Воскресенье, 24.11.2024, 19:35Главная | Регистрация | Вход

Hush kelibsiz

BUGUN KUNGA

ИСЛОМИЙ ТЕСТЛАР

FORUM

Namoz vaqti BO'LMA

Forumga kirish

Мини-чат

Izoh Faollari

Ассалому алейкум. Нима учун кинолар курсатмаяпти.


ШУ сылкага боссез скачат кила оласиз

Kalendar

«  Февраль 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728

hatm.quron.uz

Закот ҳисоблагич

uzwebiston.

quran.uz

hadis.islom.uz

www.islom.uz

muslimaat.uz

oilam.uz

www.hilol.com

www.siyrat.uz

info.islom.uz

www.fiqh.uz

e-tarix.uz

e-adabiyot.uz

halol.org

arabic.uz

forum.islom.uz

tib.islom.uz

savollar.islom.uz

media.islom.uz

blog.islam.uz

islam.uz ru

masjid.uz

kamolon.uz

mumina.uz

muslim.uz

ziyo.uz

muxlis.uz

novza.uz

www.buxoriy

xatib.uz

www.islomtv.com

www.houseofquran.c

islom.ziyouz.com

ayol.uz

www.tiu.uz

www.hisnulmuslim.c

Ar.Ruqyah

Коран он-лайн

Info islom

mp3quran

taqvo.ucoz.net

www.ihsanilim.com/

Tavhid com

Qur'onshunoslik

Ислом овози

www.ahlisunnat.com

www.favvora.com

hikmatnuri.com

uzgen.jimdo.com

IslamHouse

Talaba Biz

Lug'ot

Исломий Китоблар

Наш опрос

Сайтнинг янги кўринишини қандай баҳолайсиз?
Javob berildi: 91

AllMuslims

Savol javob uz

islom uz

Поиск

Статистика

Главная » 2013 » Февраль » 7 » Тақво
18:36
Тақво

Аллоҳга тақво қилиш ундан қўрқишдир. Аллоҳдан қўрқиш эса, гуноҳ ишларни тарк этиш ва савоб ишларни кўплаб қилиш ила содир бўлади.

Ислом дийнини бир томонлама талқин қилувчиларда тақводорлик тўғрисида нотўғри тушунча шаклланган. Аксарилар тақвони тарки дунё қилиш, қоронғи хонага кириб зикру ибодат билан машғул бўлиш, деб тушунадилар.
Аслида, «тақво» сўзи «сақланмоқ», «эҳтиёт бўлмоқ» маъноларини англатади. У «виқоя» сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани унга озор ва зарар берадиган нарсадан сақлашни англатади. Бинобарин, тақво ўзини қўрқинчли нарсадан сақлашдан иборат. Гоҳида «тақво» хавф маъносида ёки аксинча ҳам ишлатилади.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан: «Тақво нима?» деб сўралганда, «Араблар сертикон майдондан ялангоёқ бўлиб, тикондан сақланиб ўтиб кетишни тақво деб атайдилар», деганлар.
Ҳаётда гуноҳ ишлар ҳам худди тиконларга ўхшайди. Ким улардан эҳтиёт бўлмаса, озор чекади, улардан сақланиб юрган киши эса тақво қилган бўлади. Оқибатда тақво инсон қалбидаги ҳолатга айланади. Бу ҳолат қалбни ҳассос қилиб, ҳар доим Аллоҳ таолонинг сезгиси билан яшайдиган қилиб қўяди.

