Шу сабабли бундай кимсалар касалликка чалинсалар, норози бўлиб, дарров исёнкорлик қила бошлайдилар. "Нега айнан менинг бошига шу иш тушди”, каби беъмани саволлар билан Аллоҳга гуноҳкор бўладилар. Бундай ҳаракат қиладиган, дин ахлоқидан узоқ яшаганлар учун касаллик ёки фалокат вақтида сабр этиш, Аллоҳга таваккул қилиш ёки воқеага яхшилик назари билан қараш ғайри табиий ҳол. Тақдир ҳақиқатини яхши англаб етмаган бундайлар йўлиққан касалликни вируслар ёки микроблардан кўрадилар. Ёҳуд автоҳалокатга учраганлар бу воқеани машинадан кўришади. Ҳолбуки бундай эмас.
Касалликка сабаб бўлган микроорганизм ёки одамга зарар келтирувчи ҳар қандай восита ҳам барчага баробар - Аллоҳ сабаб қилиб яратган борлиқдандир. Ва бу борлиқларнинг ҳеч бири беҳуда яратилмаган. Уларнинг бари Аллоҳнинг назорати билан ҳаракат қилади. Агар бир инсон вирус сабабли оғир касалликка учраса, бу Аллоҳнинг илми ва изну иродаси билан рўй беради. Агар машина туфайли одамга зарар етиб ногирон бўлиб қолса, бу ҳам Аллоҳнинг изни биландир. Одам боласи нима қилса қилсин, тақдиридаги бундай воқеаларни ўзгатира олмайди. Чексиз қудрат соҳиби Аллоҳга таслим бўлган, Унинг илмига, раҳматига ишонган инсон учун касалликнинг ҳам, фалокат ва мусийбатнинг ҳам охири яхшилик билан якун топадиган бир имтиҳондир. Бундай вақтларда энг муҳим нарса Аллоҳнинг қадаридан рози бўлиб, гўзал ахлоқ кўрсатишдир.
Касалликлар, фалокатлар мўминнинг сабри ва ахлоқий гўзаллигини кўрсатиш, ҳамда Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун жуда қулай фурсатдир. Касалликка учраганлар Аллоҳга гўзал ахлоқ кўрсатишни истаса, уларнинг бари Аллоҳнинг имтиҳони эканини, дард ва шифони яратувчиси фақат Аллоҳ эканини ўйлаши керак. Агар одам касалликлардаги ўзи билмаган хайру ҳикматларни ўйлаб сабр қилса, улардаги яхшиликни ўша вақт кўрмаса ҳам қийин аҳволдан Аллоҳнинг олдида ёруғ юз билан чиқади. Шунинг ўзи инсонга энг буюк ютуқ бўлади.
Дунёда вақтинчалик қийинчилик кўрса ҳам, охиратда Аллоҳнинг изни билан яратувчисига итоатли бўлишнинг абадий гўзаллиги ва роҳати билан мукофотланади. Фақат бу ҳақиқатни қалбан англаб етиш ва бундай ҳодисаларда гўзал ахлоқ кўрсатиш жуда муҳимлигини унутмаслик керак. Бунинг учун барча касалликлар ҳикмат асосида яратилганини, Аллоҳ беҳикмат бирон иш қилмаслигини мудом ёдда сақлаш зарур. Аллоҳ истаса инсон ҳеч қачон касал бўлмайди, дард чекмайди. Мабодо ҳасталикка чалиниб, беморлик азиятларини бошдан кечирса, дунёнинг ўткинчилигини ҳамда Аллоҳнинг чексиз қувватини англаб етиш ва ундаги кўп ҳикматларни фикрлаш учун қулай фурсат топган бўлади.