Воскресенье, 24.11.2024, 19:23Главная | Регистрация | Вход

Hush kelibsiz

BUGUN KUNGA

ИСЛОМИЙ ТЕСТЛАР

FORUM

Namoz vaqti BO'LMA

Forumga kirish

Мини-чат

Izoh Faollari

Ассалому алейкум. Нима учун кинолар курсатмаяпти.


ШУ сылкага боссез скачат кила оласиз

Kalendar

«  Февраль 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728

hatm.quron.uz

Закот ҳисоблагич

uzwebiston.

quran.uz

hadis.islom.uz

www.islom.uz

muslimaat.uz

oilam.uz

www.hilol.com

www.siyrat.uz

info.islom.uz

www.fiqh.uz

e-tarix.uz

e-adabiyot.uz

halol.org

arabic.uz

forum.islom.uz

tib.islom.uz

savollar.islom.uz

media.islom.uz

blog.islam.uz

islam.uz ru

masjid.uz

kamolon.uz

mumina.uz

muslim.uz

ziyo.uz

muxlis.uz

novza.uz

www.buxoriy

xatib.uz

www.islomtv.com

www.houseofquran.c

islom.ziyouz.com

ayol.uz

www.tiu.uz

www.hisnulmuslim.c

Ar.Ruqyah

Коран он-лайн

Info islom

mp3quran

taqvo.ucoz.net

www.ihsanilim.com/

Tavhid com

Qur'onshunoslik

Ислом овози

www.ahlisunnat.com

www.favvora.com

hikmatnuri.com

uzgen.jimdo.com

IslamHouse

Talaba Biz

Lug'ot

Исломий Китоблар

Наш опрос

Alloh Ta'alo huzurida eng katta gunoh nima?
Javob berildi: 194

AllMuslims

Savol javob uz

islom uz

Поиск

Статистика

Главная » 2013 » Февраль » 7 » Аллоҳ йўлидаги биродарлик қандай бўлади?
15:56
Аллоҳ йўлидаги биродарлик қандай бўлади?
Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ учун севган дўстларим! Бугунги суҳбатимизга ғоят муҳим мавзулардан бирини мавзу қилиб танладик. У «Аллоҳ йўлидаги биродарлик» деб аталади. Одатимизга кўра, суҳбатни қуйидаги бир неча моддаларга бўлиб олиб борамиз:
Биринчи: Аллоҳ йўлидаги биродарлик моҳияти.
Иккинчи: Биродарлик ҳақ-ҳуқуқлари.
Учинчи: Биродарлашишга олиб борувчи йўл.

Диққат-эътибор билан тинглашингизни, бутун вужудингиз қулоққа айланишини умид қиламан. Аллоҳ таолодан бизларни сўзга қулоқ тутиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман. У бунга Қодир Зотдир.
Биринчи: Аллоҳ йўлидаги биродарлик моҳияти

Севикли биродарларим! Кўриб турганингиздек, уммат бугун гўё сел кўпиклари мисол бир кўпикка айланиб қолди, бирдамлиги йўқолиб, сафлари пароканда бўлиб кетди. Кучлилар қолиб кучсизлар ҳам, ғолиблар қолиб мағлублар ҳам, яқиндагилар қолиб узоқдагилар ҳам ундан умидвор бўлиб, уни ўзига тобеъ қилишни орзу қила бошлади. Бугун уммат ер юзининг очкўз халқлари бемалол ва тортинмасдан қўл чўзадиган тайёр луқмага айланиб қолди. Уммат бугун кўриб турганингиздек, ер юзидаги энг хор ва энг ҳақир миллат бўлмиш маймунлар ва тўнғизларнинг оғалари учун тайёр ўлжага айланди, улар унинг ерларини оёқости қилмоқдалар, аёвсиз топтамоқдалар. Бунинг асосий сабаби шуки, олам бугун фақат куч-қудратга эга бўлганларни ҳурмат қилади, уммат эса бугунги кунда заиф аҳволга келиб қолган. Чунки, тарқоқлик заифликка, хорлигу оёқости бўлишга сабабдир, куч-қудрат эса бирдамликнинг, ўзаро дўстлигу муҳаббатнинг покиза самарасидир. Уммат ўз бирдамлиги ва куч-қудратининг асл-асосини йўқотган кундан, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган маънодаги «Аллоҳ йўлидаги биродарлик» ундан ғойиб бўлган кундан бошлаб мана шундай хорловчи ва шармандали кўринишдаги заифликка юз тутди. Зотан, ҳақиқий маънодаги биродарлик фақат соф, умумий ва мукаммал тавҳид ақидасига эга бўлиш билангина вужудга келади.

Ана шу маънодаги биродарлик амалий воқеликка ва ҳаёт манҳажига айланган куни у мусулмон жамоасини оддий қўйбоқарликдан бутун оламнинг пешволарига айлантирган эди. Ушбу порлоқ, ёруғ ва мунаввар воқелик даставвал Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадаги мусулмонларни ранглари, кўринишлари, тиллари, ватанлари турлича бўлишига қарамай, бир-бирларига оға-ини тутинтирган кунларида жило тарата бошлаган эди. У зот қурайшлик Ҳамза, ҳабаший Билол, румлик Суҳайб, ғифорлик Абу Зарни биродарлаштирган ва оға-ини тутинтирган эдилар. Гўё мен ҳозир уларни кўриб тургандекман, улар бир овоздан гуриллаб мана бу шеърни ўқишаётгандек:
«Менинг отам Исломдир, ўзга отам йўқдир, бас,
Майли, мақтансин улар отам Тамим деб ё Қайс».