Тақвонинг истилоҳий маъноси ҳақида уламолар бир-бирини тўлдирувчи бир қанча таърифларни айтганлар:
Роғиб: «Шариат урфида тақво нафсни гуноҳдан муҳофаза қилишдир. Бу манъ қилинган нарсаларни тарк этиш ила бўлади. Баъзи мубоҳларни тарк қилиш ила мукаммал бўлади», деган.
Ферузободий:
«Тақво ҳар бир зарарли нарсадан, яъни, маъсиятдан ва ортиқча, кераксиз нарсалардан четда бўлишдир. Шунга биноан у фарз ва нафлга тақсимланади», деган.
Ўтган азизлардан Толқ ибн Ҳабиб:
«Тақво Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб, Унинг нури ила Унга тоат қилмоқ ва Аллоҳнинг азобидан қўрқиб, унинг нури ила қайтарган ишларини тарк қилмоқдир», деган.
Қуръони Каримда «тақво» сўзи «хавф», «қўрқиш», «ибодат», «маъсиятни тарк қилиш», «тавҳид» ва «ихлос» каби маъноларда ишлатилган.
Тақво билан вараъ орасидаги фарқлар қуйидагилардан иборат:
Тақво ҳимояга тайёргарликдир. Вараъ шубҳани дафъ қилишдир.
Тақво сабаби аниқ нарсадир. Вараъ сабаби гумон нарсадир.
Тақво инсон сақланаётган нарсадан ҳазир бўлишидан иборат бўлиб, у ила инсон ва у ёмон кўрган нарса орасида тўсиқ ҳосил бўлади. Вараъ эса, оқибати нима бўлиши гумон бўлган нарсадан нафс¬нинг жудо бўлишидир.
Қуръони Карим тақводорларга бир қанча башоратларни ваъда қилган, улар жумласига қуйидагилар киради:
Ёрдам, нусрат, икром, илм, ҳикмат, гуноҳларнинг ювилиши, ажрларнинг кўпайиши, мағфират, осонлик, ишнинг енгил кўчиши, ғам ва ташвишдан қутулиш, бу дунёда ризқнинг кенг бўлиши, охиратда азоб-уқубатдан нажот топиш, тавфиқ, мурод ҳосил бўлиши ва бошқалар.
Қуръони Каримнинг бир юз етмиш беш оятида «тақво» сўзи келган. Мазкур оятларни ўрганиб чиққан уламоларимиз уларнинг қуйидаги сарлавҳаларга тақсимланишини мулоҳаза қилганлар:
Тақводорларнинг сифатлари ҳақидаги оятлар.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида шундай деб мар ҳамат қилади: «Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир. Улар ғайбга иймон келтирурлар, намозни тўкис ўқирлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар. Ва улар сенга ва сендан олдин нозил қилинган нарсага иймон келтирарлар ва охиратга аниқ ишонарлар. Ана ўшалар Роббиларидан бўлган ҳидоятдадирлар ва ана ўшалар, ўшаларгина нажот топгувчилардир» (2–5-оятлар).
Яъни, Қуръони Карим шундай китобки, унинг ҳақлигига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Унда ҳамма нарса очиқ-ойдин, аниқ-равшандир.
Қуръони Каримнинг яна бир сифати–«тақводорларга ҳидоятдир».
Ҳидоят мақсадга эриштиргувчи йўлни лутф билан кўрсатишдир. Тақводорлар эса, уқубатга элтгувчи нарсалардан сақланадиган шахслардир.
Демак, Қуръони Карим ҳидоятидан баҳраманд бўлиш учун тақводор бўлиш керак экан. Тақвосиз қалбга Қуръони Карим ҳидоят солмайди. Кимки Қуръони Каримдан ҳидоят олибдими, демак, унда тақво бор экан.
Кейинги оятда мазкур тақводорларнинг сифатлари келади:
«Улар ғайбга иймон келтирурлар, намозни тўкис ўқирлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар».
Ушбу оятда Қуръон ҳидоятидан баҳраманд бўла оладиган тақводорларнинг сифатларидан учтаси саналган:
Биринчиси – «ғайбга иймон келтирурлар».
Абул Олия ғайбга иймон келтиришнинг тафсирида:
«Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Набийларига, қиёмат кунига, жаннатига, дўзахига, мулоқотига, ўлимдан кейинги ҳаётга ва қайта тирилишга ишонишдир», деган эканлар.

Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизнингча кимнинг иймони ажойиб?» – дедилар.
«Фаришталарники», – дейишди.
«Улар Роббиларининг олдида туриб иймон келтирмасалар, қандай бўлади?» – дедилар.
«Набийларники», – дейишди.
«Уларга ваҳий тушиб туриб иймонга кемасалар, қандай бўлади?» – дедилар.
«Бизники», – дедилар.
«Мен ораларингизда туриб иймон келтирмасаларингиз, қандай бўлади?» – деб туриб, сўнгра ўзлари жавоб қилдилар:
«Мен учун халойиқнинг ичида иймони ажойиби сизлардан кейин, саҳифалардаги китобга иймон келтирган қавмлардир», – дедилар».
Ҳоким ривоят қилган.
Ғайбга иймон келтириш билан инсон ҳайвондан ажраб туради. Чунки, ҳис қилиш аъзолари ёрдамида моддий таъсир этувчи нарсаларни идрок қилиш, ишониш ҳайвонларда ҳам бор. Ғайбга иймон келтириш туфайли инсон ўзини ўраб турган ҳиссий дунёдан чексиз уфқли, кенг оламга чиқади.
Иккинчиси – «намозни тўкис ўқирлар».
Яъни, Аллоҳга ибодат қиладилар. Бандага қул бўлишдан озод бўлиб, бандаларнинг Роббига қул бўладилар. Намоз орқали банда Аллоҳ таолога боғланади. Шунингдек, бошқа улкан яхшиликларга эришади.
Учинчиси – «Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар».
Тақводор мўмин-мусулмон одамнинг эътиқоди бўйича, унинг қўлидаги мол-дунё Аллоҳ таоло берган ризқ, ўзи яратган нарса эмас. Шунинг учун ҳам, тақводор инсон Аллоҳ таоло берган ризқдан ўзининг заифҳол, муҳтож биродарларига садақа қилади. «Садақа» сўзининг «тасдиқ» маъноси бор, мол-дунёсини сарфлаб садақа қилишда эътиқоддаги маънонинг, яъни, яхшилик қилиш маъносининг тасдиғи бор.
«Нафақа» умумий сўз бўлиб, «закот», «хайр-эҳсон», «садақа» каби маъноларни англатади.
«Ва улар сенга ва сендан олдин нозил қилинган нарсага иймон келтирарлар ва охиратга аниқ ишонарлар.»
Демак, тақводорларга оид навбатдаги тўртинчи сифат–Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган Қуръони Каримга ва у кишидан олдин туширилган самовий китобларга иймон келтириш. Бу нарса тақводорларнинг, Ислом умматининг буюк сифатларидан бири бўлиб, бошқа ҳеч бир умматда йўқдир. Чунки, Ислом умматидан бошқа ҳеч бир уммат Аллоҳдан нозил бўлган барча китобларга бирдек иймон келтирмаган. Ислом уммати Аллоҳ туширган барча китобларга бирдек иймон келтиради.
Бу ҳол эса, аслида башариятнинг китоблари ва Набийлари бир эканининг аломатидир.
Бешинчи сифат – «охиратга аниқ ишонарлар».
Яъни, ҳеч шак-шубҳа қилмай ишонадилар. Охиратга ишониш инсонни тор дунёдан кенг дунёга чиқаради. Унинг ҳаёти имтиҳонларга тўла бу беш кунлик дунё билан тугамаслигини билдиради. Келажагининг узоқ эканини, ниҳоясиз яшаш олами бор эканини билдиради.
Ушбу беш сифат инсоният учун ниҳоятда зарур сифатлар бўлиб, ким шуларни ўзида мужассам қилса, Қуръон ҳидоятидан тўла баҳраманд бўлади.
Қуръон ҳидоятидан баҳраманд бўлган кимса эса, икки дунё саодатига эришади. Шунинг учун ҳам, келаси оятда мазкур беш сифатга соҳиб бўлганлар эришадиган натижанинг эълони келяпти:
«Ана ўшалар, Роббиларидан бўлган ҳидоятдадирлар ва ана ўшалар, ўшаларгина нажот топгувчилардир».
Ким нажот топишни истаса, ўзида тақводорлик сифатларини мужассам қилишга уринсин.
Аллоҳ таоло тақводор бандаларини шундай таърифлайди: «Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Набийларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўл ўғилларига (кўчада қолганларга), тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса; аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир» («Бақара» сураси, 177-оят).
Бу ояти каримада таводорликка олиб борувчи яхшилик бир неча қисмга бўлинмоқда:
1. Иймон.
2. Молу дунёсидан нафақа қилиш.
3. Намоз ўқиш.
4. Закот бериш.
5. Аҳдига вафо қилиш.
6. Сабр қилиш.
Оятнинг охирида мазкур олиймақом сифатларга эга бўлганларни:
«Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деб таърифланмоқда.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломдан: «Иймон нима?» деб сўраганларида, у зот ушбу оятни тиловат қилганлар. Кейин яна қайта сўраганларида, яна шу оятни тиловат қилганлар.
Шундай қилиб, Аллоҳ таоло битта оятда эътиқод асосларини, жон ва мол ибодатларини жамлаб, бир-биридан ажрамайдиган қилиб бирлаштириб, уларнинг ҳаммасига «яхшилик» деб сарлавҳа қўйибди.
Шунинг учун ҳам, ушбу унвон остига дохил бўлиб, унга амал қилганларни Аллоҳ таоло «Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деб таърифламоқда.
Ана ўшалар Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтган тақводорлардир.
Қалбни маъсият ва гуноҳлардан поклаш ҳақидаги оятлар.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида шундай деб марҳамат қилади: «Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизурлар. Уларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир. Ҳеч бир жонга имкондан ташқари таклиф бўлмас. Она ҳам, ота ҳам боласи сабабидан зарар тортмасин. Меросхўрга ҳам худди шундоқ. Агар ўзаро рози бўлиб, сутдан ажратишни ирода қилсалар, икковларига гуноҳ бўлмас. Агар фарзандларингизга эмизувчи талаб қилишни ирода қилсангиз, берадиганингизни яхшилик билан аввалдан топширсангиз, гуноҳ бўлмас. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, Аллоҳ қилаётганингизни албатта кўриб турувчидир» (233-оят).
Оятнинг охирида яна бир бор тақвога, Аллоҳдан қўрқишга даъват қилинади. Бу эса, мазкур масаланинг ғоят муҳим эканига далилдир:
«Ва Аллоҳга тақво қилинг, ҳамда билингки, албатта, Аллоҳ қилаётганингизни кўриб турувчидир».
Яна бир бор тақвога чақириқ. Исломий ҳаёт ўзининг барча соҳаларида тақвога боғлиқлиги ушбу ояти карималар тўпида яққол зоҳир бўлиб турибди. Ҳатто болани эмизиш, тарбия қилиш бобида ҳам тақво билан иш тутиш таъкидланмоқда.
Аллоҳ таоло бандаларига марҳамат қилиб айтадики: «Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» («Ҳужурот» сураси, 13-оят).
Ислом дийнида инсон қадрини белгилашда турли ноаниқ ўлчовларнинг ҳеч қандай қиймати йўқ. Улар ҳаммаси бекор қилинади ва ягона мезон сифатида илоҳий ўлчов жорий этилади. Бу ўлчов инсонлар қадрини фақат битта нарсага қараб, яъни инсоннинг тақвосига қараб ўлчайди:
«Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир».
Ер юзида инсонларнинг қадр-қиймати ушбу илоҳий ўлчов билан ўлчангандагина турли низолар, уруш-жанжаллар ва келишмовчиликлар барҳам топади.
Худди шу оятнинг маъносида Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломдан кўплаб ҳадислар келган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга қарамайди, балки қалбингиз ва амалингизга қарайди», – дедилар».
Муслим ривоят қилган.

