда юзимизни шу қиблага қаратамиз. Яна ўз ўрни келганда, Каьбатуллох ва қибла хақида маьлумотлар бериб ўтамиз, иншааллох! Масжидул Ақсо бўлса Фаластин ўлкасида Қуддуси шариф шахрининг масжидидур. Бу масжид эрса, ўтган барча пайғамбарларнинг қибласи эди. Пайғамбаримиз хам Маккада турган вақтларида, ўқиган намозларини Масжидул Ақсога қараб ўқир эдилар. Қачон Мадинага хижрат қилиб бориб, ўн саккиз ой ўтгандин сўнгра Қибла йўткалди (ўзгарди). Ана шу кундин бошлаб, барча ахли Исломнинг қибласи Макка шахрида, Байтуллохни ичига олган Масжидул Харом бўлди. Хақиқий қибламиз эса, шу масжид ичидаги Иброхим Халилуллох ясаган ўнг бурчагига хажарул Асвад тоши қўйилган қутлуғ бир ўриндур. Юзимизни шу томонга қаратиб, Аллохга ибодат қиламиз. Яна мақсадга келайлик. Пайғамбаримизнинг Масжидул Харомдин чиқиб, Масжидул Ақсога келганлари ушбу оят билан собит бўлди: «Субханаллазий асро, би абдихи лайламминал Масжидил Хароми илал Масжидил Ақсоллазий баракна хавлаху, линурияху мин оятина, иннаху хувассамиул басир». Маьноси: «Ариғ зотлик (яьни, тоза) ул Худоким, қули Мухаммадни, Масжидул Харомдин, кечалаб, хайру-барака билан ўралган Масжидул Ақсога елтди. Бу елтишда улуғ қудратимизнинг аломатларини унга кўрсатамиз». Мана шу оятнинг очиқ мазмунича, Пайғамбаримиз кечанинг бир парчасида Масжидул Харомдин чиқиб, Қуддус шахридаги Масжидул Ақсога келганлари онгланади. Енди бу оят шу масалада қатьий далил бўлганликдан, Исрога инкор, яьни Масжидул Ақсога келиш инкори иймонга мухолифдур. Аммо Меьрож деб «Масжидул Ақсодин осмон оламига чиққани айтилур. Бу эса хадис билан собит бўлган масаладур. Бу хақдаги хадислар мутавотир, яьни, шаксиз хадислардур. Енди бу улуғ мўжизанинг баёни шундоғдирким, бир куни Пайғамбаримиз «Олтин тарнов»нинг ости, Каьба орқаси — Хатимда ёнбошлаб ётган эдилар. Шул чоғда Жаброил алайхиссалом бир неча фаришталар билан хозир бўлдилар. Пайғамбаримизнинг кўкрак чуқурларидин бошлаб, муборак кўксиларини ёрдилар. Олтин жомда тўлиқ «иймон-хикмат» суви келтирилган эди. Юракларини чиқариб, шу сув билан чайқадилар. Сўнгра илм-хикмат, иймон тўлдириб, юракларини ўз ўрнига қўйдилар. Шу чоғда, хачирдан кичикроқ, ешакдин чўнгроқ Буроқ оти жаннатдин келтирилган эди. Унинг илдамлигидан, кўзи етган жойга оёқ қўяр эди. Жаброил алайхиссалом Пайғамбаримизни шу Буроққа миндирди. Олдинларида ўзи йўл бошлаб юриб, хиёл ўтмай Масжидул Ақсога етдилар. Ул жойда Иброхим, Мусо, Исо алайхиссалом бошлиқ барча Пайғамбарлар кутмоқда эдилар. Буроқдин тушиб, ўтган Пайғамбарлар боғламиш халқага ани боғладилар. Сўнгра Расулуллох Масжидул Ақсога кириб қарасалар, барча Пайғамбарлар хозир эканлар. Аларнинг талабларича Пайғамбаримиз имом бўлиб, икки ракат намоз ўқидилар. Бунинг сўнгида