Аллома, Шом диёрининг муҳаддиси Муҳаммад Носируддин Албоний
роҳимаҳуллоҳ
«Андалус» даъват ва иршод қўмитасининг кириш сўзи
Барча мақтовлар Аллоҳ учундир. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), у кишининг оила ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Сўнг…
Исломий китобнинг даъват ва илмни тарқатишда катта роли бор экани шак-шубҳасиздир. Чунки китобнинг умри узун, фойдаси эса улканроқдир. Дарҳақиқат салаф солиҳларимиз, роҳимаҳумуллоҳ, илмни тарқатиш, уни сақлаб қолиш ва унга амал қилиш учун ҳам китоб ва асарлар ёзиб кетиш йўлини босиб ўтишди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ушбу китоблар асрлар оша илм ўрни ва амал-у даъватга чорлаб келмоқда.
Шу сабабли «Андалус» даъват ва иршод қўмитаси ушбу қимматли рисолани нашрдан чиқаришга бел боғлади. Ушбу рисоланинг асли аллома, муҳаддис Муҳаммад Носируддин Албоний роҳимаҳуллоҳ томонларидан қилинган бир маъруза бўлиб, мавзуси «Мана шу бизнинг даъват»дир.
Қўмитадаги шаръий фанлар бўйича (собиқ) изланиш олиб борувчи, биродаримиз: Холид ибн Абдул Аъл, Аллоҳ таоло уни Ўз ҳифзу-ҳимоясига олсин, ушбу рисолани босмадан чиқишга тайёрлаш, жумлаларини бир тартибга солиш, ҳадисларни тахриж қилиш ва қисқа изоҳ киритишдек бир вазифани адо этди, Аллоҳ таоло унга мукофотини тўла қилиб берсин. Ушбу рисола биз томондан илмни ёйиш ва толиби илмларга манфаат ҳосил бўлиши йўлидаги бир камтарона ҳаракатдир.
Айнан ушбу мавзуни ихтиёр қилишимизга бир қанча сабаблар бор. Энг муҳимларидан:
1) Бидъатлар кўпайиб, аҳли ҳаво ушбу замонда атрофга кенг тарқалиб кетди. Оммага фириб ишлатган ҳолда «Китоб ва Суннат» байроғини юқори кўтаришди. Аҳли сунна эса «Китоб ва Суннатни ушбу уммат салафларининг фаҳми билан (тушунамиз)» деган хусусият билан ажралиб туришади.
2) «Ушбу уммат салафларининг фаҳми» бўлмиш энг муҳим асосни тирилтириш ва унга даъват қилиш. Шайх роҳимаҳуллоҳ бидъат аҳли қўл урган залолатни четлаб ўтиш учун ҳам ушбу асосга даъват қилиб ўтдилар.
3) Ушбу рисола катта имом, забардаст олимга тегишлидир. Шайх роҳимаҳуллоҳ дунёни илмга бойитган, ҳамда қалблар ҳам у кишига нисбатан муҳаббатга тўлган бир шахсдир.
4) Ўқувчилар қўлига ушбу маъруза рисола сифатида етиб борганини кўрмадик.
Аллоҳ таолодан илмни тарқатиб етказиш, даъват ва таълим беришда биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшиб қолишимизга муяссар айлашини сўраймиз. Аллоҳ таоло одамлар аслида нимани қасд қилганларини билувчи Зотдир.
«Андалус» даъват ва иршод қўмитаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Нашрга тайёрловчи муқаддимаси
Барча мақтовлар бизни илм нури ила жаҳолат зулматларидан қутқарган, кўзимизни илм билан чароғон айлаш ила залолат кўрлигига тушишимиздан ҳидоят қилган, биз учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатларини энг ёрқин далолат ва олий белги қилган Аллоҳ учундир. Ушбу бизга марҳамат қилиб, тортиқ қилган мўл-кўл, беҳисоб неъматларининг энг афзалидир.
Подшоҳ, очиқ-ойдин Ҳақ, шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Унинг бандаси, элчиси, ҳабиби, севиклиги, оламларга раҳмат ўлароқ жўнатилган омонатдор, ростгўй эканига гувоҳлик бераман.
Сўнг…
Ҳурматли биродарим, қўлингиздаги ушбу асар аср муҳаддиси, имом, аллома Муҳаммад Носируддин Албоний роҳимаҳуллоҳнинг «Мана шу бизнинг даъват» мавзусидаги қимматли рисоласидир. Аллоҳ таоло у кишини Ўзининг кенг раҳматига олиб, қабрларини кўзлари етар жойгача кенгайтириб, нур ато этган бўлсин.