Имом Аҳмад Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Назар сол, сенинг агар тақвода ортиқлигинг бўлмаса, қизилдан ҳам, қорадан ҳам яхши эмассан», – дедилар».
Хавф ва қўрқув маъносидаги оятлар.
Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: «Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унинг Расулига иймон келтиринглар. У зот Ўз раҳматидан сизларга икки ҳисса берадир ва сизларнинг юришингизга нур берадир ҳамда сизларни мағфират қиладир. Аллоҳ кечирувчи, раҳимли зотдир» («Ҳадид» сураси, 28-оят).
Иймон келтирган бўлганидан кейин, албатта тақво қилиш керак. Тақвосиз иш битмайди.
Шунингдек, Аллоҳга иймон келтириб, У зотга тақво қилишнинг зимнида У зотнинг Расули Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтириш ҳам бор, бусиз мутлақо мумкин эмас.
Агар ким Аллоҳга иймон келтириб, У зотга тақво қилиб ва У зотнинг Расули Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтирса, унга Аллоҳ таоло мукофот беради.
«У зот Ўз раҳматидан сизларга икки ҳисса беради ва сизларнинг юришингизга нур берадир ҳамда сизларни мағфират қиладир. Аллоҳ кечирувчи, раҳимли зотдир.»
Демак, ундоқ кишига Аллоҳ таоло Ўз раҳматидан бир ҳисса эмас, икки ҳисса берар экан.
«...…ва сизларнинг юришингизга нур берадир...…»
Бу неъмат Аллоҳ таолонинг энг улкан неъматидир. Инсоннинг икки дунё саодат йўлига юриши учун жоҳилият зулматларини ёритувчи нури бўлиши ниҳоятда аҳамиятли ва зарурдир.
Аллоҳ таоло ўшандоқ нурни фақат Ўзига иймон келтириб, тақво қилган ва Расули Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтирганларга ваъда қилмоқда.
«…...ҳамда сизларни мағфират қилади. Аллоҳ кечирувчи, раҳимли зотдир.»
Бу ҳол ҳам Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларининг бахтли ва бошқа умматлардан афзал эканига далолатдир.
Аллоҳ таоло таъкидлаб айтадики:
Яъни: «Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар ким эрталик кун учун нима қилганига назар солсин. Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир» («Ҳашр» сураси, 18-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўминларга яна улар учун маҳбуб бўлган нидо билан мурожаат қилиб, уларни Ўзига тақво қилишга чақирмоқда.
«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар!»
Аллоҳга тақво қилиш Ундан қўрқишдир. Аллоҳдан қўрқиш эса, гуноҳ ишларни тарк этишлик билан ва савоб ишларни кўплаб қилиш билан ҳосил бўлади.
«Ҳар ким эрталик кун учун нима қилганига назар солсин.»
«Эрталик кун»дан мурод–қиёмат. Қиёмат нисбатан жуда яқин вақт, шунинг учун ҳам у «эрта» дейилади. Демак, ҳар бир инсон қиёмат куни учун нима иш қилганини ўйлаб қўйиши керак. Албатта, қиёмат куни мол-дунё, мансаб, ҳасаб-насаб, ёр-дўст ёрдам бера олмайди, балки иймон, Ислом ва қилинган яхши амаллари ёрдам беради. Шунинг учун, ҳар бир одам қиёматга тайёргарлигини кўриб қўйиши керак.
Оятнинг охирида Аллоҳ таоло яна бир бор тақвога буюради.
«Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир.»
Бу таъкид тақво ниҳоятда аҳамиятли эканини билдиради.
Шу билан бирга, Аллоҳ таоло ким тақво қилаётгани ва ким қилмаётганини билиб туриши ҳам таъкидланмоқда.
Тоат маъносидаги оятлар.
Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:
«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақийқий тақво ила тақво қилинг. Ва фақат мусулмон ҳолингиздагина бу дунёдан ўтинг» («Оли Имрон» сураси, 102-оят).
Машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳақийқий тақвони: «Аллоҳга итоат этиб, исён этмаслик, уни эслаш ва унутмаслик, Унга доимо шукр қилиб, куфр кетмаслик», деб таърифлаганлар. Демак, ким Аллоҳ таолонинг:
«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақийқий тақво ила тақво қилинг», деган амрига амал этишни ирода қилса, юқоридаги ривоятдаги маъноларни ўзида мужассам қилмоғи лозим бўлади.
Тақво ҳақида Аллоҳ таоло яна бундай деб марҳамат қилади:
«Эй, иймон келтирганлар! Қачон сирли суҳбат қилсангиз, гуноҳ, душманлик ва Расулга маъсиятга сирли суҳбат қилмангиз. Яхшилик ва тақвога сирли суҳбат қилингиз. Ҳузурига тўпланиб борадиганингиз Аллоҳга тақво қилингиз» («Мужодала» сураси, 9-оят).
Бу ояти каримадаги «тақво»дан мурод ҳам тоатдир.
Ибодат маъносидаги оятлар.
Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:
«Эй, Бани Исроил, сизга берган неъматларимни эсланг ва Менга берган аҳдингизга вафо қилинг. Мен ҳам сизга берган аҳдимга вафо қиламан. Ва Мендангина қўрқинг.
Ва сиздаги нарсани тасдиқловчи қилиб туширган нарсамга иймон келтиринг. Унга биринчи куфр келтирувчи бўлманг. Менинг оятларимни оз баҳога сотманг ва Менгагина тақво қилинг» («Бақара» сураси, 40-, 41-оятлар).
Аллоҳ таоло оятнинг охирида:
«... ва Менгагина тақво қилинг», демоқда.
Бунинг маъноси, Менгагина ибодат қилинг, деганидир.
Тақвонинг тоат, ибодат экани Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти карималарида яна ҳам аниқ қилиб баён этилган:
«Аллоҳнинг амри келди. Бас, унинг тезроқ келишини талаб қилмай қўя қолинг. У зот улар келтираётган ширклардан пок ва олий бўлди.
У Ўз амри ила фаришталарни руҳ – ваҳий билан бандаларидан Ўзи хоҳлаганларига: «Огоҳлантиринглар. Албатта, Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга тақво қилинглар», деб нозил қилур» («Наҳл» сураси, 1-, 2-оят).
Яъни, Аллоҳ таоло бандалари орасидан танлаган Набийларига фаришталарни ваҳий билан туширади. Шу орқали уларга, одамларни огоҳлантиринглар, уларга Мендан ўзга илоҳ йўқ эканини айтинглар ва Менга тақво, яъни ибодат қилинглар, деб айтади. Зотан, ҳар бир Набийни юборишдан мақсад ҳам шу, ўзи.
Тавҳид ва иймон маъносидаги оятлар.
«Тақво» сўзи баъзи бир оятларда тавҳидни, иймонни англатади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:
«Сен: «Етти осмоннинг Робби ким? Улуғ Аршнинг Робби ким?» деб айт. Улар: «Аллоҳникидир», дерлар. Сен: «Наҳотки тақво қилмасангиз?!» деб айт» («Муъминун» сураси, 86-, 87-оятлар).
Эй, мушриклар, етти осмон ва улуғ Арш Аллоҳники эканини билар экансизлар, нима учун у зотга иймон келтирмайсизлар?
Аллоҳ таолонинг шунчалик қудратга эга эканини кўриб билиб туриб, унга куфр келтирасиз-а, наҳотки, У зотнинг азобидан қўрқмасангиз?!
Бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло яна бундай деб марҳамат қилади:
«Нуҳ қавми Пайғамбарларни ёлғончи қилди.
Ўшанда уларга биродарлари Нуҳ деди: «У зотга тақво қилмайсизми?!» («Шуаро» сураси, 105-, 106-оятлар).
Яъни, эй қавмим, нимага буту санамларга ибодат қилмоқдасиз? Аллоҳ таолога иймон келтирмайсизми?!
Ихлос маъносидаги оятлар.
Баъзи бир ояти карималарда «тақво» сўзи «ихлос» маъносини англатади. «Тавба» сурасидаги қуйидаги ояти карималарда Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:
Зиён, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва бундан олдин Аллоҳга ва Унинг Расулига уруш очган кимсани кутиш жойи бўлиши учун масжид қурганлар, албатта, биз яхшиликдан бошқа нарсани ирода қилганимиз йўқ, деб қасам ичарлар. Аллоҳ шоҳидлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир.
Сен у(масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир» (107-, 108-оятлар).
Исломга зиён етказиш, куфрга хизмат қилиш, мўминлар орасига тафриқа солиш, Аллоҳга ва Унинг Расулига қарши урушадиганларнинг кузатув жойи қилиш ниятида қурилган масжидда намоз ўқиш ҳеч қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мўминларга тўғри келмайди. Уларга энг лойиқ жой бор. Ўша Масжидул Зирорнинг ёнгинасида дунёда биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан тақво асосида, ихлос билан қурилган Қубо масжиди турибди.
«Унда покланишни севадиган кишилар бор.»
Гуноҳлардан пок бўлиш учун намоз ўқиётган, тиловат, зикр қилаётган, эътикоф ўтирган кишилар бор.
«Аллоҳ эса покланувчиларни севадир».
Албатта, улар билан буларнинг орасида фарқ осмон билан ерча. Буни тушуниб етиш керак.
Тақводорларнинг мукофоти маъносидаги оятлар.
Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:
«Эй, иймон келтирганлар, агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон беради, сизнинг гуноҳларингизни ювиб, мағфират қилади. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир» («Анфол» сураси, 29-оят).
Яъни тақводор кишига Аллоҳ таоло ҳақдан ботилни, яхшидан ёмонни ажратадиган, фарқлайдиган ҳидоят ва нур бериб қўяди.
«Фурқон» дегани «ажратувчи», «фарқловчи» деганидир. Ана ўша ҳидоят ва нур ила тўғри йўлдан юриб борилади.
Тақводорларнинг гуноҳлари ҳам ювилади, ҳам мағфират қилинади. Бу катта бахтдир.
Аммо, Аллоҳ таоло бу билан кифояланиб қолмайди. Тақводорларга яна бошқа мукофотлар ҳам беради.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:
«Ва улар муддатларига етсалар, яхшилик билан ушланглар ёки яхшилик билан ажралинглар ва сиздан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар. Ва гувоҳликни Аллоҳ учун қилинглар. Бу ишингиздан, кимнинг Аллоҳга ва қиёмат кунига иймони бўлса, ваъзланур. Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир.
Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Ҳақийқатан, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир» («Талоқ» сураси, 2-, 3-оят).
Яъни, ким тақво ила Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтса, бу дунё ва у дунёнинг қийинчиликларидан чиқадиган йўлни Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи кўрсатиб қўяди.
Тақводорнинг мушкулини доимо Аллоҳ таолонинг Ўзи енгил қилиб туради. Шу билан бирга, унга ўзи ўйлаб хаёлига келмаган томондан ризқу рўз етказиб беради.
Одатда, кишилар ризқу рўзим сероб бўлсин, деган мақсадда тақводан воз кечишади. Бу эса, аксинча натижага олиб келади.
Ушбу ояти кариманинг маъносидан келиб чиқадиган қоидага биноан, тақводорлик қийинчиликларнинг осонлашиши ва ризқнинг ўйламаган тарафдан келишига сабаб бўлади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:
«Қуръондаги энг катта умидбахш оят ушбу–«ва ман яттақиллаҳа яжъал лаҳу махражан ва йарзуқҳу мин ҳайсу лаа яҳтасиб», деган эканлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Савбондан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қадарни дуодан ўзга ҳеч нарса рад қила олмайди. Умрни яхшиликдан ўзга ҳеч нарса зиёд қила олмайди. Албатта, банда қилган гуноҳи туфайли ризқдан маҳрум бўлади», – дедилар».
Аҳмад ривоят қилган.
«Ким Аллоҳга таваккул қилса, унга У зотнинг Ўзи кифоядир», жумласи тафсирига уламоларимиз қуйидаги ҳадисни келтирадилар:

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«...Ва билки, агар умматнинг барчаси йиғилиб сенга манфаат етказмоқчи бўлсалар ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар.
Агар сенга зарар етказиш учун тўплансалар ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар», – дедилар.
Термизий ривоят қилган.
Тақво қилувчи бандаларининг гуноҳларини кечириб, ажрларини кўпайтириб бериши ҳақида Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:
«Аёлларингиздан ҳайздан ноумид бўлганларининг иддаси, агар шубҳангиз бўлса, уч ойдир. Ҳайз кўрмаганлариники ҳам. Ҳомиладорларнинг иддаси ҳомилаларини қўймоқликдир. Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг ишида осонлик қилиб берадир.
Булар Аллоҳнинг сизга туширган амридир. Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг гуноҳларини кечирур ва ажрини кўпайтириб берур» («Талоқ» сураси, 4-, 5-оятлар).
Талоқ, идда ва уларга тегишли бошқа масалалар оилавий ажралишларга боғлиқ бўлгани учун, уларда бир-бирига зулм қилиш эҳтимоли кўп. Шунинг учун ҳам, бу масалага оид оятларда Аллоҳ таоло қайта-қайта тақвога чақиради.
Шу билан бирга, ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг ишида осонлик қилиб беришни ва гуноҳларини кечиришни ҳамда ажрини кўпайтириб беришни ваъда қилади.
Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, тақво ҳақида оятлар кўп. Биз ҳар маънога оид бир ёки икки оятни мисол учун келтирдик, холос.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари тақводорларнинг имоми бўлишлари билан бирга тақво ҳақида кўплаб ҳадислар ҳам айтганлар. Юқорида эслатилганлардан ташқари яна баъзи бир ҳадисларни мисол тарийқасида келтирамиз.

