ЭҲСОН ЛАЗЗАТИ
Нафс лаззатланадиган дунёдаги барча лаззатлар ҳақида фикр юргиздим. Нафс учун ўзгаларга яъни ҳожатманд, камбағал, ғам-ғуссали ва қайғуга ботган кишиларга эҳсон қилишдан, яхшилик кўрсатишдан кўра лаззатлироғини топмадим. Уларнинг юмушларини осон этиш йўлида юрганингизда, Аллоҳнинг розилигидан бошқа нарсани тама қилмайсиз. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам «Одамларнинг Аллоҳга суюклироқлари уларга манфаат келтирадиганларидир! Амалларнинг Аллоҳга суюклиси мусулмонга хурсандчилик киритишинг, ёки ундан қайғуни кетказишинг ёки очлигини даф қилишингдир! Мусулмон биродарим билан унинг ҳожатида юришим, мен учун, масжидда бир ой эътикоф ибодатини бажарганимдан афзалроқдир! Кимики, мусулмон биродарининг ҳожатида юриб, унинг ишини осон қилса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида, қадамлар қалқийдиган кунда, унинг қадамини собит қилгай»,—дедилар.
Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтдиларки: «Амалларнинг энг афзали мўминга хурсандчилик киритишдир! Унинг қарзини ўтайсан, ҳожатини бажарасан, қайғусини кетказасан!».
Суфён ибн Уяйна айтадиларки, Ибн Мункадирга лаззатлардан нима қолди? деб савол қилинганда, у зот- «биродарларга фазл қилиш, эҳсон қилиш!»,—деган эканлар.
Эй, лаззатни ахтараётган, ўз-ўрнидан эмас, балки, бошқа йўлларда излаб, адашиб юрган биродарим! Заиф камбағалларга, ҳожатмандларга бир марта бўлса ҳам, эҳсон қилиб кўрингчи! Кейин биласиз, қандай лаззатга ғарқ бўлганингизни. Аввалда татимаган, билмаган лаззатни топасиз!
|