Ушбу рисола бизга улкан бир қоида ва катта асосни таъсис этадики, ушбу асос ила суннат ва ҳидоят аҳли бидъат ва ҳаво аҳлидан, ҳақ эгалари эса тўғри йўлдан оғганлардан ажралиб туради. Чунки бирор бир тоифа, ҳизб ёки жамоат бўлмасин, бари Китоб ва Суннатни даъво қилади. Бироқ шу ўринда бир савол туғилади: Китоб ва Суннат кимни фаҳми асосида бўлмоғи даркор?! Шу сабабдан ҳам шайх роҳимаҳуллоҳ ушбу улкан қоидани қўйиб кетяптилар. У ҳам бўлса: «Китоб ва Суннатни ушбу уммат салафларининг фаҳми ила (тушунмоқдир)».
Мўтазилаларнинг ажралиб олишлари, жаҳмияларнинг жаҳмия бўлиб кетиши ва хаворижларнинг бош кўтариб чиқишининг асли негизи ҳам, ушбу асосдан узоқлашишдан ўзга нарса эмас!!
Ушбу уммат салафларининг тушунчасига қайтиш, тойилиш ва оғишишдан сақланишдир. Демак ушбу асос аҳли сунна билан бошқалар ўртасини ажратиб турадиган рамздирки, аҳли сунна ушбу учинчи асос бўлмиш «Уммат салафларининг фаҳми»га қайтадилар. Хоссатан ваҳий ва Қуръон нозил бўлишига гувоҳ бўлиб, тафсирини тўлақонли билган Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари (фаҳмига қайтиш). «Улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларики, уммат орасида қалблари энг поки, илми энг чуқури, такаллуфи энг ози, энг гўзал баён қиладигани, иймонда энг ростгўйи, насиҳатда энг кенгқамровлиги ва Аллоҳга қурбат ҳосил қилишда энг илдамидирлар».[1]
Наҳот бирор яхши хислат бўлсаки, улар уни қилишмаган бўлса? Бирор тўғри қадам ташлаш бўлсаки, улар уни босиб ўтишмаган бўлса?
Аллоҳга қасамки, соф, чучук, тамли ҳаёт булоғининг бошида турганлар – ўша зотлардирки, Ислом қоидаларини мустаҳкам қилиб, ўзларидан кейин бирор кишига айтар сўз қолдиришмади. Қалбларни Қуръон ва иймонга (амал қилишдаги) адолатлари билан, шаҳарларни эса қилич ва тиғ билан (олиб борилган) жиҳод ила фатҳ қилишди. Илмни тобеъинларга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мишкотларидан қандай олишган бўлса, шундай мусаффо ҳолатда етказишди. Уларнинг бу борадаги санадлари: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Жаброил ва оламларнинг Роббисидан бўлган олий, саҳиҳ бир санад эди. Шундай дейишарди: «Ушбу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг омонатлари бўлиб, сизларга буни тортиқ қиляпмиз. Ушбу Роббимизнинг васияти ва бизга юклаган фарзики, бу сизларга ҳам васият ва гарданларингиздаги фарзидир».
Уларга гўзаллик билан эргашган зотлар ҳам саҳобаларнинг соғлом манҳажлари асосида юриб, уларнинг сиротул мустақим бўлмиш изларига эргашишди. Сўнг тобеъинларга эргашувчилар ҳам ушбу тўғри маслак бўйлаб юришди.
«Улар (бу дунёда) хуш-ҳақ сўзга («Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ», деган сўзга) ҳидоят қилинурлар ва ҳамду сано эгаси – Аллоҳнинг йўлига ҳидоят қилинурлар» (Ҳаж: 24).
Улар ўзларидан олдингиларга нисбатан энг рост сўзлагувчи Зот айтганидеклар:
«(У пешқадамлар) аввалги (уммат)лардан кўпчилик, кейингилардан (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларидан) эса оздир» (Воқеа: 13-14).[2]
Ана ўша зотлар салаф солиҳлар бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча нарсада яхшилик билан гувоҳлик берган асрларнинг сарасидир. Ушбу яхшилик ақида, ибодат, манҳаж, ахлоқ-одоб ва сулукдадир. Улар менинг салафларимки, эй Жарир йиғинларимизда қани ўшаларга ўхшашларини олиб келчи!
Муборак Набавий ҳижрат диёрининг имоми Молик ибн Анас қандай ҳам чиройли сўз айтганди: «Ушбу умматнинг охири, аввали ислоҳ бўлган нарса билангина ислоҳ бўлади».[3]
Ушбу рисолада қуйидагиларга қўл урдим:
1 – Қуръон оятларини кўриб чиқиб, суранинг исми ва оят рақамини қўйиб кетдим.
