14) Аёлига бошқа-бошқа уч вақтда бир мартадан талоқ берса, уч марта “Талоқ қилдим” ёки “Ажрашдим” ёки “Уч талоқ қилдим” деса ортга қайтариш мумкин бўлмаган тарзда никоҳлари бузилади.
Бу аёлга қайта уйланиш учун ҳулла керак бўлади. Ҳулла - иддат муддати тугагач, аёл бошқа бир эркак билан никоҳланиб, тўй бўлиб, иккови алоқада бўлиб, сўнгра ўша эркак ҳам ажрашиб, орадан яна бир иддат муддати ўтиши керак. Фақат шундан кейингина биринчи эри янги никоҳ билан унга уйлана олади.
Бу эса, бир эркак учун хўрликнинг ўзгинасидир!. Аллоҳу таоло эркакларга талоқ бериш ҳуқуқини берган бўлса ҳам, бу ҳуқуқдан пала-партиш фойдаланишларининг олдини олиш ва аёлларнинг эркаклар қўлида ўйинчоқ бўлмаслиги учун эркаклар зиммасига мана шу ҳулла шартини юклаган. Ҳулладан қўрққани учун мусулмон эркак талоқ сўзини оғзига ололмайди. Оилада ажрашишнинг номи ҳам, ҳазили ҳам юрмайди.
Уч талоқ бериш билан ажрашган аёл фақат ҳулладан ўтгачгина биринчи эри билан қайта турмуш қуриши мумкин. Бундай ҳолатда агар дастлабки никоҳлари Шофиъий мазҳабига мос ўқилмаган бўлса, бошқа кишига эрга тегмасдан, яъни ҳуллага ҳожат қолдирмасдан, шофиъий мазҳабни тақлид этиб, ўша мазҳабга мос никоҳ ўқитишлари жоиз бўлади. (Радд-ул мухтор)
15) Эркак шунчаки қўрқитиб қўйиш ёки ҳазиллашиш мақсадида ҳам, "талоқ" сўзини умуман ишлатмаслиги керак. Ҳатто ажрашишга бел боғлаган пайтларида ҳам, аёлига "талоқсан, талоқ қилдим" деган гапларни айтмаслиги керак. Чунки, кўпинча жаҳли ёки хафагарчилиги тарқаганда ажрашишдан воз кечиши мумкин. Дўстлари, яқинлари билан маслаҳатлашиб қатъий қарорга келгандан кейингина бир талоқ бериш керак. Ҳеч қачон уч талоқ бирданига бермаслик керак. Чунки уч талоқни бирданига бериш бидъат ва ҳаромдир.
16) Идда(т) - ажрашилгандан кейин аёлнинг турмушга чиқиши ҳаром бўлган маълум муддат. Бу муддат - биринчи тозалик вақтидан учинчи ҳайзнинг сўнггига қадар бўлган вақтдир. Агар ҳайз кўрмайдиган аёл бўлса, талоқ иддати уч ой, ўлим иддати эса, тўрт ой ўн кундир.
17) Аёлига ҳамиша яхши муомалада, илиқ ва мулойим муносабатда бўлиш керак. Унинг нотўғри ҳаракатларига, ақлга тўғри келмайдиган ишларига ва сўзларига сабр қилиш лозим. Ўзини ва аёлини шубҳага, туҳматга дучор қиладиган вазиятлардан, ҳолатлардан сақланишга катта аҳамият бериш керак. Аёлини бегона эркаклар бўлган жойга юбормаслик, номаҳрам кўзи тушадиган жойларда олиб ўтирмаслик, номаҳрамлар билан учрашиб-кўришиб қолиши мумкин бўладиган ҳолатларнинг олдини олиш лозим.
Савол: Инсон куфрга сабаб бўладиган гап гапирганда имони ҳам, никоҳи ҳам кетадими?
Жавоб: Ҳа, имони ҳам, никоҳи ҳам кетади. Ажрашиш бўлак, куфрга тушиш бўлак. Бу талоқ ҳисобланмайди. Яъни боғлар узилмайди. Минг марта куфрга тушса, минг марта никоҳни тозалаш керак. Фақат бу талоқ ҳисобланмайди.
Савол: Аёлига “Сендан ажрашишни истайман” дейиш билан талоқ бўладими?
Жавоб: Истайман дейиш билан талоқ бўлмайди.
Савол: Узоқ вақт бир-биридан алоҳида яшаш билан никоҳ бузиладими?
