Табассум одатий амал эмас, балки ибодат ҳисобланади. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: «Биродаринг юзига қараб қилган табассуминг садақадир» деганлар. (Термизий ривояти)
Бу табассум кишининг масхаралаш учун унинг юзига боқишдан холидир. Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаи киромларга доим табассум билан қарардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилганларида муборак тишларидан деворга нур тушарди.
Баъзи кишилар, табассум қилиш инсон қадрини туширади, деб ўйлашади. Аслида табассум киши мартабасини оширади. Абу Дардо розияллоҳу анҳу кишилар билан гаплашганларида табассум қилардилар. Бунинг сабабини сўраганларида, у зот: «Пайғамбар алайҳиссалом бирор ҳадис ривоят қилсалар табассум қилганларини кўрардим», деганлар. Яна Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Мен қалбим дам олиши учун куламан. Инсонларнинг энг ҳурматлиси бўлган Муҳаммад алайҳиссалом аҳён-аҳёнда кулар, ҳатто озиқ тишлари кўриниб кетар эди» деганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг охирги кунларида дард жуда оғир келган, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу саҳобаларга бомдод намозини ўқиб бераётган вақтда эшикдаги пардани кўтариб, саҳобаларига қараб табассум қилдилар. Бу ўз саҳобалари масжидда жам бўлиб турганлигидан севиниб, ҳайрлашиш табассуми эди.
Шу ўринда табассум инсонга нима фойдалар келтириши билан танишсак: табассум инсон жисми ва ақлига фойда беради, табассум қон босимини ошишидан ва юрак хасталикларидан ҳимоя қилади, табассум инсонда ўзига ишончни ҳосил қилади, табассум инсон қийматини оширади.
Демак, ислом шариати ўрни бўлмаган жойларда кулаверишга рухсат бермай, ўрни бўлган жойларда табассум билан кишиларга яхшилик килишга буюрган.
|