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни Бомдод намозидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўта балоғатли ваъз қилдилар. Ундан таъсирланиб, кўзлар ёш тўкди, қалблар титроққа тушди. Шунда бир одам:
«Бу видолашувчининг мавъизаси-ку! Ё Расулуллоҳ, бизга нимани васият қиласиз?» – деди.
«Сизларга Аллоҳга тақво қилишни, агар ҳабаш қул (бошлиқ) бўлса ҳам, қулоқ осиб, итоат қилишингизни васият қиламан. Сиздан ким яшаб турса, кўплаб ихтилофларни кўради. Сиз янги пайдо қилинган ишлардан эҳтиёт бўлинг, чунки улар залолатдир. Сиздан ким ўшанга етиб борса, бас унга менинг суннатимни ва рошид(ҳидоятли) халийфаларнинг суннатини маҳкам ушлаш лозим бўлади. Бас, уни маҳкам тишлангиз», – дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Тақводорлик ҳар бир мусулмон учун ўта муҳим нарса бўлганидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу масалани васиятларида биринчи бўлиб зикр қилдилар. Аллоҳ таолога тақво қилиш, У зотнинг азобига, дўзах азобига сабаб бўладиган нарсалардан ўзини сақлашдир.
Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга тақво қилишга қаттиқ тавсия этмоқдалар.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажида хутба қилиб:
«Аллоҳга тақво қилинглар, беш намозингизни ўқинглар, ойингиз рўзасини тутинглар, молларингизнинг закотини беринглар ва иш бошингизга итоат қилинглар, Роббингизнинг жаннатига кирурсизлар», деганларини эшитдим».
Термизий ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига хитоб қилиб, қуйидаги амалларни ихлос билан бажаришни амр қилмоқдалар:
1. «Аллоҳга тақво қилинглар.»
Аллоҳга тақво қилиш Унинг амрларини бажо қилиш ва қайтарганларидан қайтиш билан бўлади. Тақвонинг энг аввалги ўринларида ушбу ҳадисда зикр қилинган амаллар туради.
2. «Беш намозингизни ўқинглар.»
Яъни, фарз қилинган беш вақт намозингизни ўқинглар.
3. «Ойингиз рўзасини тутинглар.»
Яъни, сизга рўзаси фарз қилинган Рамазон ойининг рўзасини тутинглар.
4. «Молларингизнинг закотини беринглар.»
Ҳар турли молдан қандай ва қанча закот бериш аниқ, ана шунга қараб, ҳар ким ўзига фарз бўлган закотни берсин.
5. «Иш бошингизга итоат қилинглар.»
Яъни, шаръий маънода сизга бошлиқ бўлган одамнинг Аллоҳнинг амрига мувофиқ бўлган ишида итоат қилинглар. Аллоҳга маъсият бўладиган ишда бандага итоат қилиб бўлмайди.
6. «Роббингизнинг жаннатига кирурсизлар.»
Демак, ушбу зикр қилинган нарсаларнинг ҳар бири инсоннинг жаннатга кириши учун адо этилиши зарур.