2 – Истеъмолда оз учрайдиган сўзларга шарҳ бериб ўтдим.
3 – Фойда ҳосил бўлиб, иборалар аниқ-равшан бўлсин дея баъзи ўринларга кичик изоҳлар киритдим.
4 – Шайхнинг бошқа китоблари орасидан ҳам баъзи изоҳларни иқтибос қилиб келтирдим. Ҳурматли ўқувчи, шайх роҳимаҳуллоҳ ушбу рисолани бошқа ўринда ҳам эслаб ўтганларини билиб олади. Натижада ўша манбага мурожаат қилиши осон кечиб, янада зиёда фойдаларни қўлга киритади.
5 – Шайх роҳимаҳуллоҳ келтирган ҳадис ва асарларни қуйидаги кўринишда тахриж қилдим: Ҳадис икки саҳиҳда келган бўлса, рақамларига ишора қилиш билан чекландим. Ҳадис икки саҳиҳнинг биридагина келган бўлса, яна унинг рақамини келтириб ўтиш билан кифояландим. Гоҳида эса иллати бор жиҳатига енгил ишоралар қилиб ўтдим. Ҳадис саҳиҳайндан бошқа тўпламда келган бўлса, икки ёки уч манбани келтириш билан чекландим. Тоинки оддий ўқувчига қийинлаштириб, рисола хошиясини тўлдириб юбормай ва кўп ҳолатда ушбу иш фақат ана шу фанда мутахассис бўлганларгагина фойда бўлишини инобатга олдим. Агар ушбу ҳадиснинг ҳукмида шайх билан аввалги аҳли илмлар ўртасида ихтилоф рўй берган бўлса, ушбу ихтилофга енгил ишора қилдим сўнг шайхнинг сўзларини зикр қилдим. Ҳадис ва асарларга, шайхнинг босмадан чиққан китоблари орасидан берган ҳукмларини нақл қилдим. Рисолани диққат билан бир тартибга солдим. Ушбу иш рисоланинг асли бўлмиш кассета ва мўътамад суннат китобларига мурожаат қилиш билан бўлди. Шайхнинг тилларида қасдсиз рўй берган луғавий хатоларни ўнглаб чиқдим. Шевада истеъмол қилинадиган лафзларни арабий фусҳага қайтардим. Такрор айтилган ва мавзуга алоқаси бўлмаган жойларини ҳазф қилдим.
Қилган ишим шу бўлиб, Аллоҳ азза ва жалладан ушбу амални Ўзининг Карим Юзи учун бўлмоқлигини, ушбу ишда халқларидан бирор кишига насиба қўймай, мендан ушбу амални ҳусни мақбул айлаб, ернинг мағриб ва машриғидаги мусулмонларга манфаат ҳосил бўлишини сўраб қоламан. Албатта У бу ишнинг тепасида бошқариб турувчи ва Қодир Зотдир.
Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммадга, оила ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин. Барча мақтовлар оламларнинг Робби Аллоҳ учундир.
Абу Муоз Холид ибн Абдул Аъл
Бошловчи: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Барча мақтовлар Аллоҳ учундир. Росулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), у кишининг оиласи ва саҳобаларига Аллоҳнинг салавоту-саломлари бўлсин.
Сўнг…
Дарҳақиқат Аллоҳ таоло бизга иймон неъмати билан, умматга эса уламоларни (бағш этиш билан) марҳамат кўрсатди. У (уламо)лар шундай кишиларки, Аллоҳ таоло ато этган илм сабабли уларни мукаррам қилди. Уламолар одамларга Аллоҳ таоло ва Унга ибодат қилишга (олиб борадиган) йўлни ёритиб берадилар. Улар шак-шубҳасиз пайғамбарларнинг меросхўрларидир.
Бизни (бу ерга) келишимизга ундаган нарса, иншааллоҳ келажакда ҳам шундай бўлиб қолади, авваламбор Аллоҳ азза ва жалланинг розилиги ҳамда ушбу (Аллоҳнинг розилигига) элтувчи илм талабидир. Аллоҳга қасамки, ушбу бетакрор онда шайх, олим, катта устозимиз шайх Муҳаммад Носируддин Албоний билан учрашиб турганимиздан (бағоят шодмиз). Авваламбор ушбу ноҳия номидан (Шувайка ноҳияси) фазилатли шайхимизга хуш келибсиз, (босиб келган қадамларингизга қийрот-қийрот ажру-ҳасанотлар ёғилсин) ҳамда ушбу чорраҳа аҳли, хоссатан уларнинг ичидаги толиби илмлар, номидан барчангизга хуш келдингиз деймиз. Бугун улар ҳурматли устозимиз билан учрашишга ошиқманддирлар. Ҳечқиси йўқ, барчамиз у кишидаги илм дурдоналари-ю, ҳикматга қулоқ тутишга ошиқмандмиз. Демак, Аллоҳ таоло у кишига марҳамат қилган илмга қулоқ тутамиз. Сўнг шайхимиз (нутқларидан) фориғ бўлгач, савол йўллашингиз мумкин бўлади. Иншааллоҳ саволларингизни варақаларга ёзиб йўллайверасиз. Такрор айтаман ажойиб онлар (барчангизга муборак бўлсин). Шайхимиз хуш келдингиз.