Улар бир овоздан Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларини ўқишаётгандек: «Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Аллоҳдан қўрқинглар — шояд У зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангизлар» (Ҳужурот: 10).

Бу биродарлашишнинг биринчи босқичи эди.

Иккинчи мартасида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинадаги Авс ва Хазраж қабилаларини улар ўртасида узоқ даврлар чўзилиб кетган ва ҳўлу-қуруқни баравар ёндирган оловли жанглар ва қонли урушларга барҳам берган биродарлаштириш амалиётини амалга оширдилар.

Сўнгра маккалик муҳожирлар билан мадиналик ансорлар ўртасини башарият тарихида мисли кўрилмаган ва асло кўрилмаяжак меҳр-муҳаббат ришталари билан мустаҳкам боғлаган биродарлаштириш намунасини кўрсатдилар. Ушбу биродарлашишда қалблар бир-бирига қўшилиб, руҳлар аралашиб кетганди. «Саҳиҳайн»да Анас розияллоҳу анҳу ривояти билан келтирилган ушбу ҳадис мазкур биродарликнинг гўзал кўринишларидан бир кўринишни тасвирлаб беради:

«Абдурраҳмон ибн Авф Мадинага (ҳижрат қилиб) келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у билан Саъд ибн Рабиъни биродар тутинтириб қўйдилар. Саъд дунёдор киши эди. У Абдурраҳмонга: «Эй биродар, ансорлар мени Мадинанинг энг бойларидан деб билишади. Мен мол-мулкимни иккимизга тенг тақсим қилмоқчиман. Иккита хотиним бор, хотинларимдан ёққанини танла, уни талоқ қилай, иддаси битгач, сен унга уйлангин», деди. Абдурраҳмон розияллоҳу анҳу: «Йўқ, Аллоҳ оилангга ва молингга баракот берсин. (Менга бозорга олиб борадиган йўлни кўрсатиб қўй», деди. Шундан сўнг унга бозорга олиб борадиган йўлни кўрсатиб қўйишди.) Абдурраҳмон олди-сотди қилиб озгина пишлоқ ва сарёғ фойда қилди. Бир неча кунлардан кейин кийимида сафрон (хушбўй модда) излари кўринган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кириб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Бу нима?», дедилар. Абдурраҳмон розияллоҳу анҳу: «Эй Расулуллоҳ, ансорлардан бир аёлга уйландим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унга нима маҳр бердинг?», дедилар. «Беш дирҳам оғирлигида олтин», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир қўй сўйиб бўлса ҳам, зиёфат бергин», дедилар» (Бухорий (№3781), Муслим (№1427) ва бошқалар ривоятлари).

Баъзан Саъд ибн Рабиъ замоналарини қўмсаб: «Оҳ, қани энди биродари учун бор мол-мулкини-ю аёлларини ҳам тақсимлашга тайёр ўша Саъд ибн Рабиълар?!!», деб қолинади.

Жавоб шуки: «Саъд ибн Рабиълар Абдурраҳмон ибн Авфлар билан бирга кетиб бўлишган».

Ҳа, «Саъддек саховатпешалик қила оладиган ким бор?!» деган саволга «Абдурраҳмон ибн Авфдек ўзини пок тута оладиган ким бор?!», деб жавоб берилса тўғри бўлади.

Бир киши салафлардан бирларининг ёнига бориб: «Қаерда қолди «Мол-дунёларини кечаю кундуз, яширин ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар»?! (Бақара: 274)», деб сўраганида у зот: «Улар «Одамлардан тиланиб туриб олмайдиган» (Бақара: 273) кишилар билан бирга кетиб бўлганлар», деб жавоб берган эканлар.

Бу соф ва мукаммал тавҳид ақидасидан келиб чиққан ҳақиқий биродарлик кўринишларидан биргина кўриниш эди. Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, агар ушбу ҳадис саҳиҳликнинг энг олий даражасида эканини билмаганимда эди, буни гўзал бир туш деб қабул қилган бўлсам керак эди.

Ҳақиқий ва содиқ биродарликдир бу, унинг ҳақиқати ана шундайдир! Зотан, Аллоҳ йўлидаги биродарлик фақат ақида ришталари билан, иймон ришталари билан, Аллоҳ йўлидаги муҳаббат ришталари билан мустаҳкам боғланган бўлади ва бу ришталар асло узилиб кетмайди.

Аллоҳ йўлидаги биродарлик Аллоҳнинг жуда катта неъмати ва ҳақиқий мўминлар устига ёғдирган улкан файзидир, биродарлик Аллоҳ у билан пок ва закий мўминларни қондирадиган тоза шаробдир.

Шунинг учун Аллоҳ йўлидаги биродарлик иймоннинг ажралмас қисмига айлангандир. Қаердаки, иймонсиз биродарлик топилса, билингки, у манфаатлар тўқнашуви ва фойдалар алмашувидан бошқа нарса бўлмайди. Ҳақиқий биродарликсиз иймон бор бўлса, билингки, бу иймон нуқсонли бўлиб, унинг соҳиби даво ва муолажага муҳтождир. Бинобарин, Аллоҳ таоло иймон билан биродарликни битта оятда жамлаб зикр қилдики: «Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир» (Ҳужурот: 10).