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимнинг учта қизи бўлса ёки учта синглиси бўлса ёхуд икки қизи ёки икки синглиси бўлса, у уларнинг суҳбатини яхши қилган бўлса ва уларнинг ҳақида Аллоҳга тақво қилган бўлса, унга жаннат берилур», – дедилар».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан одамларни кўпроқ жаннатга киритадиган нарса ҳақида сўралди.
«Аллоҳга тақво қилиш ва ҳусни хулқ», – дедилар.
Ул зотдан яна одамларни кўпроқ дўзахга киритадиган нарса ҳақида сўралди.
«Оғиз ва фарж», – дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Аллоҳга тақво қилиш нима эканини ва у билан банда қандай олий даражаларга етишишини ҳаммамиз яхши биламиз.
Банда ўзининг ҳусни хулқи билан ҳам худди Аллоҳга тақво қилиш орқали эришган олий даражаларга эришиши мумкин экан.
Аллоҳга тақво қилишга ҳусни хулқ ҳам қўшилса, қанчалар улуғ иш бўлар эди. Зотан, бу икки нарса бир-бири билан чамбарчас боғланган.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил», – дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида лозим тутиш зарур бўлган учта улкан ишнинг биринчиси ўлароқ тақвони зикр қилмоқдалар:
«Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил».
Банда қай маконда бўлса ҳам, қандай ҳолда бўлса ҳам доимо Аллоҳ таолога тақво қилишни тарк этмаслиги лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши:
«Ё Расулуллоҳ! Сафар қилмоқчиман, менга насийҳат қилинг», – деди.
«Аллоҳга тақво қилишни, ҳар баландликда такбир айтишни ўзингга лозим тут», – дедилар.
Ҳалиги одам ортига қайтганидан кейин яна: «Аллоҳим! Унга ерни яқин қилгин ва сафарни унга осон қилгин», – дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Тақво ҳақида айтилган гаплардан намуналар:
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга юборган аҳдномада, жумладан, қуйидагилар бор эди:

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

«Аммо баъд: албатта, мен сени ва сен билан бўлган жангчиларни ҳар қандай ҳолда ҳам Аллоҳга тақво қилишга чақираман. Албатта, Аллоҳга тақво қилиш душманга қарши афзал тайёргарлик ва урушдаги энг кучли ҳийладир».
Ибн Асокир раҳматуллоҳи алайҳи Салама ибн Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга мол келди. Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу унинг олдига келиб:
«Эй, мўминларнинг амири! Ушбу молдан бирор қора кун ёки воқеъ бўладиган иш учун байтулмолда тутиб турсангиз!»–деди.
Умар унга:
«Бу гапни шайтондан бошқа ориз қилмаган. Аллоҳ таоло унинг ҳужжатини менга талқин қилди ва унинг фитнасидан мени сақлади. Келаси йилдан хавфсираб Аллоҳга бу йили осий бўламанми?!
Улар учун Аллоҳнинг тақвосини тайёрлаб қўяман! Аллоҳ таоло: «Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўюр. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур», деган. Мендан кейин келадиганга фитна бўлиши учунми?»–деди».

Тақвонинг фойдаларидан:

1. Тақво ўз эгасини Аллоҳ таоло билан бирга қилади.
2. Тақво ўз эгаси учун икром башоратидир.
3. Тақво гуноҳларнинг кечирилишига сабабдир.
4. Тақво ажрнинг кўпайишига сабабдир.
5. Тақво мағфират ваъдасидир.
6. Тақво нафсдан хавфнинг кетишидир.
7. Тақво ишда енгиллик ва осонликдир.
8. Тақво ўз эгасига Аллоҳ таолонинг ёрдами ва нусратидир.
9. Тақво балолардан омонликдир.
10. Тақво висол ва қурбат воситасидир.
11. Тақво бошқалардан устунлик иззатидир.
12. Тақво ғам-ғуссадан чиқишдир.
13. Тақво кенг ризқ ваъдасидир.
14. Тақво азоб ва уқубатдан нажотдир.
15. Тақво жаннатга эришиш йўлидир.
16. Тақво содиқлик гувоҳномасидир.
17. Тақво Аллоҳ таолонинг муҳаббатидир.

Категория: Aqoid ilmlari | Просмотров: 1328 | Добавил: Taqvo | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2024 |