Қуйидаги ҳадиси шарифда бир аъробий Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига келиб, дунё ва охират саодати учун зарур бўлган йигирма тўрт савол беради ва Қиёматгача келадиган ислом умматига икки дунё бахт йўли харитасини чизиб беради. «Бу ҳадисданда улуғ, бу ҳадисданда дунё ва охират учун фойдалироқ ҳадис кўрмадим» (Имом Мустағфирий). Бандалари икки оламда азиз бўлишлари учун аъробийга илҳом берган Зот тенги йўқ ва буюкдир. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу айтадилар: "Бир саҳролик киши Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кириб: "Эй Аллоҳнинг Расули, мен сиздан икки дунёга татигулик нарсалар ҳақида сўраш учун келдим”, - деди. Пайғамбар алайҳиссалом хоҳлаганингизни сўрайверинг дедилар. 1-савол. Аъробий: Инсонларнинг энг олими бўлишни хоҳлайман деб сўради. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Аллоҳга тақво қил. Энг олим инсон сен бўласан, дедилар. 2-савол. Аъробий: Энг бой инсон бўлишни хоҳлайман, деди. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Қаноатли инсон бўл, энг бой инсон бўласан, дедилар. 3-савол. Аъробий: Энг одил инсон бўлишни истайман. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Ўзинг яхши кўрган нарсани ўзгаларга раво кўр, энг адолатли бўласан, дедилар. 4-савол. Аъробий: Энг яхши инсон бўлишни хоҳлайман. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Инсонларга (жамиятга) фойдали бўл, энг яхши инсон бўласан, дедилар. 5-савол. Аъробий: Аллоҳнинг энг хос, яқин бандаларидан бўлишни хоҳлайман. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Аллоҳни кўп зикр қил, (зикрни кўпайтир) Аллоҳнинг хос, яқин бандаларидан бўласан, дедилар. 6-савол. Аъробий: Иймоним комил бўлишини хоҳлайман. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Хулқингни гўзал қил, иймонинг комил бўлади, дедилар. 7-савол. Аъробий: Муҳсинлардан бўлишни хоҳлайман. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Гўё Аллоҳни кўриб тургандай ибодат қил, сен у Зотни кўрмасанг хам у сени кўриб туради. Шундай қилсанг муҳсинлардан бўласан, дедилар. 8-савол. Аъробий: Аллоҳга итоат қилгувчилардан бўлишни хоҳлайман. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Фарз амалларни ўз вақтида адо эт, итоатгўйлардан бўласан, дедилар. 9-савол. Аъробий: Аллоҳга гуноҳлардан пок ҳолда рўбарў бўлишни хоҳлайман. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Жанобатдан яхшилаб поклан, Аллоҳга гуноҳлардан пок ҳолда йўлиқасан, дедилар. 10-савол. Аъробий: Қиёмат куни нур ичида тирилишни хоҳлайман. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Бирор кишига зулм қилма, Қиёмат куни нур узра тириласан, дедилар. 11-савол. Аъробий: Қиёмат куни Роббим менга раҳм қилишини хоҳлайман. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Ўзингга ва инсонларга раҳмли бўл, Роббинг сенга Қиёмат куни раҳм қилади, дедилар. 12-савол. Аъробий: Гуноҳларимни оз бўлишини хоҳлайман. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Кўп истиғфор қил, гуноҳларинг оз бўлади, дедилар. 13-савол. Аъробий: Энг обрўли–улуғ инсон бўлишни хоҳлайман. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Одамларга бирор нарсадан шикоят қилма, энг улуғ инсон бўласан, дедилар. 14-савол. Аъробий: Энг кучли инсон бўлишни хоҳлайман. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Аллоҳга таваккал қил (ҳар бир ишда Аллоҳга суян) – энг кучли инсон бўласан, дедилар. 15-савол. Аъробий: Аллоҳ ризқимни мўл-кўл қилиб беришини хоҳлайман. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Доим таҳорат билан юр, ризқинг кенг бўлади, дедилар. 16-савол. Аъробий: Аллоҳ ва Пайғамбари яхши кўрган бандалардан бўлишни хоҳлайман. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Аллоҳ ва Расули яхши кўрган нарсани яхши кўр, уларнинг маҳбуби бўласан, дедилар. 17-савол. Аъробий: Қиёмат куни Аллоҳнинг ғазабидан омонда бўлишни хоҳлайман. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Аллоҳнинг бандаларидан ҳеч кимга ғазаб қилма, Қиёмат куни Аллоҳнинг ғазабидан омонда бўласан. 18-савол. Аъробий: Дуоларим ижобат бўлишини хоҳлайман. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Ҳаром луқмадан узоқ бўл, дуоларинг ижобат бўлади, дедилар. 19-савол. Аъробий: Қиёмат куни Роббим гуноҳларимни яширишини хоҳлайман. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Биродарларингни айбини беркит, Қиёмат куни Аллоҳ гуноҳларингни яширади, дедилар. 20-савол. Аъробий: Гуноҳ, хатолардан халос этадиган нарса нима, деди. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Кўз ёшлар, итоаткорлик, касалликлар (мусибатлар) дедилар. 21-савол. Аъробий: Аллоҳ наздида энг буюк яхшилик нима, деди. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Гўзал хулқ, камтарлик, қийинчиликларга сабр, дедилар. 22-савол. Аъробий: Аллоҳнинг наздида энг ёмон гуноҳ нима, деб сўради. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Беодоблик (хулқи бузуқлик), қулига айланилган (ўтакетган) бахиллик, дедилар. 23-савол. Аъробий: Дунё ва охиратда Аллоҳнинг ғазабини бостирадиган нарса нима, деди. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Яширин, беркитиб яхшилик (эҳсон) қилиш, қариндош-уруғлар билан борди-келди қилиш, дедилар. 24-савол. Аъробий: Қиёмат куни жаҳаннам ўтини сўндирадиган нарса нима, деди. Жавоб: Пайғамбар алайҳиссалом: Дунёда қийинчилик, мусибатларга сабр қилиш охиратда жаҳаннам ўтини бостиради, деб жавоб бердилар. (Имом Аҳмад ривояти) Тошкент ислом институти 1-курс талабаси В. Азимбаев http://mumina.uz
|