Аллоҳнинг мустаҳкам арқони билан боғланган ҳақиқий биродарлик Парвардигор азза ва жалла мўмин-мусулмонларга меҳрибонлик билан инъом этган улкан неъмат эди: «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар! Барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз! Ҳамда Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳининг ёқасида турган эдингиз, сизларни ундан халос қилди. Ҳақ йўлни топишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини мана шундай баён қилади» (Оли Имрон: 102, 103).

Ҳа, биродарлик Аллоҳ таоло мўминларга инъом этган неъматдир. Аллоҳ таоло айтади: «У сизни Ўз ёрдами ва мўминлар билан қувватлантирган ва уларнинг (мўминларнинг) дилларини бирлаштирган зотдир. Агар (сиз) Ердаги бор нарсани сарфласангиз ҳам уларнинг дилларини бирлаштира олмаган бўлур эдингиз. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди. Албатта, У қудратли, ҳикматлидир» (Анфол: 63).
Иккинчи: Биродарлик ҳақ-ҳуқуқлари
1) Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўриш

Абу Довуд ва Зиёул-Мақдисий Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, шайх Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким Аллоҳ учун яхши кўриб, Аллоҳ учун ёмон кўрса ва Аллоҳ учун инъом этиб, (нолойиқ ўринга) Аллоҳ учун бермаса, иймонини комил қилибди».

«Саҳиҳайн»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимда учта нарса бўлса, у иймоннинг ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Расули бошқа барча нарсадан кўра суюкли бўлиши, бир кишини яхши кўрса фақат Аллоҳ учун яхши кўриши, куфрга қайтишни ўтга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши».

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Етти киши борки, Аллоҳ Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ кунда уларни Ўз соясида соялантиради: Адолатли имом-раҳбар; Парвардигорининг ибодатида улғайган йигит; қалби масжидларга боғланган киши; Аллоҳ йўлида дўстлашган, Унинг йўлида бирлашиб, Унинг йўлида ажрашувчи икки киши; мансабли ва соҳибжамол аёл ўзига чорлаганда: «Мен Аллоҳдан қўрқаман», деган киши; махфий ҳолда садақа берган, ҳатто ўнг қўли берганини чап қўли билмаган киши; Аллоҳни холий зикр қилиб, кўзёши тўккан киши» (Муттафақун алайҳ).

Сиз мана шу ҳадиси шариф ҳақида ҳеч тафаккур юритиб кўрганмисиз? Қуёш шундоққина бошлар устига яқин келтириб қўйилган кун.. Тиқилинчнинг ўзиёқ нафасларни бўғиб юборади.. Бутун башарият – Одам алайҳиссаломдан тортиб қиёмат қойим бўлгунича ўтган ҳар бир инсон боласи – маҳшаргоҳга йиғилган, жаҳаннам гувиллаб ётибди, уни тортиб олиб келинган.. «У кунда (яъни, қиёмат кунида) жаҳаннам олиб келинади ва унинг етмиш минг тизгини бўлади. Ҳар бир тизгиндан етмиш минг фаришта тортиб келади» (Имом Муслим ривояти). Юраклар даҳшатдан ёрилгудек ана шундай оғир ҳолатда Аллоҳ таоло етти тоифа кишини Ўз соясида сояланишга чорлайди, у куни Унинг соясидан ўзга соя бўлмайди.. Ўша бахтли инсонлар ичида Аллоҳ учун бир-бирига муҳаббат қўйган, Аллоҳ учун бирлашиб, Аллоҳ учун ажрашувчи икки киши ҳам бўлади. Нақадар буюк каромат, нақадар ҳурмат-эҳтиром!!

«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Бир киши бошқа шаҳарда яшайдиган бир биродарининг зиёратига отланди. Аллоҳ таоло унинг йўлига бир фариштани жўнатди. Ҳалиги одам фариштанинг ёнига етиб келгач, фаришта ундан: «Қаерга кетяпсиз?», деб сўради. «Шу шаҳарда бир биродарим бор, уни зиёрат қилгани кетяпман», деди. «Унда сизнинг бирон ундириб оладиган ҳаққингиз борми?», деди фаришта. «Йўқ, мен уни фақат Аллоҳ учун яхши кўраман», деди. Шунда у: «Мен сизга Аллоҳ жўнатган элчиман, сиз биродарингизни Аллоҳ учун қанча яхши кўрсангиз, сизни хам Аллоҳ шунча яхши кўрди», деди (Муслим (№2567) ривояти).

Имом Молик «Муватто»да, Имом Аҳмад «Муснад»да келтирган, шунингдек Ҳоким ҳам ривоят қилган ва Заҳабий саҳиҳ санаган ҳадисда айтилишича, Абу Идрис ал-Хавалоний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Дамашқ масжидига кирган эдим, тишлари дурдек бир ёш йигит ўтирибди, атрофида одамлар йиғилган. Бирон нарсада ихтилоф қилиб қолсалар, унинг фикрига суянадилар, унинг сўзини муқаддам қўядилар. Мен у йигитнинг кимлигини сўраган эдим, Муоз ибн Жабал, деб жавоб беришди. Эртаси куни пешинга яқин келдим. Қарасам, у мендан ҳам эртароқ келиб, намоз ўқиётган экан. Кутиб турдим. Намозини тугатгач, олдига бориб, салом бердим. Сўнг унга: «Аллоҳга қасамки, мен сизни Аллоҳ учун яхши кўраман», дедим. «Аллоҳ ҳаққи?», деди. «Аллоҳ ҳаққи!», дедим. Яна: «Аллоҳ ҳаққи?», деди. «Аллоҳ ҳаққи!», дедим. Яна: «Аллоҳ ҳаққи?», деди. «Аллоҳ ҳаққи!», дедим. Шунда у ридоимдан ушлаб, ўзига тортди ва: «Хурсанд бўлаверинг! Чунки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман: «Аллоҳ таборака ва таоло деди: Мен учун бир-бирига муҳаббат қўйганларга, Мен учун бирга ўтирган кишиларга, Мен учун бир-бирларини зиёрат қилувчиларга ва Мен учун бир-бирларига инфоқ-эҳсон қилувчиларга Менинг муҳаббатим вожиб бўлди».

Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Иймон эгаси бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар. Бир-бирингизга муҳаббатли бўлмагунингизча иймонли бўла олмайсизлар. Сизларни бир-бирингизга муҳаббатли бўлишингизга сабаб бўладиган ишга йўллаб қўяйинми? Ўрталарингизда саломни ёйинглар!».

Биродарингизга чин кўнгилдан ва ҳарорат билан салом беринг, совуқ ва ҳиссиз саломлашманг.

Биз кўпинча саломлашиш ва кўришишнинг ҳароратини, қўл бериб кўришиш ихлосини ҳис қилмаймиз, қалб қалб билан кўришишини сезмаймиз!!

«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Одамлар олтин ва кумуш конлари каби конлардир. Уларнинг Исломда яхшилари жоҳилиятда яхши бўлганларидир - агар динни тушунсалар. Руҳлар жамланган лашкарлардир. Улар ичидан жинси бир-бирига мос келгани (таниганлари) улфатлашади, мос келмагани (танимаганлари) бир-бири билан чиқиша олмайди (юз ўгириб кетади)».

Хаттобий раҳимаҳуллоҳ айтади: Яхши одам яхшиларга мойил бўлади, ёмон кимса ёмонларга мойил бўлади. Руҳларнинг бир-бирига жинси мос келгани улфатлашади, мос келмагани бир-биридан юз ўгиради, деганининг маъноси шудир. Шунинг учун мўмин киши фақат ўзига ўхшаган иймон ва ихлос аҳли бўлган кишиларни яхши кўради, фақат қалби нопок мунофиқ кимсагина мўминни ёмон кўради. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта иймон келтириб яхши амаллар қилган зотлар учун Раҳмон дўстликни (барқарор) қилур» (Марям: 96).

Яъни, унга бўлган муҳаббатни мўмин бандаларнинг дилларига жо қилиб қўяди. Мўмин киши бу мартабага фақат Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлгачгина ноил бўлади. Зеро, «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло бир бандани яхши кўрса, Жибрийлни чақириб: «Мен фалончини яхши кўраман, сен ҳам уни яхши кўргин», дейди. Шунда Жибрийл ҳам уни яхши кўриб қолади. Сўнг само аҳли ичида: «Аллоҳ фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар», деб нидо қилади, само аҳли ҳам уни яхши кўрадилар. Шундан сўнг у инсон учун ерда қабулият (яъни, одамларнинг муҳаббати ва розиликлари) вужудга келади. Агар Аллоҳ бир бандани ёмон кўрса, Жибрийлни чақириб: «Мен фалончини ёмон кўраман, сен ҳам уни ёмон кўргин», дейди. Шунда Жибрийл ҳам уни ёмон кўриб қолади. Сўнг само аҳли ичида: «Аллоҳ фалончини ёмон кўради, сизлар ҳам уни ёмон кўринглар», деб нидо қилади, само аҳли ҳам уни ёмон кўрадилар. Шундан сўнг у инсон учун ерда нафрат вужудга келади» (Бухорий (№3209), Муслим (№2637) ривоятлари).

Севикли дўстларим!

Киши қиёмат куни маҳшарда Ўзи яхши кўрган кишилар билан бирга туради. Агар покдомон ва яхши кишиларни – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошлаб, у зотнинг саҳобалари ва уларга яхшилик билан эргашган зотларни яхши кўрсангиз, Роббул оламийн хоҳласа, ўшалар билан бирга турасиз. Агар нопок кимсаларни, фисқу фужур аҳлини яхши кўрсангиз, зиёнкорлардан бўласиз ва Роббул оламийн хоҳласа, ўшалар билан бирга турасиз.

«Саҳиҳайн»да Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Қиёмат қачон?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Қиёмат кунига нима ҳозирладинг?!», дедилар. «Ҳеч нарса, бироқ мен Аллоҳ ва Расулини яхши кўраман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сен ўзинг яхши кўрган кишинг билан бирга бўласан», дедилар. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сен ўзинг яхши кўрган кишинг билан бирга бўласан» деган сўзларидан хурсанд бўлганимизча ҳеч нарсадан хурсанд бўлмаганмиз. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни, Абу Бакрни, Умарни яхши кўраман ва уларга бўлган севгим сабаб, гарчи улардек амал қилолмаган бўлсам ҳам, улар билан бирга бўлишни умид қиламан». (Бухорий (№3688), Муслим (№2639) ривоятлари).

Биз ҳам Аллоҳни гувоҳ қилиб айтамизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни, Абу Бакрни, Умарни, Усмонни, Алийни ва барча саҳобаларни ҳамда уларнинг йўлларига эргашган барча-барча кишиларни яхши кўрамиз, Аллоҳ таборака ва таолодан Ўзининг фазли-карами билан – бизнинг амалларимиз билан эмас – ўша зотлар билан бирга тургизишини сўраймиз.

