Салом бериш суннат бўлса, унга жавоб бериш фарзи-кифоядир. Яъни, икки кишидан бири, ёки жамоатдан бир киши жавоб берса, бошқалардан соқит бўлади. Агар жамоатдан ҳеч ким жавоб бермаса, барчалари гуноҳкор бўладилар. Жамоатнинг ҳаммаси жавоб бермоғи савобни янада зиёдароқ қилади. Гунг кишининг жавоби лабини кимирлатишидир, яъни хатто гунг кишига ҳам жавоб бериш фарздир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: "Қачон сизларга бирон ибора билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинглар ёки (ҳеч бўлмаса) ўша иборани қайтаринглар. Албатта, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани ҳисобга олгучи бўлган Зотдир." деб марҳамат қилган ("Нисо" сураси, 86-оят) . Жумҳур уламо бу ояти карима салом бериш ва яна жавоб бериш вожиблигига далолат қилади, деганлар.
Айтибдурларки, насоронинг салом бериши қўлини оғзига қўйиш, яҳудийларнинг саломи бармоқлари билан ишора қилиш, мажусийларнинг саломи инхино, яъни бошини эгиш, арабларнинг саломи "Хаййакаллоҳ", мусулмонларнинг саломи эса уч нав - "Ассаламу алайкум", "Ассаламу алайкум ва рохматуллоҳ", "Ассаламу алайкум ва рохматуллоҳи ва баракотуҳ"дир. Мусулмонларнинг саломи саломларнинг энг шарафлиси ва энг улуғидир.
Биринчи бўлиб салом бериш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бўлиб, бу хислат кишини кибр ва манманликдан узоқлаштиради. Уйга кирувчи киши биринчи салом бериши лозим. Бу оятда ҳам таъкидланган. Уйда ҳеч ким бўлмаса: "Ассаламу алайна ва ала ибадиллаҳис-солиҳийн" , деб салом берилади. Чунки уйда ҳеч ким бўлмаса ҳам фаришталар бўладилар.
Салом беришнинг ҳам ўзига яраша тартиби бор. Катталар ёшларга, камчилик кўпчиликка, суворий (от, туя, машинага минганлар) пиёдага, шаҳарлик қишлоқликка, устод шогирдга, бошлиқлар қўл остидагиларга, турган ўтирганга салом беради. Чунки "Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Арши Аъзамда Аллоҳ Субханаҳу ва Таалога шундай салом бердилар: "Аттахийяту лиллахи вассолавату ват тоййибаат" - "Баракотли табриклар ва покиза салавотлар Аллоҳ учундир!" Роббимиз қуйидагича жавоб берди: "Ассаламу алайка аййуханнабиййу ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу". - "Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва барокати сенга бўлсин, эй Набий."
Салом пайтида бош ва белни эгиб салом бериш ҳам жоиз эмас. Чунки бу насороларнинг амали бўлиши билан бирга саждага ўхшаб қоладики, сажда қилиш Аллоҳдан бошқага руҳсат берилмаган. (Захириййа китобида келтиришича Аллоҳдан бошқага сажда қилиш куфрдир).
Шунинг учун келинларни ҳам отасининг уйидан чиқаётганда отасининг оёғига бош қўйиши ёки салом бераётганда намоздаги рукудек эгиб салом бериши, шунингдек, куёвнинг уйига борганда баъзи жойларда одат бўлгандек олов ёқиб атрофига келинни айлантириш ҳам мамнуъ амаллардандир.
Ҳадис айтиб турганда, азон ва иқомат айтилаётганда, намоз ўқиш ҳолатида, хутба, бахс, ва илмий музокара бўлиб турганда, устоз дарс бераётган пайтда салом бериш макруҳдир. Шунингдек, ҳожатхонада, ҳаммомда, соилнинг саломига жавоб бериш ёки унга салом қилиш, гуноҳга сабаб бўладиган беҳуда ўйин ўйнаб ўтирганларга (агар ўша гуноҳ ўйнидан бироз бўлса ҳам тўхтатиш ниятида салом берса жоиздир), ёлғончига, одамларни ҳақорат қилувчига, йўл устида ўтириб олиб ўтган-кетганларга хусусан, аёлларга назар қилувчиларга, нағмачиларга салом берилмайди. Аҳли куфр ҳамда ғайридинларга биринчи салом берилмайди. Агар бир жойда мўминлар ва ғайри мўминлар жамъ бўлган бўлса, унда "Ассаламу ала маниттабаъал худа"(яъни, "тўғри йўлга эргашганларга салом бўлсин") деб салом беради.
Саломни каломдан олдин берилади. Расул алайҳиссалом: "Саломдан аввал гапирганга жавоб берманглар", деб таъкидлаганлар. Бегона ёш (яъни 55 ёшдан ошмаган) аёлларга ҳам салом берилмайди. Агар улар салом беришса, ёки аксадан кейин ҳамд айтса, эркак кишилар ичида - махфий жавоб берадилар. Шунингдек, улар билан мусофаха, яъни қўл бериб ҳам кўришилмайди.
Маҳрам аёллар, яъни қиз, опа-сингил, амма-холалар билан қўл бериб кўришишнинг ўзи кифоя қилади. Баъзи кимсалар ўзларининг балоғатга етган қизлари билан ўпишиб кўришадилар. Бу амалнинг оқибати ёмон бўлгани учун шариатда манъ қилинган.
Ўз ўрнида оналар ҳам балоғат ёшидаги ўғилларини ўпишдан ўзларини тийишларини тавсия қилинади. Аммо балоғатга етмаган ёш ўғил-қизчаларини меҳр билан ўпиш айни савоб эканлиги ҳадиси шарифларида ворид бўлган. Билмоқ лозимки, балоғат ёши қиз болаларга 9 ёшдан, ўғил болаларга 12 ёшдан бошланади.
Албатта, зукко ва доно халқимиз юқорида зикр қилинган масалалардан хулоса чиқариб, мазкур номашруъ ва ножоиз амал ва ҳарактлардан ўзларини тийиб, ҳаётларида бу шариат кўрсатмаларига амал қиладилар, деган умиддамиз.
(Х.М.Шохмуродзода, Х.Ф.Кароматуллох адабиётларидан олинди.)
Муслима Робиа
|