Барчамизга маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида тилла тақинчоқлардан эркакларни қайтариб, аёлларга рухсат берганлар. Яқинда олимлар бу ҳолатга нисбатан янги изоҳларни баён қилишди.
Тилла тақинчоқлар соғлигимизга етарлича жиддий таъсир кўрсатар экан. Мутахассислар номсиз бармоқдаги тилло узукни кимлар олиб ташлаш кераклиги-ю, кимга бу металл ижобий таъсир этишини ҳам кўрсатиб ўтишди.
Олимлар тақинчоқларни, хусусан никоҳ узугини тақиш киши соғлигига қандай таъсир қилиши ҳақида баҳс юритишди. Бир қанча вақт олдин мутахассислар тилла узук (никоҳ узук)ларни доимий тақиб юриш зарар келтиришини эълон қилишган эди.
Бу фақат эркакларгагина тегишли экани ҳам уқтириб ўтилганди. Гап шундаки, вақт ўтиши билан бу қимматбаҳо металл ўзидан кимёвий моддалар ажратиб чиқарар, айнан шу моддалар эркакнинг жинсий безларига зарарли таъсир этиши, ҳатто жинсий жараённинг пасайишига ҳам олиб келиши мумкин экан. Жинсий безлар мўътадиллигининг бузилиши учун ҳатто миллиграммнинг бир неча улуши миқдоридаги олтин оксидлари ҳам етарли бўлади.
Шуниси қизиқки, тилла тақинчоқлар аёллар соғлигига салбий таъсир кўрсатмас экан. Олимларнинг тушунтиришларича, аёл танасининг гормонал ва жинсий тизими ташқи таъсирлардан яхши ҳимояланган, шунинг учун металллар чиқарадиган зарарлар уларнинг танасига ўз таъсирини ўтказа олмайди.
Олимларнинг таъкидлашича, олтин моддаси аёл танасига ижобий таъсир кўрсатиб, ундаги жараёнларни фаоллаштиради. Бундан ташқари, тилла буюмлар ўрта ёшдаги ва юрак касалликлари билан қийналаётган аёлларга асқотади. Яна қонбосими юқориларга ҳам фойдали, чунки артериал босимни туширади.
Илмий изланиш ва замонавий асбоб ускуналар ёрдамида аниқланган бу хусусият бундан 14 аср олдин Пайғамбаримиз тарафларидан ҳеч қандай асбоб-ускунасиз айтилгани мусулмон кишининг иймонини янада бақувват қилади.
Абу Абдуллоҳ Бухорий
|