Киши бир биродарини яхши кўрса, буни унга билдириб қўйиши суннатга мувофиқ бўлади. Миқдом ибн Маъдий Кариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар сизлардан бирингиз биродарини яхши кўрса, яхши кўришини унга билдириб қўйсин» (Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривоятлари, (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 421).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан бир киши ўтиб қолди. Шунда у зот ҳузурида бўлган кишилардан бирлари: «Мен шу одамни Аллоҳ учун яхши кўраман», деди. «Ўзига буни айтганмисиз?», деб сўрадилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. У: «Йўқ», деди. «Боринг, айтиб қўйинг», дедилар. У киши ҳалиги одамга бориб айтган эди, у: «Мени ким учун яхши кўрсангиз, Ўша зот сизни яхши кўрсин», деди (Абдурраззоқ ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3253).

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қўлидан ушладилар ва: «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман», дедилар. Шунда Муоз: «Ота-онам сизга фидо бўлсин ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, мен ҳам сизни яхши кўраман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизга насиҳатим, эй Муоз, ҳар бир намоздан кейин: «Эй Аллоҳ, Сени зикр қилишга, Сенга шукр қилишга ва чиройли ибодат қилишга менга Ўзинг ёрдам бергин», деб айтинг», дедилар» (Абу Довуд (№1522), Насоий (3/53), Ҳоким «Мустадрак»да (3/273) ривоят қилганлар).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрларига мувофиқ, мен ҳам Аллоҳни гувоҳ қилиб айтаманки, сизларнинг ҳаммангизни Аллоҳ учун яхши кўраман, Аллоҳ таолодан ҳаммамизни Ўзининг соясидан ўзга соя бўлмаган кунда У учун бир-бирларига муҳаббат қўйган кишилар билан бирга Ўз арши соясида жамлашини сўрайман. У бунинг хожаси ва бунга қодирдир.
Иккинчи хутба

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд...
2) Биродар қалбида биродарига нисбатан ғиллу-ғашлик, ҳасад ва адоватни олиб юрмаслиги

Аллоҳ учун севган дўстларим!

Мўмин киши дили пок, кўнгли тоза, қалби саломат, мулойим ҳиссиётли, туйғулари шаффоф бўлади. Тунда уйқуга кетар экан, унинг кўнглида ер юзидаги биронта ҳам мусулмонга нисбатан ғашлик, нафрат ва адоват ёки бирон бир мўминга нисбатан ҳасад бўлмайди.

«Саҳиҳайн»да Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Бир-бирингизга нафрат қилмангиз, бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, бир-бирингиздан юз бурмангиз, ўзаро биродар бўлинг эй Аллоҳнинг бандалари!».

Гина-адоват ва ҳасад қалбнинг энг хатарли касалликларидан саналади, Аллоҳ сақласин, киши бир биродарини бир неъмат устида кўриб, унга ҳасад қилади, қалбида унга нисбатан ғараз пайдо бўлади. Бу бечора билмайдики, бу иши билан у ризқларни тақсимлаган Аллоҳдан рози бўлмаяпти. Бундай инсон Аллоҳдан қўрқсин ва Аллоҳга тавба қилиб қайтсин, ўша биродарига ато этган Зотдан унга ҳам Ўз фазли-баракотидан ато этишини сўрасин, содиқлар билан бирга уларнинг мана бу сўзларини такрорласин: «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» (Ҳашр: 10).

Улар билан бирга сидқидилдан, соф кўнгил билан бу сўзларни такрорласин. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло улар ҳақларида мана бундай марҳамат қилган: «Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, ана ўшалар нажот топувчи зотлардир» (Ҳашр: 9).

Имом Аҳмад «Муснад»ида Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ўтирган эдик, у зот: «Ҳозир олдингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши кириб келади», дедилар. Шунда ансорлардан бир киши кириб келди, соқолидан таҳорат суви томчилаб турар, чап қўлида оёқ кийимини ушлаб олган эди. Эртасига ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айни сўзни айтдилар, яна ҳалиги одам кириб келди. Учинчи куни ҳам худди шу ҳол такрорланди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб кетгач, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ҳалиги одамнинг ортидан бориб: «Отам билан айтишиб қолиб, уч кун уйга кирмасликка қасам ичиб қўйгандим. Рухсат берсангиз, уч кунгача сизнинг уйингизда туриб турсам», дебди. Ҳалиги одам хўп деб, изн берибди. Абдуллоҳ ибн Амр бизга сўзлаб беришича, у уч кечани ўша одам билан бирга ўтказиб, унинг таҳажжуд намозига турганини кўрмабди. Фақат у кечасида уйғониб кетиб, уёқ-буёғига ағдарилса, Аллоҳни зикр қилиб, такбир айтиб қўяр экан-да, шу билан бамдод намозига тураркан. Абдуллоҳ айтади: «Лекин, мен унинг фақат яхши сўзлар айтганини эшитдим. Уч кеча ўтиб, мен унинг деярли бирон катта амалини кўрмагач: «Эй Абдуллоҳ! Отам билан ўртамизда ҳеч қандай гап-сўз бўлмаганди. Лекин, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уч марта: «Ҳозир олдиларингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши кириб келади», деганларини эшитдим, учала мартасида ҳам сиз кириб келдингиз. Шунинг учун мен сизнинг олдингизда туриб, нима амал қилишингизни кўриб, шу амалингизга эргашсам, деб келган эдим. Бироқ, сизнинг бирон ортиқча амал қилганингизни кўрмадим. Нима нарса сизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган даражага етказган бўлиши мумкин?», дедим. У: «Шу кўрганингиздан бошқа амалим йўқ», деди. Чиқиб кетаётганимда тўхтатиб: «Шу кўрганингиздан бошқа амалим йўқ. Бироқ, мен кўнглимда мусулмонлардан бирон кишига ҳам ғиллу-ғашлик сақламайман, бирон кишига Аллоҳ ато этган яхшиликда ҳечам ҳасад қилмайман», деди. Шунда мен: «Ҳа, сизни шу даражага кўтарган нарса шу экан, бизнинг мана шунга кучимиз етмайди», дедим». (Аҳмад (3/166), Термизий (№3694), Табароний «Ал-кабир»да (110/206), Ҳоким «Мустадрак»да (3/73) ривоят қилганлар, Заҳабий саҳиҳ санаган).