Жаброил алайхиссалом бир коса ароқ, иккинчи косада сут келтириб, Пайғамбаримизга: Ичгил, деб ишорат қилди. Пайғамбаримиз ароққа қарамасдин, бир коса сутни олиб ичдилар. Буни кўриб, Жаброил алайхиссалом: — эй Мухаммад, хақиқатни топдинг. Сенинг умматларинг яхуд, насоролар каби хақ йўлдин адашиб, гумрохликка кетмас эканлар, — деб башорат берди. Бундан кейин Расуллулохни яна Буроққа миндириб, Жаброил алайхиссалом жиловларида, носут оламидин лохут жонибига, яьни ер устидин осмонга кўтарилдилар. Биринчи осмонга етдилар. Жаброил алайхиссалом ешик сақловчи фариштага: «Очгил», деди. «Кимдурсан, ким билан келурсан?» деб сўради. «Жаброилдурман, йўлдошим Мухаммад», деди. «Анинг пайғамбарлик даври келдиму?» деб дархол ешик очди. Дастлаб қаршиларига отамиз Одам алайхиссалом чиқдилар. «Хуш келдингиз, ей азиз фарзандим», деб хақларига дуо қилдилар. Ул жойдин кўтарилиб, иккинчи осмонга етдилар. Ул жойда хам юқоридагидек савол-жавоблар бўлди. Хазрати Исо, Хазрати Яхё пайғамбарларнинг маконлари шу осмонда эди. Бу зотлар хам қарши олиб, хайр-дуода бўлдилар. Бундин ўтиб, учинчи осмонга чиқиш навбати етди. Юсуф алайхиссаломнинг макони шу осмонда эди. Жаброил алайхиссалом ешик қоқди. Юқориги савол-жавоблар ўтгандин сўнгра ешикни очдилар. Юсуф алайхиссалом қарши олиб, Пайғамбаримизни табриклади. Сўнгра бу жойдин ўтиб, тўртинчи осмон сари юзландилар. Унинг хақида «Варафаьнаху маканан алийя» ояти келган. Хазрати Идрис пайғамбарнинг мақомлари шу эди. Бунда хам юқорида ўтган сўзлардин сўнгра, ешик очилиб, Идрис алайхиссалом билан кўришдилар. Шундан сўнг бешинчи осмонга кўтарилдилар. Жаброил алайхиссалом ешик қоқди. Савол-жавоблар ўтгандан сўнгра ешик очилди. Хорун алайхиссаломнинг жойлари шунда эди. Кўришгандин сўнг, бундин ўтиб, олтинчи осмонга чиқдилар. Мусо алайхиссалом шу жойда эдилар. Ўтмиш сўзлардин сўнгра ешик очилди. Мусо алайхиссалом таьзим билан Пайғамбаримизни кўп олқишладилар. Яна ул жойдин Буроқ учиб, еттинчи кўкка еткузди. Ул жойда боболари Хазрати Иброхим алайхиссаломни кўрдилар. «Отангиз Иброхимдур», деган ишорат бўлиб, пайғамбаримиз салом бердилар. Салом жавобин қайтаргандин сўнгра: «эй азиз фарзандим, хуш келдинг, қандоқ улуғ мақомларга етдинг», деб дуо қилдилар. Пайғамбаримиз кўрдиларким, Иброхим Халилуллох осмон фаришталарининг Каьбаси — «Байтул Маьмур»га суяниб ўтирибдилар. Байтул Маьмур биноси Каьба тўғрисидаги бир уйдирким, унинг хақиқатини Аллох билур. Ер устида Каьбани хожилар тавоф қилганларидек осмонда фаришталар ани тавоф қилурлар. Ул уй яратилгандин бери, Пайғамбаримизнинг айтишларича, хар куни етмиш минг фаришта тавоф қилиб кетгайлар. Аларнинг кўплигидин, бир қатим тавоб қилганлари иккинчи келишига қиёматгача навбат топа олмайдилар. Мана