Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:" Йўлда кетаётган бир кишига қаттиқ ташналик етиб,юриб-юриб бир қудуқни топибди.Қудуқни ичига тушиб,сувидан ичиб,юқорига чиқса,олдида ташналикдан ҳансираб, нам тупроқни еяётган бир итни кўрибди.Ўзига ўзи: "Ташналикдан менга етган азоб буни ҳам қийнабдида" ,дебдида,қудуққа тушиб,махсисига сув тўлдириб ,тишлари билан махсини ушлабди.Юқорига тирмашиб чиқиб,итни суғорибди.Қилган шу яхшилигини Аллоҳ қабул қилиб,гуноҳларини кечирган экан". Қиссани эшитган саҳобалар: "Ҳайвонларни парваришида ҳам бизга савоб борми,эй Росулуллоҳ ?" , деб сўрашди. "Ҳар бир тирик жон учун ажр-савоб бор!" ,деб Росулуллоҳ жавоб қилдилар. Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилишган. Имом Бухорий ривоятида: "Қилган шу яхшилигини Аллоҳ қабул қилиб,гуноҳларини кечирган ва жаннатга киргизган экан". Имом Бухорий ва имом Муслимнинг бошқа ривоятида: "Қудуқнинг атрофида ташналик ҳалок қилай деган,чир айланиб ётган бир итни Бану Исроилдаги фохишалардан бири кўриб қолибди.Махсисини ечиб,итга бермоқ учун сув тўлдириб,итни суғорган экан.Итга қилган шу яхшилиги сабаблик гуноҳлари кечирилган экан" .
|