Дилнинг ғиллу-ғашликдан ва ҳасаддан тозалиги бу одамни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу дунёдаёқ жаннатилик билан хушхабар берган ана шундай юқори даражага етишига сабаб бўлди.
3) Қалбнинг ва нафснинг тозалиги

Аллоҳ йўлидаги биродарлик ҳақ-ҳуқуқларидан яна бири шуки, агар биродарингизга молингиз билан фойда етказишга қодир бўлмасангиз, ҳеч бўлмаганда тилингизни ундан тиясиз. Бу иймоннинг энг заиф ҳолатидир. Агар тилимизга эрк берсак, исбот-далилсиз туҳматлар ёғдириб ташлашдан тоймайди. Агар ҳар бир одамга истаган вақтда истаган сўзини айтишига кенг йўл очиб қўйиладиган бўлса, фисқу-фасод, ҳасад ва адоват тарқалади. Зеро, тил инсон жисмидаги энг хатарли аъзо саналади. Аллоҳ таоло айтади: «У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» (Қоф: 18).

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир» (Нур: 19).

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта (бузуқ ниятлардан) бехабар, покиза, мўмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўлдилар. Улар учун улуғ азоб бордир. У кунда қиёматда қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўл ва оёқлари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур. Ўша кунда Аллоҳ уларнинг ҳақиқий жазоларини комил қилиб берур ва улар Аллоҳнинг аниқ-ҳақ эканини билурлар» (Нур: 23-25).

Аллоҳдан қўрқинг, тилингизни тийинг. Аллоҳга қасамки, оғзингиздан чиққан ҳар бир сўзни Аллоҳ ҳузуридаги китобда ёзилган ҳолда топасиз, Парвардигорим унутмайди ҳам, адашмайди ҳам.

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлса, ё яхши сўзлар сўзласин ё эса жим бўлсин!» (Бухорий (№6138), Муслим (№48) ривоятлари).

«Саҳиҳайн»да Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен: «Ё Расулуллоҳ, қай бир кишининг исломи энг афзал?» деб сўрадим. «Мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган киши(нинг исломи)» деб жавоб бердилар «Бухорий (№11), Муслим (№42) ривоятлари).

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Банда ўзи эътибор бермаган ҳолда Аллоҳнинг розилиги бўлган бир сўзни гапиради ва Аллоҳ уни шу сабабли жаннатда юксалтиради. Банда ўзи эътибор бермаган ҳолда Аллоҳнинг ғазаби келадиган бир сўзни гапиради ва шу сабабли у жаҳаннамга тушади» (Бухорий (№6478), Муслим (№2988) ривоятлари).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Рибо (судхўрлик) етмиш икки боб (даража) бўлиб, энг пасти киши ўз онаси билан зино қилганидекдир, киши биродарининг обрў-номусига зўрлик қилиши (тил теккизиши) рибонинг энг каттасидир» (Табароний «Ал-авсат»да (1/143) ривоят қилган, Албоний «Ас-силсилатус-саҳиҳа»да (№1871) саҳиҳ санаган).

Ушбу мавзуда келтираётганим ҳадисларни юракни пора-пора қилиб ташлайдиган мана бу ҳадис билан якунлайман: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир мўмин ҳақида ноҳақ гап гапирса, то айтган гапидан қуту (лтирадиган ҳужжатни олиб ке)лмагунча (жаҳаннам аҳлидан чиққан) қон-йиринг балчиғида сақланади» (Аҳмад, Абу Довуд, Ҳоким ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 437).

Аллоҳга қасамки, агар қалбимизда заррача иймон бўлса, ушбу ҳадисларни эшитгач, инсон бир калима гап айтишдан олдин тилини мингта юган билан юганлаб олган бўларди!! Бир калима сўз айтишдан олдин минг бор ўйлаб олган бўларди!!
4) Имкон қадар дунёвий эҳтиёжларини ўташга ёрдам бериш

Нубувват чашмасидан отилиб чиққан қуйидаги ҳадисга қулоқ тутинг: Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамларнинг Аллоҳга суюмлироғи (одамларга) нафи кўпроқ тегадиганидир. Амалларнинг Аллоҳга суюмлироғи бир мусулмоннинг дилига шодлик киритишингиз ё ундан бир ғам-ташвишни аритишингиз ё қарзини ўтаб қўйишингиз ё очлигини бартараф қилишингиздир. Мусулмон биродарим билан бирга бирон ҳожати учун юришим мен учун бир ой масжидда эътикоф ўтиришимдан яхшидир. Ким ғазабини тийса, Аллоҳ унинг айбини ёпади. Ким ғазабини сочишга қодир бўла туриб аччиғини ичга ютса, Аллоҳ қиёмат куни унинг қалбини розилик билан тўлдиради. Ким мусулмон биродари билан бирга юриб, унинг бир ҳожатини раво қилса, Аллоҳ таоло қадамлар тойиладиган кунда унинг қадамини собит қилади. Ёмон хулқ амални худди сирка асални бузганидек бузади» (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 176).