Жавоб: Узоқ вақт алоҳида яшаш билан никоҳ бузилмайди. Талоқ бермагунча ажрашган бўлмайди.
Савол: Талоқи баин билан талоқи рижи орасидаги фарқ нимада?
Жавоб: Талоқ ажрашиш деганидир. Талоқи баин қатъий ажрашиш дегани. Талоқи рижи ихтиёрий ажрашишдир. Масалан, сени талоқ қўйдим деса, рижи талоқ бўлади. Аммо истаган вақтида эски никоҳига қайта олади. Идда муддати битгунга қадар қайтмаса, талоқи рижи талоқи баинга айланади. Уч талоқ ҳақидан бирини йўқотган бўлади.
Талоқи баинда эса кинояли сўзлар билан аёл талоқ этилади. Масалан ажрашиш нияти билан “Отангнинг уйига кет” дегани каби. Идда муддати битмагунча у аёл билан уйлана олмайди. Ажрашиш нияти бўлмасдан гапирса, талоқ бўлмайди.
Талоқи рижининг талоқи баиндан фарқли тарафлари:
1. Никоҳни янгилаш керакмас. Эски никоҳга қайтдим деб аёлининг қўлини ушлаши етади. Баинда эса идда битмай, никоҳ қилолмайди. Идда муддати битиб, аёл рози бўлсагина никоҳ қилинади.
2. Маҳр пулини кўпайтишга ҳожат қолмайди. Баинда эса янги никоҳ ўқилгани учун истаган маҳр пулини хоҳлаши мумкин.
3. Гувоҳсиз уйланиши мумкин. Баинда эса янги никоҳ бўлгани учун икки гувоҳ шарт. Чунки бу янги бир никоҳ.
4. Аёл рози бўлмаса ҳам эркакнинг мен эски никоҳимга қайтдим дейиши етарлидир. Баинда эса аёл рози бўлмай туриб, уйлана олмайди.
5. Идда муддати ичида эр-хотиндан бири вафот этса, иккинчиси унга меросхўр бўлади. Баинда эса бўлолмайди.
6. Идда муддати ичида эри вафот этса, аёлнинг иддаси ўлим иддаси бўлади, яъни тўрт ой ўн кун кутади. Баинда эса нормал иддаси тугагач, бошқага турмушга чиқа олади.
7. Аёл рижидан сўнгра безаниши мумкин. Аммо баинда идда муддати тугамагунча безана олмайди.
8. Аёл эри билан бир уйда қолиши мумкин. Баинда эса қололмайди. Фақат бошқа хонада қолиш мумкин.
9. Талоқи рижи никоҳни таг-туги билан юлиб ташламайди, уни ожизлантиради. Рижи яралашга, баин эса ўлдиришга ўхшайди.
10. Ила, зиҳар яроқли бўлиб, қазф этса лиан лозим бўлади.
Ила: Аёлига тўрт ой ёки ундан кўп вақт гапирмаслик. “Сенга яқинлашмайман” деб сўз беришдир. Тўрт ой ичида яқинлашмаса, бир талоқи баин бўлади. Тўрт ой ичида қасамини бузса, ажрашган бўлмайди. Қасам каффорати беради.
Зиҳар: Эр аёлини ёки юз, бош каби аъзоларини маҳрамининг боқиши ҳаром бўлган ерига ўхшатиши. “Сенинг бошинг онамнинг орқаси каби” деган каби. Каффоратсиз аёлига ёпишиши, ўпиши, бирга ётиши ҳаром бўлади. Зиҳар каффорати рўза каффорати кабидир.
Лиан: Аёлига фоҳиша ёки бу бола мендан эмас деса, аёли қозидан лиан истаса, қози лиан қилинишини амр этади. Лиан қилиш учун аввал эркак “Сўзим тўғри” деб қасам ичади. Тўрт марта такрорлайди. Бешинчисида “Ёлғон гапираётган бўлсам, Аллоҳнинг лаънати менга бўлсин” дейди. Сўнгра аёл тўрт марта “Аллоҳ шоҳид бўлсинки, бу одам менга фоҳиша деб ёлғон гапирди” деб қасам ичади. Бешинчисида эса “Агар тўғри гапирган бўлса, Аллоҳнинг ғазаби менга бўлсин” дейди. Сўнгра қози буларни бир талоқи баин билан ажраштиради.
Қазф: Номусли бир аёлга зино этди деб туҳмат қилмоқ.
|