Суҳайб ар-Румий розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: "Сизлардан аввал ўтган қавмларда бир подшоҳ бўлиб,унинг бир сеҳргари бўлган экан.Сеҳргар кексайиб қолгач подшоҳга дебди : "Мен энди қаридим,менга бир ўспиринни берсангиз,унга сеҳрни ўргатсам" .Подшоҳ унга таълим бериши учун бир ўспирин болани жўнатибди.Ўспирин сеҳргарнинг уйига қатнаш асносида,йўлда бир роҳибни кўриб қолибди,олдига ўтириб,гапларига қулоқ тутса,гаплари уни жуда ажаблантирибди.Энди ҳар сафар сеҳргарни ҳузурига боришида роҳибни олдига кирадиган,у билан ўтириб,кейин сеҳргарни олдига борадиган бўлибди.Сеҳргар уни кечиккани учун калтакласа,ўспирин буни роҳибга шикоят қилибди.Роҳиб унга: "Агар сеҳргардан қўрқсанг,унга оиламдагилар ушлаб қолишди,дегин.Агар оилангдагилардан қўрқсанг,сеҳргар ушлаб қолди,дегин" , дебди.Шу зайлда ўспирин анча вақт ўтказибди.Бир кун тўсатдан улкан бир ваҳший ҳайвон келиб,одамлар ташқарига чиқолмай қолибдилар.Буни билган ўспирин ўзига-ўзи: "Мана бугун сеҳргар афзалми,ё роҳиб афзалми- билиб оламан" ,дебдида,бир тошни олиб: "Эй Аллоҳим,агар роҳибнинг иши сенга сеҳргарнинг ишидан суюкли бўлса,шу ваҳшийни ўлдиргинки,одамлар чиқсинлар" ,деб тошни ваҳшийга қарата отибди.Тош ваҳшийга тегиб,уни ўлдирибди,одамлар ташқарига чиқибдилар.Ўспирин роҳибни ҳузурига келиб,бўлган воқеани сўзлаб берибди.Роҳиб унга: "Эй ўғилчам!!Сен бугун мендан афзал бўлдинг,сени шаънинг улуғ бўлганини кўрмоқдаман.Шундай экан,сен тез орада қаттиқ синовга учрашинг муқаррар.Сенга синов келганида,асло мени айтиб қўймагин" ,дебди. Ўспирин энди туғма кўрлар,моховлар ва инсонлардаги бошқа касалликларга чалинганларини даволай бошлабди.Буни подшоҳнинг кўр бўлиб қолган бир доимий суҳбатдоши эшитиб қолиб,кўпдан-кўп қимматбаҳо ҳадияларни унга келтирибдида,унга: "Агар менга шифо топсанг мана шуларнинг барчаси сеники бўлади" ,дебди.Ўспирин эса: "Мен ҳеч кимни шифоламайман,шифони Аллоҳ таъалогина беради.Агар Аллоҳ таъалога иймон келтирсанг,Аллоҳга дуо қилиб сўрайман,албатта Аллоҳ сенга шифо беради" ,деб жавоб қилибди.У ҳам Аллоҳ таъалога иймон келтирган экан,Аллоҳ таъало унга ўша заҳоти шифо берибди.Шундан сўнг у подшоҳ ҳузурига келиб,одатидек уни ёнига ўтирибди.Подшоҳ ундан: "Ким сенга кўзларингни қайтарди?" ,деб сўраса,у : "Роббим!" , дея жавоб қилибди.Подшоҳ: "Сени мендан бошқа ҳам роббинг борми?! ,деса,у: "Менинг ҳам сенинг ҳам роббимиз Аллоҳдир" ,дебди.Шунда подшоҳ уни ушлаб азоблайверибди,азоблайверибди,ҳатто у оҳирида ўспиринни айтиб берибди.Ўспиринни келтиришибди,подшоҳ унга: "Эй болача!!Сеҳринг шу даражага етибдики,мана туғма кўрларни ҳам,моховларни ҳам тузатибсан.Яна фалон-фалон ишларни ҳам қилибсан!!" ,дебди.Ўспирин эса: "Мен ҳеч кимга шифо бермайман,шифони Аллоҳ таъалогина беради" ,дебди.Подшоҳ энди ўспиринни азобга тутибди,ҳатто у оҳирида роҳибни айтиб берибди.