бу жойдин хам ўтиб, муборак қадамлари «Сидратул мунтахо»га етди. Пайғамбаримиз айтишларича, бу нарса Аллохнинг азаматлик қудратига нишона бўлғудек, емишлик улуғ бир дарахт экандур. Пайғамбаримиз шу дарахт остига келганларида, Аллох таоло ўз хабибини хурматлаш учун ул дарахтга: «Безангин», деб буйруқ берди. Шу холда шундоқ хусни-жамолга кириб, зебу зийнатлик бўлдиким, анинг васфини Аллохдин ўзга хеч кимса қила олмағай. Жаброил алайхиссаломнинг мақомлари шу жойда эди. Сўнгра бу жойдин юқори раф-раф билан уруж қилиб, ул Холиқи аьзам, Жаббори акрам улуғ даргохига етдилар. «Қоба Қовсайни ав адна» (энг олий мақом) мақомига еришдилар. Енди бу ўринда не сирлар ўтди, қандоқ холлар кўринди? Мана улардин оғиз очмоққа хеч кимнинг хадди сиғмайдур. Бу ишларга иймон келтуриб, таслим бўлмоқдин бошқа хаққимиз йўқдур. Аллох таоло шу Меьрож тунида, Пайғамбаримизга ва хам анинг умматларига еллик вақт намоз фарз қилди. Қайтишларида Мусо алайхиссалом йўлиқиб, «эй Мухаммад, буни умматларинг кўтаролмайдилар. Қайт, Раббингдин сўрагил, буни енгиллатсин», деб у жойдин ёндирдилар (қайтардилар). Пайғамбаримиз даргохга келиб, енгиллик талаб қилган эдилар, беш намоз туширилди. Мусо алайхиссалом яна сўроғил, туширсин. умматинг бунга хам тоқат қилолмайди, дедилар. Шундоқ бўлиб, неча қайтадин бориб келдилар. Энг охирида беш намозга қарор топди. Тангри таоло айтди: — эй Мухаммад, бир кеча-кундузда умматларингга беш вақт намоз қилдим. Хар намозга ўн намоз савобини бердим, у беш вақт намозни — еллик вақт намоз ўрнида қабул қилдим. эй Мухаммад! Умматларингдан хар киши бир яхши иш қилмоққа қасд қилса, агар уни қила олмаса хам, шу яхшилик савобини бердим. Агар қасд қилмиш яхшиликни қилиб, битурса, хар бирига ўн баробар савоб ёздирдим. Ёмонлик ишни қилишга ният қилсалар, аммо уни қилиб, юзага чиқармасалар, ёмон ниятлари учун хеч гунох ёздирмадим. Агар у қилган ёмон ниятларини амалга оширсалар, бирга-бир гунох ёздирдим, — деди. Сўнгра Пайғамбаримиз бу ишларга розилик билдириб қайтдилар. Йўлда яна Мусо алайхиссалом йўлиқиб: «эй Мухаммад, бу беш вақт намоз хам умматларингга оғирдур. Бундан хам енгилроқ қилиш чорасини кўргил», дедилар. Пайғамбаримиз яна боришга хаё қилганликларидан бу ишга журьат қилмадилар. Қиёматгача шу беш вақт намоз умматларига фарз бўлиб қолди. Енди бу улуғ сафарда Аллох таолонинг қудрат-камолига хужжат бўлгудек не ишларни кўрдиларким, барчаларидин энг улуғроғи — шу кечада Жаббори Аьзамнинг жамоли покига мушарраф бўлишларидур. Бу эрса бошқа хеч бир пайғамбарга берилмаган энг улуғ каромат эди. Шунинг учун Расулуллохга берилган хисобсиз мўжизаларнинг энг улуғроғи Меьрож мўжизасидур. Чунки энг юқориги оламдаги жаннатни, энг тубан оламдаги дўзахни бу сафар