Бир неча кунга меҳмон бўлиб келган онамни етаклаб шаҳарнинг бошқа бир томонига кетарканман, ичим ғимирларди: эссиз чипталар! Шундай зўр томоша эди-я! Нима бор тукканинг тагида. Қариндошларини эртага кўрсалар ҳам бўларди. Гап шундаки, онам томошага борайлик, деган таклифимни рад этиб, болаликдан бирга ўсган, бир синфда таҳсил олган амакиваччасини зиёрат қилишни афзал кўрди. Онамнинг сўзини қайтаролмай у ёққа борган бўлсамда, ҳатто қўнғироқни босганимизда ҳам ортга қайтишга тайёр эдим. Аммо ортга қайтолмадик. Кечгача у ерда қолиб кетдик. Суҳбат асносида онамнинг шаҳарда зерикиб қолмаяпсанми, қийналмаяпсанми деган саволига уй бекаси, яхшиям укам бор, у тинмай ҳолимиздан хабар олади. У ёрдам бериб турмаса, ҳолимиз нима кечарди, дея жавоб қайтарди. Очиғи, бу гапни эшитиб қошларимни учириб қўйдим. Ўзининг оиласидан ошиниб, учта опадан бирдек хабар олиш унчалик ҳам осон иш эмас. Ҳозирги замонда олинган биттагина тухумни ҳам қарз санайдиган, юз сўм пулни вақт ўтиб минг сўм қилиб олаётган ака-укалар камми?! Маъноли қош чимириб қўйганимни кўрган оиланинг етмишларни қоралаб қолган онаси салмоқланиб гап бошлади: Қизимга бу нарса эриш туюлди чоғи?
Ўйлаганларимни очиқ айтдим. Бир киши ўғли билан аравада кета туриб, боласига олисда ёниб турган чироқни қўллари билан кўрсатиб, ўша аммангнинг уйи, дебди. Қазои қадари етгач оламдан ўтиб, дўзахга тушганида ўша синглисининг уйни кўрсатган кўрсаткич бармоғи оловда ёнмаган экан.
Мен мана шу ривоятни болаларимга такрор-такрор айтиб катта қилдим. Ахир силаи раҳм қилишни ҳам бола ўз-ўзидан билиб олмайди. Унга ибрат кўрсатиб, тарбия давомида шунга ўхшаган ҳикоятларни айтиб, бунинг ортидан келадиган ажру савобга рағбатлантириб туриш керак. Мен болаларимни шундай катта қилдим. Мана уччала ўғлим ҳам опа-сингилларидан тинмай хабар олишади, ёрдамлашишади. У ердан чиқарканман, аслида оиладаги меҳр-оқибатнинг, аҳиллик, тотувликнинг асосий пойдеворини оналар қўйишини тушуниб етдим. Шунингдек, қалбимда бугунги зиёратдан бир оз бўлсин савоб топгандирман, деган умид чарақлай бошлади. Ортиқ чипталарни ўйламай қўйдим. Эртага эса яна бир қариндошимизни зиёрат қилиб, кўнглини олмоқчимиз. Чиптангиз куйса ҳам бизга ҳамроҳ бўлинг!
Нигора МИРЗАЕВА
|