Тезда роҳибни келтирибдиларда,унга: "Дийнингдан қайт!!" ,дейилибди.У бундан бош тортибди.Шунда арра келтириб,роҳибнинг боши ўртасига қўйибдиларда,иккига ажратиб,бўлиб ташлабдилар.Сўнг подшоҳнинг доимий суҳбатдошини келтириб,унга ҳам: "Дийнингдан қайт!!" ,дейишса, у ҳам бундан бош тортибди.Уни ҳам боши ўртасига аррани қўйиб,иккига ажратиб,бўлиб ташлабдилар.Сўнг ўспиринни олиб келибдиларда,унга ҳам: "Дийнингдан қайт!!" ,дейишибди,у ҳам бунга кўнмабди.Шунда подшоҳ аёнларидан бир гуруҳига болани тутқазиб,уларга буюрибди: "Буни фалон-фалон тоққа обориб,тоғни учига олиб чиқинг.Тоғнинг энг юқорисига етканингизда,унга дийнидан қайтишни буюринг,қайтса қайтди,қайтмаса чўққидан пастга улоқтиринглар!!" .Аёнлар уни тоққа обориб,чўққига олиб чиқишибди.Шу онда бола дуо қилибди: "Эй Аллоҳим,ўзинг ҳоҳлаган нарсанг билан мени булардан ҳимоя қил" .Тоғ қаттиқ силкиниб,болачадан бошқа барчаси пастга қулаб кетибди.Ўспиринни ўзи юриб келганини кўрган подшоҳ ундан: "Сени олиб кетганларга нима бўлди?" ,деб сўраса,у : "Аллоҳ таъало мени улардан асраб қолди!" ,деб жавоб қилибди.Подшоҳ уни бошқа бир гуруҳ аёнларига тутқазиб,уларга: "Буни қайиққа солиб, денгизни ичига олиб борингларда унга дийнидан қайтишни буюринг,қайтса қайтди,қайтмаса денгизга отинглар!!" ,деб буйруқ берибди.Аёнлар уни денгизга олиб киришибдию,бола дуога юзланибди: "Эй Аллоҳим,ўзинг ҳоҳлаган нарсанг билан мени булардан ҳимоя қил".Бир лаҳзада қайиқ ағдарилиб,боладан бошқа барчалари сувга ғарқ бўлибди.Бола ўз оёқлари билан юриб яна подшоҳ ҳузурига келибди.Подшоҳ: "Сени олиб кетганларга нима бўлди?" ,деб сўраса,у : "Аллоҳ таъало мени улардан асраб қолди!" ,деб жавоб қилибди,-"Сенга айтадиган кўрсатмаларимни бажармагунингча мени ҳаргиз ўлдиролмайсан" .Подшоҳ: "Нима қилишим керак?" ,деб сўрабди.Бола: "Барча одамларни бир ялангликка йиғиб,мени дарахтга хочлайсан.Сўнг мени ўқдонимдан бир дона ўқ олиб,камонни ўртасига қўйиб: "Шу ўспиринни роббиси номи билан" ,деб ўқни отасан.Шуни қилсангина мени ўлдира оласан" ,дебди.Подшоҳ ҳам барча одамларни бир ялангликка йиғиб,ўспиринни дарахтга хочлаб,уни ўқдонидан бир дона ўқ олиб,камонни ўртасига қўйиб: "Шу ўспиринни роббиси номи билан" деб ўқни болага отибди.Ўқ боланинг чаккасига тегиб,бола қўлини ўша ерга қўйганича вафот қилибди.Буни кўрган одамлар: "Ўспириннинг роббиси Аллоҳга иймон келтирдик" ,дея бошлабдилар.Подшоҳга аёнлари келиб: "Сиз хавфсираган иш,қасамки,бошингизга келди-одамлар ҳаммаси иймон келтирдилар!!". Подшоҳ кўчаларнинг бошларида улкан чоҳлар қазиб,ичига гулҳанлар ёқишни ва дийнидан воз кечмаганларни унда куйдиришни ёки "ўзингни ўтга ташла",деб буюришга амр қилди.Аёнлар ҳудди шундай қилишди,ҳаттоки бир аёл гўдаги билан чоҳ олдига келдию,орқасига тисарилган эди,унга гўдак: "Эй онажоним,сабр қилинг,чунки сиз ҳақ устидасиз!!" , деди". Имом Муслим ривоят қилганлар. http://www.hadislar.org/?p=3262
|