Аёллар бахти нимада?
Одамлар кўпинча сўрайдилар: "Бахт асли нима?”. Камина кўп сонли жавоблар, газеталар, журналлар, интернет ва шахсий ҳаётий тажрибамга суянган ҳолда, қуйидаги хулосага келдим: "Бахт – фақат Исломдадир. Бошқа ҳеч қаерда эмас!”.
Кўпчиликнинг фикрича, бахт – бойликда. Йўқ, муҳтарама опа-сингиллар, ундай эмас! Бойларнинг ҳаммаси ҳам тинч, бахтли ҳаёт кечирмайдилар. Ва уларнинг аксарияти ўзларининг нима мақсадда яратилганлигини билмайдилар. Ислом қонун-қоидаларига амал қилмайдилар. Улар ҳар доим дунёвий муаммолар билан машғул бўлиб, ўз бойликларини ўғрилар-у босқинчилардан ҳимоя қилиш билан шуғулланадилар. Дунёни яхши кўрган инсон хотиржам ухлай олмайди. Мамлакатдаги тўнтарилишдан, мол-мулкининг нобуд бўлишидан қўрқади. Агар бойликни ҳаром-хариш йўл билан топган бўлса, уни виждон азоби қийнайди (агар оз бўлса ҳам виждони бўлса).
Бундан ташқари, барча ҳадик ва хавотирларга қарамасдан, топган пуллари охир оқибат ўлимига сабаб бўлади. Грецияда Онассис исмли машҳур миллиардер яшаганди. Бойлигининг чеки-чегараси йўқ эди. Унинг қизи Кристинага мерос сифатида 5 миллиард риал қолади. Ҳамда у денгиз флоти ва авиакомпания соҳибасига айланди. Аммо у бахтли бўлдими? Мухбирлар уни сўроққа тутишганда: "Айтишларича, сиз энг бой аёл экансиз?! Шундайми?”, деб сўрашади. У айтади-ки: "Ҳа, мен энг бойиман. Лекин, энг бахтиқаро аёл ҳам менман”.
Кристина жаҳон бўйлаб бахтини излади, лекин уни тополмади. Охир оқибат, уни Аргентинадаги оддий бир уйда, мурда ҳолида топишди. Унинг қандай ўлганини ҳам ҳеч ким билмасди. Бу ҳаёти дунёда унга бойлиги фойда келтирмади, у дунёда эса у аёл айнан Қуръонда айтилган сўзларни айтади: "Менинг мол-мулким асло фойда бермади!” Аммо бой бўлиб, бойлигини ўрни-ўрни билан ишлатадиган, шу билан бирга Аллоҳга шукр айтадиган банда – бу икки баробар бахтиёрлик белгиси.
Айримларнинг айтишича, бахт – шуҳратда, машҳурликда. Кўрайлик-чи, шундаймикан? Аллоҳ йўлида хизмат қилаётган кишига ўта машҳурликнинг ҳожати йўқ. Дунёда эса қанчадан-қанча "машҳур”лар бор. Мисол учун: артистлар, қўшиқчилар, киноактёрлар. Улардаги шуҳратнинг ҳеч қандай пойдевори йўқ, яъни машҳурликлари тақвога асосланмаган. Шунинг учун ҳам ўша машҳурлик – бахт эмас, балки бахтсизлик бўлиб ҳисобланади!
Баъзиларнинг фикрича, бахт – жамиятда тутган мавқе билан ёки юқори поғонага эришишлик билан белгиланади. Йўқ, ҳар доим ҳам ундай эмас! Ўзини батамом машҳурликка атаб, ҳар томонлама обрў-эътиборга эришган бир аёл кунларнинг бирида бундай деган эди: "Менинг барча диплом ва унвонларимни, мавқе ва обрўйимни олинглар. Аммо буларнинг ўрнига – Эркак зотини берсангиз бас!”
Ўша аёл бу ҳақда бир шеърида шундай деган эди: "Мен шифокор бўлишга қаттиқ жазм қилгандим. Лекин бу соҳада бахтимни топа олмадим. Менга ажабланиб қараётганларнинг ҳаммасига айтингларки, бахтнинг тамоми мол-мулк ва дипломларда эмас. Балки оила ва фарзандлардадир”. Ушбу ҳаёти дунёда кўп нарсага эришган ҳар бир кучли аёл, доимо "мен ожиза бўлишни ва кучли кишининг ортида яширинишни хоҳлайман” дейишликка тайёр туради.
Аёл зоти бахтга эришиши мумкин. Қачонки бахтга олиб борадиган йўл устидаги тўсиқларни енгиб ўтса. Бу тўсиқлар нималар? Куфр (иймонсизлик), ҳасад, нафрат, ғазаб, зулм (адолатсизлик), қўрқинч, Аллоҳ марҳаматидан маҳрум бўлиш ҳисси, ёмон хаёллар, кибр, мағрурлик ва ҳоказо иллатлар. Агар мусулмон аёл ушбу тўсиқларни енгиб ўтса, инша Аллоҳ, бахтга эришади!
Аёл киши қандай қилиб ўз бахтини топиши мумкин? Исломда аёл бўйсунувчи бўлиши лозим. Бу ҳолат унинг амалларида намоён бўлади: Эр киши аксар вақтларда кўчада бўлишга мажбур. Шундай экан, уни кутиб олганда ўз хурсандчилигингизни яширманг, хушмуомалалик билан кутиб олинг! Чиройли ва тоза кийимларингизни кийинг. Хушбўй ҳидлар-у, атир-упалар ҳам ортиқлик қилмайди. У бироз тин олиб, нафасини ростлаб олгунча, ёмон хабарларни айтмасдан, балки яхшироқларини айтиб туринг. Билсинки,сиз уни кутгансиз ва аниқ соғингансиз.
Куёвингизнинг келишига, ҳар не бўлган тақдирда ҳам, иложи борича ҳамма ёқни саранжом-саришта қилиб, дастурхонга иссиқ таомни келтириб қўйинг. У билан нозик ва чиройли гаплашинг. Ўз қадди-қоматингизга ҳам эътибор беринг. Чиройли кўйлак кийинг, энг яхши атирлардан сепинг. Турмуш ўртоғингиз сизни умуман кир кийимда, сочлари тўзғиган ҳолатда кўрмасин. Динимизда таъқиқланган "зийнатлардан” сақланиб юринг. Мисол учун: татуировкадан.
Агар куёвингиз камбағалроқ ёки оддий ишда ишлайдиган бўлса, қайғурманг. Бева-бечораларга, бемор ва ногиронларга назар солиб, тафаккур қилинг. Аллоҳни эсга олинг ва Унинг берган неъматларига шукроналар келтиринг. Доимо ёдда тутишингиз лозимки, ҳақиқий бойлик - иймон ва тақводадир!
Агар куёвингизга раҳмат айтиб, миннатдорчилик билдирсангиз, хурсанд бўлади, сизни севади ва яна-да кўпроқ яхшилик қилишга интилади. Агар ношукурлик қилиб, ранжитсангиз, у ўзича ўйлай бошлайди: "Модомики у менинг яхшиликларимни писанд қилмас экан, нима учун унга яхшилик қилишим керак?!” Бундан ташқари, унга айниқса оғир ҳолатларда бўлган пайтларида кўмаклашинг. Мисол учун, хасталаниб қолганида ёки иши юзасидан муаммолар туғилганда. Имкон қадар уни қўллаб-қувватланг, керак бўлса пулингиз, мол-мулкингиз билан ёрдамлашинг. Нима буюрса ҳам, барчасини бажаринг (таъқиқланган – ҳаром иш бўлмаса кифоя).
|