Бир куни Қози Шурайҳ ҳузурига ёш йигит келди. Уйланиш ниятида эканини, бўлажак рафиқаси таҳсил кўрган ва шаҳарлик бўлишини исташини билдирди, бу борада насиҳат сўради. Қози Шурайҳ сўз бошладилар: "Менинг ҳам уйланиш ниятида юрган кезларим эди. Бани Маҳзун қабиласи чодирлари олдидан ўтаётганимда бир қизни кўриб, талабгор бўлдим. Тез кунда тўй бўлиб ўтди. Лекин ҳеч қанча вақт ўтмай мен бу қишлоқ қизи, бунинг устига таҳсил олмаган, қандай яшаб кетаман дея пушаймон қила бошладим. Бир куни аёлим шундай деб қолди: – Сиз машҳур олим экансиз. Мен эса яйловларда кезиб юрган оддий қишлоқ қизиман. Аслида, сиз ҳам, мен ҳам ўзимизга муносиб одамлар билан турмуш қурганимиз маъқул эди, аммо тақдир иккимизни бирлаштирди. Аллоҳ таоло мендек оддий қизга сиздек олим инсонни насиб қилди. Энди сиз менга билмаган нарсаларимни, нималарга диққатли бўлишим кераклигин ўргатинг. Масалан, уйингизга менинг қариндошларимдан кимлар келишини истайсиз, кимларнинг ташрифини хоҳламайсиз. Қариндошларингиз билан муносабатларингиз қандай, менга айтинг, шунга кўра, ҳаракат қилай...” Бу сўзларини эшитиб аёлим ҳақида ўйлаб юрган ўйларимдан афсус чекдим. "Агар сен шу айтаётганларингга тўла амал қилсанг, мени бахтиёр қиласан. Сўровларингга келсак, диндор бўлмаган ҳеч кимни уйга киритмайсан; аммо диндор бўлишса-да, қариндошларинг кўп келмагани маъқул. Менинг яқинларимдан фалончи, фалончилар келишини истамайман...” дея керакли кўрсатмаларни бердим. Аёлим айтганларимга тўла амал қиларди. Шу тарзда ҳузур-ҳаловатда бир йил ўтди. Бир куни кўчадан келганимда уйимизда бегона аёлни кўрдим. Рафиқамдан сўраб, қайнонам эканини билгач, қўлимдан келганча эъзоз, ҳурмат кўрсатдим. Шу орада қайнонам мендан: – Ўғлим, аёлингиздан мамнунмисиз? – деб сўради. – Аллоҳ сиздан рози бўлсин, қизингиздан жуда мамнунман, – дедим самимий. – Шу кунгача менга озор берадиган бирор иш қилгани йўқ. Қайнонам эса менга икки оғиз сўз билан шундай чиройли насиҳат берди: – Биз қизимизни жаннатда катта қилдик, уйимиз Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билдирганларидек жаннат эди. Яъни, унга Қуръон ахлоқидан бошқа бирор нарса ўргатмадик. Лекин шунда ҳам сиз бир масалада ҳушёр бўлинг: аёллар икки сабаб билан талтайиб кетишларини унутманг. Биринчиси, эрининг ўзига бўлган муҳаббатини билиб қолганида; иккинчиси эса, фарзанд туғиб берганида”.
|