Шайх Албоний роҳимаҳуллоҳ:
Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Сўнг…
Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.
Биродаримиз, устоз Иброҳимга[4] ушбу сўзлари ва олқишлари учун ташаккур билдираман. Мен учун ушбу (олқиш) рўбарўсида аввалги халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга иқтидо қилишдан ўзга айтадиган гапим йўқ. У киши розияллоҳу анҳу ҳақ ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аввалги халифалари эди. Шу билан бирга у киши бирор одамни ўзлари ҳақида яхшиликни (айтиб) олқишлаётганини эшитсалар, мен шундай деб биламанки, ушбу олқишлаёткан киши ҳар қанча олқишида муболаға қилса ҳам, модомики у киши Росулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) халифалари экан, демак бунга лойиқдирлар. Шундай бўлишига қарамасдан, Аллоҳ ёрдам сўралгувчидир, бундай деб айтардилар: «Аллоҳим мени улар айтаётган (сўзлари) сабабли азобламагин. Мени улар гумон қилаётгандан ҳам яхши қилгин. Мени улар билмайдиган (хато-камчиликларимни) мағфират қилгин».[5] Сиддиқ ал-Акбар розияллоҳу анҳу ана шундай дерди. Энди биз у кишидан кейин нима ҳам дердик?
Демак, у кишига иқтидо қилган ҳолда айтаманки: «Аллоҳим мени улар айтаётган (сўзлари) сабабли азобламагин. Мени улар гумон қилаётгандан ҳам яхши қилгин. Мени улар билмайдиган (хато-камчиликларимни) мағфират қилгин».
Ҳақ шуки, фақат ҳақни айтаман, мен ҳозиргина фазилатли биродаримиз Иброҳимдан эшитганингиздаги сифатларга эга эмасман. Мен фақатгина бир толиби илмман холос, бошқа нарса эмас. Ҳар бир толиби илм Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига амал қилиши вожиб бўлади: «Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар. Бану Исроилдан ҳадис айтаверинглар, хараж (танглик) йўқ. Ким менга қасддан ёлғон тўқийдиган бўлса, бас, ўрнини жаҳаннамдан эгаллайверсин».[6]
Шунга биноан, ушбу пайғамбар ҳадисига ва бундан бошқа Аллоҳнинг Китоби, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламнинг ҳадисларида ворид бўлган кўплаб ҳужжатларга лаббай деган ҳолатда, одамларга улар билмайдиган нарсаларни етказишга бел боғладик. Бироқ бундан, биродарларимизнинг биз ҳақимиздаги чиройли гумонларига (лойиқ) бўлиб қолдик дегани келиб чиқмайди. Албатта бундай эмас.
Ич-ичимдан ҳис қилиб турганим бир ҳақиқат шуки, ушбу сўзга ўхшашини эшитганимда адибларнинг наздида маъруф бўлган бир масал ёдимга тушади. У ҳам бўлса: «Қушча биз томонларда бургутга айланиб кетяпти». Баъзи кишиларга ушбу сўздан ёки ушбу масалдан кўзланган мақсад махфий қолади. Қушча: кичик бир қуш бўлиб, унинг бирор эътибори йўқ. Ушбу кичик қушча одамларнинг наздида бургутга айланиб қоляпти. Сабаби улар бургутнинг куч-қуввати ва катталигидан жоҳил қолишди. Ушбу масал хоҳ ҳақ ва тўғрилик билан бўлсин ёки хато ва ботил билан бўлсин, Исломга даъват қилаётганларнинг кўпчилигида ўз тасдиғини топади.