Агар дунё ишларидан бирор ишда ёрдам беришга қодир бўлса, бахиллик қилмай ёрдам бериши мусулмоннинг мусулмон биродари устидаги ҳақларидандир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир мусулмондан дунё ғамларидан бир ғамни кетказса, Аллоҳ ундан охират ғамларидан бир ғамни кетказади. Ким бир қийналган одамга енгиллик яратиб берса, Аллоҳ дунёю охиратда унга енгиллиқ яратиб беради. Ким бир мусулмоннинг (камчилигини) ёпса, Аллоҳ дунёю охиратда унинг (айбини) ёпади. Банда модомики, биродарига ёрдам бериш пайида экан, у Аллоҳнинг ёрдамида бўлади» (Муслим, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа ривоятлари).

Эй мусулмон биродар! Эй Аллоҳ таоло мансаб ё обрў ато этган инсон! Агар қўлингиздан келса, мусулмон биродарингизга ёрдам беринг, бахиллик қилманг. Бунинг муқобилида, мусулмонлар ҳам биродарларидан қўлларидан келмайдиган нарсани сўраб, қийнамасликлари керак бўлади.

Биродар биродарига қуйидаги сўзларни айтиши нақадар гўзал бўлади: «Мен Аллоҳдан сизни яхшилик калити қилишини сўрайман, сизга мана бундай ҳожатим бор, агар раво қилолсангиз, Аллоҳга ҳамд айтаман ва сизга миннатдорчилик изҳор этаман. Агар раво қилиш қўлингиздан келмаса, Аллоҳга ҳамд айтаман ва сизни маъзур тутаман». Мана шу ҳақиқий биродарлик бўлади.
5) Чин дилдан ва омонатдорлик билан насиҳат қилиш

«Саҳиҳ Муслим»да Тамим ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дин – насиҳатдир!». «Ким учун ё Расулуллоҳ!», сўрашди саҳобалар. «Аллоҳ, Унинг Китоби, Пайғамбари, мусулмонлар раҳбари ва оммаси учун», дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Насиҳат қилувчи насиҳатнинг шаръий қонун-қоидаларини яхши билган бўлиши лозим бўлади.

Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Ким биродарига одамлар ичида насиҳат қилса, уни шарманда қилибди. Ким биродарига ёлғиз ҳолида насиҳат қилса, уни (айбини) яширибди ва зийнатлабди».

Содиқ насиҳатгўй кўнгли юмшоқ, дили тоза, нияти холис киши бўлиб, биродарига ўзи учун яхши кўрган нарсани илинади. Агар биродарида бирон айбни кўрса, унга меҳр-шафқат билан яқинлашади, уни нафақат кийимлари билан, балки бутун вужуди билан ўраб-яширгиси келади, сўнг унга: «Эй Аллоҳ йўлидаги биродарим!» деб мурожаат қилади ва одоб билан, тавозеъ билан насиҳатини баён қилади.

Насиҳат қиларкансиз, биродарингизга ўз муҳаббатингизни, тавозеингизни сездиринг, унга меҳр билан ёндошинг. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида айтиб қўйибди: «Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар» (Фатҳ: 29).

Бир киши кунларнинг бирида Абдуллоҳ ибн Муборакнинг мажлисида ўтириб, бир мусулмонни ғийбат қилди. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак унга: «Эй биродар, сен Румга қарши жанг қилганмисан?!», дедилар. У: «Йўқ», деди. «Форсга қарши жанг қилганмисан?!», дедилар. У: «Йўқ», деди. «Сендан рум ва форс саломат қолибди-ю, бир мусулмон биродаринг саломат қолмабди-да!!», дедилар.

Насиҳат қилинган одам ўзига насиҳат қилган биродарига нисбатан яхши гумон қилиши, ғурури сабаб бўлиб, гуноҳга ботмаслиги, насиҳатни мулойимлик, одоб ва тавозеъ билан қабул қилиши, кейин эса насиҳат қилувчига ташаккур билдириб, унинг ҳаққига ғойибона дуо қилиши лозим.

«Мени айбларимга йўллаб қўйган кишини Аллоҳ раҳмат қилсин» деган кишини Аллоҳ раҳмат қилсин.
6) Ўзаро ёрдам

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингга золим бўлса-да, мазлум бўлса-да, ёрдам бер», дедилар. Шунда бир киши: «Ё Расулуллоҳ, мазлум бўлса-ку, ёрдам бераман. Лекин, айтингчи, золим бўлса қандай унга ёрдам бераман?», деб сўради. «Уни зулмдан тиясан. Шу унга ёрдам беришинг бўлади», дедилар (Имом Бухорий (№6952) ривояти).

