Бир нидо бор, тингланг, биродар,
Моҳиятин англанг, биродар,
Ўзингизга тенгланг, биродар:
“Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Мўмин эдим, мусулмон эдим,
Сени Роббим ягона, дедим,
Аммо мўмин гўштини едим,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Кузатдим воҳ, мўмин изларни,
Роҳатландим кўриб тизларни,
Ҳижобини тортдим қизларни
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Нетай, шўро тузумда ўсдим,
Менга ёвдек кўринди дўстим,
Болаларни жумадан тўсдим,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Индамадинг, ошим ошадим,
Бир чиройли ёшим ёшадим,
Лек Қуръондан чўчиб яшадим,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Росулингни севмай ўтганим,
Ёт қўлларга қўлим тутганим,
Сароб бўлди йиғлаб кутганим,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Дил дардини ҳеч ечолмадим,
Дин шарбатин бир ичолмадим,
Мансабимдан воз кечолмадим,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Ўз устимдан асли кулдим-ку,
Ўлмадилар, балки ўлдим-ку,
Таҳоратсиз вафот бўлдим-ку,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Ўз жонимга куймабман, қара,
Дунё дебман, тўймабман, қара,
Байтингни ҳам суймабман, қара,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Ё Робб, дунё экан-ку фоний,
Лаззатию роҳати оний,
Дўппиликни дедим фалоний,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Бухорийга кўрсатма мени,
Ҳаворийга кўрсатма мени,
Фаробийга кўрcатма мени,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Бирон кимса сўрмасин мени,
Эй фалон, деб урмасин мени,
Термизийлар кўрмасин мени,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Йиғлаб-йиғлаб кўз ёшим тинди,
Тиз чўкмаган тиззам ҳам синди,
Пайғамбарга не дейман энди,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Олдимдаги қайси аҳллар?
Кўринмайди нечун оқиллар?
Булар кимлар? Абу Жаҳллар?
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Чаён заҳрин тотгим келмаюр,
Ўз терима ботгим келмаюр,
Қорун билан ётгим келмаюр,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Эвоҳ эдим ўзимча ёвқур,
Йўлимни ҳам бир зумда топқир,
Жаҳаннаминг бунча ҳам чуқур,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Энди мўмин бўлиб яшайман,
Солиҳларга тамом ўхшайман,
Бор ишимни буткул ташайман,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Қуръон кўрсам ўпиб ўтаман,
Куфр йўлин тепиб ўтаман,
Ширкка кўзим ёпиб ўтаман,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Қайтар ё Робб, қайтар изимга,
Амал қилиб яшай сўзимга,
Ўратайин рўмол қизимга,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Ҳабибингга умрим фидодир,
Кўнглим ҳадис истар гадодир,
Акс ҳолда ҳолим адодир,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Ё Робб, дўнай асл навкарга,
Фуқаролар бўлай саҳарга,
Жавоб бериб қайтай мункарга
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Портлаб чиқар кўнглимдаги роз,
Бу нидога шарт эмас пардоз,
Ўргатардим ўғлимга намоз,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Золимликка урмай қўлимни,
Аниқлардим гўзал йўлимни,
Унутмасдим асло ўлимни,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Чидолмайман, ё Робб қийноққа,
Эшиги ҳам йўқ бир қамоққа...
Судрашмоқда мени қаёққа???
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Кўринмоқда оловлар, олов,
Наҳот ёрдам бермайди биров?
Фаришталар намунча соқов?
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Қайтар, қайтар, қайтар ортимга,
Одамлари мўмин юртимга,
Мос яшайин гўзал сиртимга...
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!
Суйганингга меҳрибон бўлай
Ҳар саҳарда жойнамоз солай
Калимамни келтириб олай
Қайтар мени ҳаётга ё раб
Тўлдирардим дунёга зиё,
Дининг учун қалбимда ҳаё,
Нидоларим энди кечми ё,
Қайтар мени ҳаётга, ё Робб!”
|