Бироқ Аллоҳнинг Ўзи билади, ер юзи, исломий диёрларнинг барчаси, фалончи олим деб айтилса ярашадиган кишилардан холий қолди. Фақатгина ниҳоятда озчиликни ташкил қиладиган саноқли кишилар бундан мустасно. Имом Бухорий ўзларининг ҳадис тўпламларида Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Албатта Аллоҳ таоло илмни уламоларнинг қалбидан тортиб олмайди. Бироқ У илмни уламоларни қабз этиши (вафот этиши) билан кўтаради. Ҳатто бирор олим қолмагач (бизнинг мавзумизга тегишли қисми ҳадиснинг ана шу жойидир) одамлар (ўзларига) жоҳил бошлиқларни танлаб оладилар. Энди саволга тутилганларида илмсизлик билан фатво берадилар-да, (ўзлари ҳам) адашиб, (ўзгаларни ҳам) адаштиришади».[7]
Аллоҳ таоло илмни кўтаришни хоҳласа, уни уламоларнинг қалбидан шундай тортиб олмайди. Яъни, олим бирор мартта ҳам таълим олмаган ҳолатига қайтиб қолмайди. Йўқ, Аллоҳ азза ва жалла бандаларига нисбатан асло бундай қилмайди. Хоссатан солиҳ бандаларига, Аллоҳ азза ва жалланинг Юзи учун қўлга киритган илмлари қалбларидан кетиб қолмайди, боя биродаримиз Иброҳимдан, Аллоҳ таоло унга барака ёғдирсин, қисқа бўлсада бир сўз эшитдингизки, ушбу йиғилиш илм талаби учун бўлди. Аллоҳ азза ва жалла Ҳакам ва Одил Зотдирки, илмни уламоларнинг қалбидан шундайлигича тортиб олмайди. Бироқ Аллоҳ азза ва жалланинг махлуқотларига нисбатан суннати (одати) шундай юз берадики, У илмни уламоларни Ўзига қабз қилиш билан кўтаради. Уламо, пайғамбар ва росулларнинг саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламга нисбатан қилганидек. Демак бирор олим қолмагач, одамлар жоҳил бошлиқлар танлаб оладилар. Уларга савол берилгач эса илмсизлик билан фатво бериб, ўзлари ҳам адашишади, ўзгаларни ҳам адаштиришади. Бунинг маъноси Аллоҳ азза ва жалла ер юзида бандаларига ҳужжатни қоим қиладиган бирорта ҳам олимни қолдирмайди деган маънода эмас. Балки бунинг маъноси: Замон охирлашиб, илм озайгани сайин (илмсизлик) ва нуқсон ҳам зиёдалашиб боради. Ҳатто ер юзида Аллоҳ, Аллоҳ деб айтадиган бирор киши қолмайди.
Ушбу ҳадисни бир неча бор эшитгансизлар ва у саҳиҳ ҳадисдир: «Ер юзида Аллоҳ, Аллоҳ дейдиган киши (қолмагунча) қиёмат қоим бўлмайди».[8] «Аллоҳ, Аллоҳ деб айтадиган киши», ўшаларга ўхшашларнинг кўпчилигига юқоридаги ҳадисларнинг сўнгида зикр қилинган ҳадисда ишора қилинди. Демак Аллоҳ таоло илмни уламоларни қабз қилиш билан кўтаради. Ҳатто бирор олим қолмагач одамлар жоҳил бошлиқларни танлаб оладилар. Ана шундай бошлиқлардан Қуръон ва Суннатни уламоларнинг йўлига зид тарзда изоҳлайдиган кимсадир. Фақат аввал ўтган (уламолар) демайман, балки кейинги келган (уламоларнинг ҳам изоҳига зиддир).
Улар ушбу «Аллоҳ, Аллоҳ» ҳадисини Аллоҳ азза ва жаллани ёлғиз «Аллоҳ, Аллоҳ» лафзи билан зикр қилишни жоиз эканига, балки мустаҳаб эканига далил қилиб келтиришади. Ана шунга ўхшаш изоҳ киритиш билан ушбу ҳадисни эшитган вақтда, ўзига бино қўйган кимса алданиб қолмаслиги ва билимсиз киши жоҳил қолмаслиги учун (шу ерда) ҳозир бўлган биродарларимга йўл-йўлакай ушбу тафсир ботил эканини эслатиб қўйишни ўзимга лозим топдим:
Биринчидан: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламдан келган бошқа бир ривоятда бунинг очиқ баёни келгандир.
Иккинчидан: Агар ушбу изоҳ тўғри бўлганида салаф-солиҳ розияллоҳу анҳумларнинг амали ўшандай жорий бўларди. Демак улар шундай қилишмаган экани, уларнинг ушбу изоҳга биноан амал қилишдан юз ўгиришгани, ушбу изоҳнинг ботил эканига далолат қилади.