саёхатида ўз кўзлари билан кўриб, тамоша қилдилар. Боқинглар, ей мўминлар, Аллох таоло қудратигаким, шунчалик узун муддатлик сайри саёхатлари эса бу чексиз, тубсиз оламни айланишларида кўрилган хисобсиз ходисаларнинг тамоми шу кечанинг бир қисмидагина бўлиб ўтди. Енди биз мўминлар бу улуғ мўжизага иймон келтирамиз ва хам ишонамиз. Байт: Таслим етамиз қудратига ул қодиру доно Инкор етадур шумлигидан бир нечайи гумрох Шаппара кўрмас эса кун юзини бизлара ғам йўқ Хар кунда чиқар кун, ёриғидур олама пайдо. Сўнгра шу кечада Меьрождин қайтиб, Пайғамбаримиз ўз жойларига келдилар. Ерталаб Каьба олдидаги Қурайш мажлисига келиб ўлтирдилар. Шу орада Абу Жахл хам пайдо бўлиб, Пайғамбаримиз олдига келди. Кўнглига тавфиқ тушган бўлса ажаб эмас, деб Меьрож воқеасини анга баён қилдилар. Бу сўзни ешитган замон Абу Жахл ўрнидан ирғиб туриб: «эй Қурайш болалари, тезликда буён келинглар», деб борлиқ товуши билан қичқирди. Бунинг нидосини ешитган кофирлар хар томондин югуришиб келдилар. «Хой, бу нима хабардур?», деб хар ёқдин сўрашгани турди. «Ўзидан сўранглар», деб Абу Жахл пайғамбаримизга ишорат қилди. Анда Расулуллох: «Шу ўтган кечаси мен шундоқ улуғ бир воқеа кўрдим», деб кўрганларини баён қилдилар. Буни ешитиб, буларнинг бошларига қиёмат турди. Баьзилари эрса: «мана енди ёлғони очилди», деб суюнганидин чапак чалдилар. Иймонлари кўнгилларига ўрнашмаган бир неча янги мусулмонлар муртад бўлдилар. Қурайш кофирлари бу воқеани ўзлари учун катта хужжат билиб, «борибкелиши икки ойлик йўлга Мухаммад, кечанинг бир қисмида бориб келдим, дейдур. Бу сўзга ким ишонса бўлур. Бу очиқ ёлғон эмасму?» деб мўминларга таьна қилдилар. Яна бир нечалари югурганларича хазрати Абу Бакр қошларига келишиб: — эй Абу Бакр, дўстинг Мухаммад сўзини онгладингму, яна бир янги ёлғон чиқарди. Икки ойлик йўл— Қуддус шахрига кечанинг бир қисмида бориб келдим, дейдур. Енди сен бунга хам ишона олурмисан? — дедилар. Анда Абу Бакр: — Агар шу сўзни анинг айтгани рост бўлса, у тўғри айтган, албатта, унга ишонурман. Чунки етти қат осмон устидан, кеча-кундуз соатлар ичида унга келган вахий хабарларига ишониб, уни тасдиқ қилурман. Енди буни нечук тасдиқ қилмагайман, — дедилар. Мана шу кундан бошлаб Пайғамбаримиз Абу Бакрга «Сиддиқ» лақабини қўйдилар. Шунинг билан мўмин-кофирлар ичида Меьрож воқеаси билан шов-шув сўзлар кўпайгани турди. Қурайш кофирлари ичида Қуддус шахрини кўрганлари кўп эди. Пайғамбаримиз бўлсалар бу шахарга келмаган ва ани кўрмаган эдилар. Имтихон учун шахар белгиларини, Масжидул Ақсо сифатларини Пайғамбаримиздин сўрагани турдилар. Маьлумдурки, бу шахарга кирган киши, биринчи навбат кўришида у шахарнинг хамма жойларини қайдин била олур. Пайғамбаримиз шу фикрни қилиб турган