Воскресенье, 24.11.2024, 20:30Главная | Регистрация | Вход

Hush kelibsiz

BUGUN KUNGA

ИСЛОМИЙ ТЕСТЛАР

FORUM

Namoz vaqti BO'LMA

Forumga kirish

Мини-чат

Izoh Faollari

Ассалому алейкум. Нима учун кинолар курсатмаяпти.


ШУ сылкага боссез скачат кила оласиз

Kalendar

«  Апрель 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930

hatm.quron.uz

Закот ҳисоблагич

uzwebiston.

quran.uz

hadis.islom.uz

www.islom.uz

muslimaat.uz

oilam.uz

www.hilol.com

www.siyrat.uz

info.islom.uz

www.fiqh.uz

e-tarix.uz

e-adabiyot.uz

halol.org

arabic.uz

forum.islom.uz

tib.islom.uz

savollar.islom.uz

media.islom.uz

blog.islam.uz

islam.uz ru

masjid.uz

kamolon.uz

mumina.uz

muslim.uz

ziyo.uz

muxlis.uz

novza.uz

www.buxoriy

xatib.uz

www.islomtv.com

www.houseofquran.c

islom.ziyouz.com

ayol.uz

www.tiu.uz

www.hisnulmuslim.c

Ar.Ruqyah

Коран он-лайн

Info islom

mp3quran

taqvo.ucoz.net

www.ihsanilim.com/

Tavhid com

Qur'onshunoslik

Ислом овози

www.ahlisunnat.com

www.favvora.com

hikmatnuri.com

uzgen.jimdo.com

IslamHouse

Talaba Biz

Lug'ot

Исломий Китоблар

Наш опрос

Alloh Ta'alo huzurida eng katta gunoh nima?
Javob berildi: 194

AllMuslims

Savol javob uz

islom uz

Поиск

Статистика

Главная » 2013 » Апрель » 17 » «Расулуллоҳ (с.а.в.)га мактуб»
13:00
«Расулуллоҳ (с.а.в.)га мактуб»