Энди ушбу ривоятга бошқа бир ривоят қўшилса нима дейсизлар, масаланинг моҳияти ҳам шудир. Имом Аҳмад ушбу ҳадисни ўзларининг «Муснад»ларида саҳиҳ санад ила ушбу лафзлар билан ривоят қилганлар: «Ер юзида ла илаҳа иллаллоҳ дейдиган киши бор экан қиёмат қоим бўлмайди».[9] Демак такрор, биринчи ривоятда такрор келган Аллоҳ, лафзи жалоладан қасд қилинган маъно шу эди.[10]
Энди гаплашаётган мавзумизга қайтсак. Минг афсуслар бўлсинки бугун ер юзи, ушбу бепоён ер куррасини ўзларининг илмлари билан тўлдирадиган ва уни ўзларининг халқлари ўртасида тарқатадиган уламолардан холи қолди. Уламолар бугунги кунда қуйидаги мисраларда айтилган ҳолатдадир:
Илгари санаб чиқиладиган бўлса оз бўлардилар,
Бугунги кунда эса озайгандан-озайиб кетишди.
Биз Аллоҳ азза ва жалладан бизни уламоларнинг йўли узра ҳаққирост юриб борадиган ва уларнинг йўли бўйлаб ростгўйлик билан ўтиб борадиган толиби илмлардан қилишини умид қилиб қоламиз. Ушбу Аллоҳдан умидимизки, бизни Росул соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва саллам айтиб кетган ушбу йўл узра юрадиган толиби илмлардан қилишини умид қиламиз: «Ким илм истаб йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини енгил қилади».[11]
Бу менга Қуръоннинг жуда кўплаб ўринларида зикр қилинган ушбу илм борасида гап бошлашимга замин тайёрлайди. Мисол учун Аллоҳ таолонинг ушбу қовли:
«Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?» (Зумар: 9).
Ва яна Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу қовли:
«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур» (Мужодала: 11).
Ушбу Аллоҳ азза ва жалла унинг аҳлига, у билан безанган ва уларнинг йўлидан юрганларга мақтов айтган илм нима у ўзи?
Жавоб эса – Шайхулислом Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари имом Ибн Қоййим ал-Жавзия роҳимаҳуллоҳ айтгандекдир:
«Илм – Аллоҳ, Унинг Росули ва саҳобалар айтганидир, асло кўзбўямачилик эмас.
Илм Росул билан фақиҳнинг райини тентакларча ўзаро қарама-қарши қилиб қўйишинг ҳам эмас.
Ташбиҳ ва тамсилдан ҳазир бўлган ҳолатда Аллоҳнинг сифатларини инкор қилиш ҳам эмас».[12]
Илмни демак ушбу сўздан ёки шоирларнинг сўзларида нодир ҳолатда эшитадиганимиз ушбу шеърдан оламиз. Чунки уламоларнинг шеъри шоирларнинг шеъридан ўзгача бўлади. Бу киши эса олим. Шеърни ҳам қойиллатадилар. Демак у киши айтяптиларки: Илм – «Аллоҳ айтди», бу биринчи даража, «Росулуллоҳ айтди», бу эса иккинчи даража, «Саҳобалар айтди», мана буниси эса учинчи даражадир.[13]
Ана шу ўринда ушбу муборак, ажойиб кечада гапимни ушбу (нуқтага) қаратаман иншааллоҳ. Ибнул Қоййимнинг ушбу сўзлари бизга ўта муҳим бир ҳақиқатни ёдимизга солади. Ушбу ҳақиқатдан бугунги кунда Ислом оламида Исломга даъват қилувчи деган ном остида кенг тарқалган аксар даъватчилар ғофилдирлар. Хўш, ушбу ҳақиқат нима? Ўша даъватчиларнинг наздида маъруф бўлган нарса шуки: Ислом бу Аллоҳнинг Китоби ва Росули соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламнинг суннатларидир. Бу шак-шубҳасиз ҳақдир. Бироқ бунда бир (муҳим) етишмовчилик бўлгани сабабли ноқисдир. Ушбу етишмовчиликка Ибнул Қоййим юқорида ўтган шеърларида ишора қилиб ўтдилар. Китобу-Суннатдан кейин саҳобаларни зикр қилдилар. Илм – Аллоҳ айтгани, Росули айтгани ва саҳобалар айтганидир.
Ҳозирги вақтда эса бирор кишини Китобу-Суннат билан бирга саҳобаларни ҳам ёдга олганини жуда нодир ҳолатда эшитамиз. Барчамизга маълум бўлганидек саҳобалар салаф-солиҳларнинг бошидагиларидир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мутавотир даражасидаги ушбу ҳадисда айтилганки: «Одамларнинг яхшиси мени асримдагилар».[14] Кўпчилик даъватчилар айтаётгандай: асрларнинг яхшиси деб, айтманглар. Асрларнинг яхшиси деб бошланадиган (ҳадиснинг) суннатда асли йўқдир. Икки саҳиҳ (имом Бухорий ва имом Муслим роҳимаҳумаллоҳларнинг ҳадис тўпламлари) ва улардан бошқа ҳадис ва суннат манбаларидаги саҳиҳ суннат ҳадиснинг ушбу лафз билан келган ривоятига мувофиқдир: «Одамларнинг яхшиси мени асримдагилар. Сўнг улардан кейин келадиганлари, сўнг улардан кейин келадиганлари».