Ҳар қандай ҳолатда ҳам биродарингизга ёрдам беринг. Агар золим бўлса, қўлидан ушлаб, зулмдан тийиб қўйинг. Агар мазлум бўлса, қўлингиздан келганича, бир калима сўз билан бўлса ҳам ёрдам беринг. Агар шу ҳам қўлингиздан келмаса, дилингиз билан ёрдам беринг, бу иймоннинг энг заиф ҳолатидир.
7) Мусулмон биродарингизнинг айбини яширишингиз, хатосини кечиришингиз

Бу ҳам энг катта ҳақ-ҳуқуқлардан саналади. Мусулмон биродарингиз ҳам бир инсон, у фаришта ҳам, пайғамбар ҳам эмас. Шундай экан, агар тойилса ва хато қилса, уни яширинг.

Уламолар айтишларича, одамлар икки турли бўлади. Бир турли одамлар инсонлар орасида солиҳлик билан, гуноҳлардан узоқ бўлиш билан машҳурдирлар. Агар улардан биронтаси тойилса, мусулмонлар унинг айбини яширишлари ва бу ҳақда гапириб юрмасликлари лозим бўлади.

Абу Барза ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй тили билан иймон келтириб, қалбига иймон кирмаган кишилар! Мусулмонларни ғийбат қилманглар, уларнинг айбларини қидириб юрманглар! Зеро, ким уларнинг айбларини текшириб юрса, Аллоҳ унинг айбини текширади. Аллоҳ кимнинг айбини текширса, уни ўз уйида турган ҳолида ҳам шармандасини чиқаради» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4083).

Аллоҳ таолодан барчаларимизнинг айбимизни чиройли суратда яширишини сўраймиз.

Яна одамлардан бир тури борки, гуноҳлар билан Аллоҳга қарши чиқади, гуноҳни очиқ-ошкор қилаверади, на яратувчидан, на халқлардан уялади. Бундай одам фосиқ ва фожирдир, унинг ғийбати йўқдир.
Учинчи: Биродарлашишга олиб борувчи йўл

Ишонаманки, аслида юқоридаги сўзлардан ушбу йўлнинг қандай бўлиши ойдинлашди. Бироқ, шундай бўлса ҳам, мен бу йўлни қисқача қилиб, икки босқичга бўлиб айтиб ўтаман:

Биринчи босқич: Ушбу диннинг ахлоқларига астойдил қайтиш.

Ахлоқ бор экан, уммат бор. Агар ахлоқ завол топса, уммат ҳам инқирозга юз тутади.

Шундай экан, ёлғиз Ислом динига хос бўлган олий ахлоқларга қайтайлик, шунда Аллоҳ йўлидаги ҳақиқий ва содиқ биродарлик бизга қайтиб келади.

Аллоҳга қасамки, ушбу диннинг ахлоқига ёки бошқа сўз билан айтсак, пайғамбарлар саййиди ахлоқига астойдил қайтмай туриб, на бирликка, на иззатга, на нусратга ва на ғалабага эришиб бўлади! Уммул-муъминийн Оиша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ахлоқларини икки калима сўз билан ифодалаб: «Хулқлари Қуръон эди», деганлар. Ҳа, Аллоҳга қасамки, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ер юзида одамлар дунёсида юрган тирик Қуръон эдилар.

Севикли дўстлар! Аввал ҳам кўп бора айтганимдек, тарбия ва ахлоқ борасида назарий манҳаж (режа, программа) тақдим этиш жуда осон ва жўн иш бўлурди. Аслида, бундай манҳаж бор ва мавжуд, китобларда битиб қўйилган. Лекин, модомики, ушбу манҳаж уммат ҳаётида яна бир бор амалий воқеликка ва ҳаёт манҳажига айланмас экан, ёзилган сиёҳининг қийматига ҳам тенг бўлмай қолаверади. Зеро, бугунги аччиқ ва аламли воқелигимиз билан ушбу мунаввар ва нурафшон манҳаж оралиғида жуда катта жарлик ҳосил бўлган.

Иккинчи босқич: Мусулмонларни мазкур ахлоқларга ҳикмат билан, гўзал панд-насиҳатлар билан чорлашга ҳаракат қилишимиз.

Ушбу назарий ахлоқларни ҳаётимизнинг нурли воқелигига айлантириб олганимиздан кейин энди бу ахлоқларга барча мусулмонларни чорлашга, чорлаганда ҳам ҳикмат билан, чиройли панд-насиҳатлар билан, мулойимлик билан, ширин ва жозибадор сўзлар билан чорлашга ҳаракат қилмоғимиз зарур бўлади. Барча замон ва маконларда ҳам одамларни Аллоҳнинг динига чорлаш мақоми шудир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Раббингизнинг йўли — динига ҳикмат (донолик) ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала — мунозара қилинг!» (Наҳл: 125).

Аллоҳ таоло айтади: «Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингизда эди, албатта атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар. Уларни афв этинг, улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг ва ишларингизда уларга маслаҳат солинг! Энди (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Аллоҳга суянинг — таваккал қилинг!» (Оли Имрон: 159).

Аллоҳ таолодан қалбларимизни Аллоҳ йўлидаги муҳаббат ришталари билан мустаҳкам боғлашини, шунинг ортидан яна қайтиб иззатимиз, кароматимиз, сиёдатимизга (раҳбарлигимизга) қайтаришини сўраймиз. У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.
Категория: Aqoid ilmlari | Просмотров: 1334 | Добавил: ÂţÎřGůL | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 1
1 Taqvo   (07.02.2013 16:02) [Материал]

Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2024 |