чоғларида Жаброил алайхиссалом бир кўзгу кўтаргандек, Қуддус шахрини кўтариб, Пайғамбаримизнинг қаршиларига қўйди. Қурайш мушриклари Қуддуснинг қайси жойидан сўрасалар, Жаброил алайхиссалом ишоратлари ила, аларга аниқлаб айтиб турдилар. Бу хақдаги қилган имтихонлари тўғри топилганликдин, хаммалари хайрон бўлишиб қолди. Бу ишга бек таажжубланиб: — эй Мухаммад, кўрган кишидек берган жавобларингнинг барчаси тўғридур. Енди бизнинг Шомдин келаётган карвонларимизни қайси ўринда учратдинг?,— дедилар. Анда Пайғамбаримиз карвонга учраган жойларини ва аларнинг хол-ахволларидин хабар бердилар. Сўнгра: — Фалон куни, кун чиқар чоғида карвон етиб келур. Энг олдида келган туянинг туси қора бўздур. Кетишда бу карвонни фалон сойда учратган эдим. Буроқнинг савлатини кўриб, туялар чўчишиб хуркидилар. Хуркиб қочган туялардан бирисини йўқотиб, тополмай қолдилар. У ердан ўтиб, Зажнон деган жойга келганимда карвоннинг бир бўлимини кўрдим. Тушган манзилларида барчаларини топдим. Усти ўралган бир идишда сув кўриб, уни олиб ичдим. Ичида сув қолмади. Илгаригидек қилиб ўраб қўйдим. Карвон халқидин шу аломатларни сўранглар. Агар шунга хам ишонмасанглар, мана шу хозирда карвон қофиласи (бўлаги) Таньим тоғидан тубанроқ туша бошлади. Энг олдида қора бўз ранглик туя бордур. Анинг устида икки дона сомон солинган қоплари бор, унинг бири оқ, бири қорадур, — дедилар. Пайғамбаримиздан бу хабарни онглаб турган кишилар шошилинч равишда карвонни қарши олиш учун шахар ташқарисига қараб жўнадилар. Шу чоғда бир киши: «Мана, кун чиқди», яна бирлари: «Мана, карвон келди», деди. Қарасалар, қофила қораси йироқдин кўринмиш эди. Макка мушриклари карвонга етишлари хамон, аларнинг биринчи қилган ишлари Пайғамбаримизнинг берган хабарларини текшириш бўлди. Қарасалар, айтганларидек, хамма сўзлари тўппа-тўғри чиқди. Карвон хақида келтирган хабарларидан хеч қанчалик хилоф топмадилар. Пайғамбаримиз деганларидек, энг олдида қора бўз туя устида сомон тиққан оқ-қора қоплари билан келмоқда эди. Енди шу қадар қудрат кўрсатиш билан улуғ мўжизаларни кўзлари билан кўриб турсалар хам, яна хақиқатга егилмадилар. «Хой, Мухаммадга сўз йўқ, шунчалик кўз боғловчи сехрчиликни кимдин ўрганмиш экан?», деб илгаригидан хам ортиқроқ душманликлари кучайди. Яна шу Меьрож кечаси ерталаб Жаброил алайхиссалом келиб, беш намознинг вақтларини, ракатларини, намоз ўқиш тартибларини Пайғамбаримизга ўргатдилар. Намоз фарз бўлишидин бурун ерта-кеч икки ракатдин, тўрт ракат намоз ўқир эдилар. Бу эса Иброхим алайхиссаломнинг намозлари эди. Буни бировдан кўрмасдин, хеч кимдин ўрганмасдин, Аллохнинг илхоми ила ўқиб юрган эдилар. Енди бу улуғ мўжиза — Меьрож воқеаси ўтгандин кейин, Қурайш қабиласидин Пайғамбаримиз умидлари узилди.
|