Саҳобалар эса яхшилик билан гувоҳлик берилган ўша уч асрнинг бошидагиларидир. Имом Ибнул Қоййим ал-Жавзия эса уларни Китобу-Суннатга қўшиб келтирдилар. У киши томонларидан содир бўлган ушбу қўшиб келтириш хатога юз тутиши мумкин бўлган рай, ижтиҳод ва истинбот тарзида бўлдими? Чунки учқур от ҳам қоқилади. Агар кўп қоқилади демасак.
Жавоб: Йўқ. Ушбу иш истинбот ҳам ва хато бўлиши эҳтимоли бўлган ижтиҳоддан ҳам келиб чиқмади. Балки бу Аллоҳнинг Китоби ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламнинг ҳадисларига таянган ҳолатда бўлди.
Китобга келсак: Роббимиз азза ва жалланинг Қуръони Каримдаги ушбу қовлидир:
«Ким ўзи учун ҳақ йўл аниқ бўлганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса…» (Нисо: 115). Эътибор беринг «Ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса…» Роббимиз азза ва жалла ушбу оятда мана бу қовлга чекланиб, агар шундай қилса ҳам ҳақ бўларди, айтмадики: «Ким ўзи учун ҳақ йўл аниқ бўлганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса биз уни кетганича қўйиб берамиз». Балки етук бир ҳикмат сабабли ва биз баён қилиб, шарҳ бериш муносабатида турганимиз оятда Роббимиз азза ва жалла шундай деди: «Ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса». Демак оятни тўлиқ кўриниши:
«Ким ўзи учун ҳақ йўл аниқ бўлганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!» (Нисо: 115).
Ушбу оят зеҳнингиз ва қалбларингизда мустаҳкам ўрнашиб қолишини ва қалбларингиздан асло чиқиб кетмаслигини умид қиламан. Чунки у ҳақдир. Ушбу ҳақни айтар экансиз, бу билан ўнг томонга ҳам, чап томонга ҳам оғиб кетишдан ва бирор жузъий масалада бўлса ҳам нажот топмайдиган фирқалардан, агар залолатга кетган фирқалар демасак, бир фирқада бўлиб қолишдан нажот топасиз. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (барчага) маъруф ҳадисда айтдиларки, мен ҳозир ушбу ҳадисни биз гаплашаётган мавзумизга тегишли қисмигагина чекланаман: «Яқин келажакда умматим етмиш уч фирқага бўлиниб кетади. Биттасидан ташқари барчаси жаҳаннамдадир». «У ким экан эй Росулуллоҳ?», дейишди. «У жамоатдир», дедилар.[15]
Жамоат – мўминларнинг йўлидир. Асли ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламнинг қалбларига Аллоҳ томонидан бевосита тушган ваҳий бўлмасада, бироқ у юқоридаги оятдан айнан иқтибос бўлди: «Ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса».
Демак кимки пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, дарҳақиқат дўзах билан ваъид қилингандир. Аксинча иш тутса натижа ҳам аксинча бўлади: кимки мўминларнинг йўлига эргашса, унга шак-шубҳасиз жаннат ваъда қилингандир. Демак Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва саллам: Нажот топувчи фирқа қайси? Ким у?, деган саволларга жавоб бериб айтдиларки: «Жамоатдир». Демак жамоат – мусулмонларнинг тоифасидир. Сўнг ушбу маънони таъкидлаб ва янада очиқ баён қилиб келган бошқа бир ривоят ҳам бор. Соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салам айтдиларки: «У мен ва саҳобаларим йўлида бўлганидир».[16] Эътибор қаратинг «Саҳобаларим». Демак, бу мўминларнинг йўлидир. Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ юқорида зикри ўтган сўзларидаги «Саҳобалар» яъни алайҳиссаломнинг саҳобалари деганларида, ушбу (саҳобалар) деган қисмини юқоридаги оятдан ва мана бу ҳадисдан айнан иқтибос қилиб келтирди.
Яна Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган машҳур ҳадис ҳам, мен ҳозир ушбу ҳадиснинг баъзи саволларга ҳам вақт қолсин дея, ушбу биз гаплашаётган мавзумизга тегишли қисмигагина чекланаман. Соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салам айтдиларки: «Сизларга менинг суннатим (йўлим) ва мендан кейинги тўғри йўлдаги, ҳидоятланган халифаларимнинг суннати (йўли) лозим бўлади».[17]
Демак, ушбу ҳадис ҳам ўзидан олдинги ҳадис ва юқоридаги оятга ўхшашдир. Росул соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салам: Сизларга фақат менинг суннатим (йўлим) демадилар. Балки ўзларининг суннатларига (йўлларига) тўғри йўлдаги халифаларининг суннатини (йўлини) ҳам қўшиб қўйдилар.
Шундан келиб чиқиб биз хоссатан ҳозирги замонда, қарашлар, фикрлар, мазҳаблар қарама-қарши келиб турган, ҳамда гуруҳ ва жамоатлар кўпайиб, ҳатто кўплаб мусулмон ёшлар ўзини қайси жамоатга нисбат беришини билмай ҳайрону-лол қолган ҳолатда ҳаёт кечираётган замонда эканмиз, ушбу оят ва юқорида эслаб ўтилган икки ҳадисдан жавоб оламиз. Мўминларнинг йўлига эргашинглар!
Ҳозирги асрдаги мўминларнинг йўлигами? Жавоб: Йўқ. Балки ўтган асрдаги, аввалги асрдаги, саҳобалар ва салаф-солиҳларнинг асридаги (мўминларнинг йўлига эргашинглар). Ана ўша зотлар бизларнинг пешволаримиз ва эргашадиганларимиз бўлмоғлиги лозим. Мутлақ ер юзидаги улардан бошқалар эмас, (айнан уларнинг йўлига эргашамиз).
Демак бизнинг даъватимиз, гаплашаётган мавзумиз ва йиғилишимизнинг моҳияти ҳам ушбу нуқтададир, учта рукнга, Китобу-Суннат ва салаф-солиҳларга эргашиш асосига қоим бўлгандир.
Энди кимки Китобу-Суннатга эргашиб, салаф-солиҳларга эргашмасликни даъво қиладиган бўлса ва ўзининг ҳолати билан айтсаки, дарҳақиқат ўзини тили билан ҳам очиқ айтади: улар ҳам кишилар эди, биз ҳам кишилармиз деса, у албатта (тўғри йўлдан) оғишиш ва залолатда бўлади. Нима учун? Чунки у ҳозиргина сизларга айтиб ўтганим, ушбу ҳужжатларни олмади. Мўминларнинг йўлига эргашдими? Йўқ. Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига эргашдими? Йўқ. Ҳоп унда нимага эргашди? Агар ҳавосига демасак, дарҳақиқат ақлига эргашди. Ақл эса маъсумми (хатога йўл қўйишдан сақланганми)? Жавоб: Йўқ. Демак очиқ-ойдин адашишликда адашибди.
Мен шундай деб биламанки, ўша машҳур фирқалардан мерос бўлиб келаётган эски ихтилофлар-у, бугунги кунда бўй кўтараётган янги ихтилофларнинг сабаби – учинчи манба бўлмиш салаф-солиҳларга қайтмасликдир. Барча Китобу-Суннатга мансубликни даъво қилади.
Мана ўша ҳайрону-лол қолган ёшлардан қуйидаги сўзларни эшитамиз, айтадики: Эй биродар, мана булар Китобу-Суннат деяпти. Анавилар ҳам Китобу-Суннат деяпти. Ҳоп унда ўртани ажратиб турган ҳукм қилувчи ажрим нима? Китобу-Суннат ва салаф-солиҳ манҳажидир. Кимки салаф-солиҳга таянмай фақат Китобу-Суннатга таянса, дарҳақиқат Китобу-Суннатга ҳам таянмабди. Агар ҳавосига демасак, дарҳақиқат ақлига таянибди.
Баъзи мисолларни келтиришим, бу менинг одатимдандир. Тоинки ушбу масала балки ушбу муҳим асос аниқ-равшан бўлсин. У ҳам бўлса «Салаф-солиҳ манҳажидир».
Шу ерда Фаруқ Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир асарни (ёдга олсак). Айтадиларки: «Агар ҳавои-нафс ва бидъат аҳли сизлар билан Қуръон воситасида мужодала қиладиган бўлса, улар билан Суннат воситасида мужодала қилинглар. Чунки Қуръон ўзида кўплаб маъноларни жо қилгандир».[18]
Нима учун Умар ушбу сўзни айтдилар?
Мен айтаманки: Бунинг сабаби Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг пайғамбари алайҳиссаломга Қуръонда хитоб қилган ҳолатда шундай деди:
«Сизга эса одамларга нозил қилинган нарсани (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун бу эслатмани – Қуръонни нозил қилдик» (Наҳл: 44).
|