QosimAbdulloh
Соғинч мактуби (хаёлий қисса)
1-қисм
Маҳмуджон домла ҳар доимгидек ўз маърузасини ниҳоялагандан сўнг, талабалар ўзлари қизиққан масалаларда саволларини беришди. Домла шошмасдан саволларга жавоб берар, талабаларини ўз жавоби билан қаноатлантирар эди. Мутахассислиги тарихчи бўлганлиги учун ҳам бу борада ечилмай қолиб кетган масалалар борасида кўплаб саволлар тушар, домла эса, ҳеч иккиланмасдан уларга гўё ўша воқеаларни ўз кўзлари билан кўргандек гапириб берарди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам ўз кўзлари билан кўргандек…
Савол-жавоблар тугагач, домла аудиториядан чиқиб ректор хонасига йўл олди. Бугун Акмал Пўлатович яна уни чақиртирибди. Ўтган 2 сафар ҳам чақириб алланималар деганди: "Домла, талабаларга дарс ўтиш жараёнида тарих китобларида учрамайдиган маълумотлар айтибсиз, бу ҳақидага фикрларингизни қаердан олдингиз? Сиз фактларга суяниб лекция ўқийдиган домламисиз ёки қаердаги сафсаталар билан бошқаларнинг бошини қотирадиган эзма чолмисиз?!” деб қаттиқ гапирганди. Домла бўлса, ортиқча сўз ҳам айтиб ўтирмаганди. Бугун ҳам шу масалада бўлса керак, ҳойнаҳой. Хонага кириши билан Акмал Пўлатович:
- Аризангизни ёзинг, сиздака ходимлар бизга керак эмас, ундан кўра маҳаллангиздаги ёш болаларни тўплаб, эртакларингизни уларга айтинг. Сизни 2 марта огоҳлантиргандим, барибир билганингиздан қолмабсиз. Бўшсиз, марҳамат қилиб кетишингиз мумкин, – деди.
Домла эса, ўзининг босиқ табиатлилиги билан гапни кўпайтириб ўтирмади. Аризани ёзди-ю, ишдан бўшади.
***
- Бугун ҳам дарс ажойиб бўлдиа? Нима дединг? – Акбар ҳар сафар дарсдан сўнг олган таассуротларини дўсти Муҳаммад билан ўртоқлашарди. Бугун ҳам институт биносидан чиқиши билан суҳбатларини шу йўсинда бошлашди.
- Ҳа, тўғри айтасан. Чинданда дарс ажойиб бўлди. Мен бир нарсадан ажабланаман. Домла қандай қилиб бунча кўп маълумотларни билади экан? Қанча китоб ўқиган бўлиши мумкин?
- Билмасам, лекин қайси масала бўйича савол берсанг, жавоб бераверадилар. Худо илмни берганда ўзиям.
- Ҳа, бизга ҳам шундай бўлиш насиб қилсин, - Муҳаммад бошини аста қимирлатиб жавоб қилди.
Шу билан бекатгача бирга суҳбатлашиб кетишди. Лекин булар севикли домласи айни лаҳзада ишдан бўшаганини билмасди.
Муҳаммад устози ҳақида гаплашишдан чарчамасди:
- Домламизда қандайдир ўзига тортадиган илиқлик бор-а? Суҳбатлашган одам сира зерикмайди.
Акбар ҳам унинг гапини маъқуллаб:
- У кишининг юзларидан нур ёғилади.. – шу пайт унинг автобуси келиб қолди ва дўсти билан хайрлашиб уйига жўнади.
***
Домла ишдан бўшаганига биргина сабаб билан сиқилди. Шогирдларининг таълими қай тарзда кетишини билмагандангина эзилди қалби. Чунки унинг дарс беришдан мақсади – оиласини боқиш ёки ўзининг илмий даражасини кўтариш эмас, балки талабаларини билимли қилиш эди. Бундан бошқа ҳеч нарса учун афсусланмади. Хонасидаги бир-иккита файлни олди-ю, уйига равона бўлди.
***
Орадан бир неча кун ўтиб, тарих дарси бошланди. Акбар тайёрлаб келган вазифасини қайтадан кўриб чиқа бошлади. Шунда эшик очилиб, ректор домла ҳамда ёшлари 35-40 атрофидаги бир киши кириб келди. Акбар олдинига "Устозимизни бугун ишлари чиқиб қолибди шекилли ёки бирор хизмат билан жўнатишган бўлса керак. Бугунчалик бошқа домла кириб турса керак”, деб хаёлидан ўтказди. Лекин ректорнинг айтган гаплари унинг бу хаёлларини чиппакка чиқарди. "Сизларга бугундан бошлаб тарих фанидан Фурқат Ҳасанов дарсга кирадилар. Домлангиз маълум сабабларга кўра ишдан бўшадилар. Фурқат домла ўз фанининг мутахассиси, у билан дарсларингизни давом эттирасизлар”. Талабалар бу хабардан худди устиларидан муздек сув қуйилгандек жим бўлиб қолишди. Уларнинг аксарияти бу хабарга ишонгиси келмасди. Шунда Анвар:
- Домла, бир савол берсам майлими? - деб орадаги сукунатни бузди.
- Марҳамат, - ректор домланинг овозида бироз таажжуб бор эди.
- Нима учун Маҳмуджон домламиз ишдан бўшадилар? Сабабини билсак бўладими?
- Ҳа, албатта бўлади. Сизларга яхши бўлсин деб шундай қилдик. Бўлар – бўлмас эртаклари билан сизларни бошингизни қотирадиган домладан кўра ўз фанини пухта эгаллаган педагогни ишга таклиф қилдик.
Бошқа бир талаба:
- Ахир, домла, домламиз фанларини керагидан ҳам ортиқ билар эдилар-ку? – деди.
- Сизлар яхши биласизларми ёки менми?! – ректор домланинг овозларида қўполлик бошланди.
Талабалар буни сезиб, гапни шу ерда тўхтатишди. Акбар дарсдан сўнг Муҳаммад билан не боисдан устозларини ишдан олишганини тагига етиш учун ректорнинг хонасига киришни режалаштириб қўйди.
***
Маҳмуджон домла бундан кейинги қиладиган ишларини режалаштириб ўтирганди. Турмуш ўртоғи унга аччиққина кофе тайёрлаб келди. Домла кофени аста хўплаб, хаёл денгизига шўнғиди. Ҳатто аёлининг "Бирор нарса керак эмасми, дадаси?” деган сўзини ҳам эшитмади. Уни фақат дарвоза қўнғироғининг чалинишигина хаёл уйқусидан уйғотиб юборди. Эшикни катта ўғли Зафар очди ва бир оздан сўнг:
- Дада, сизни сўраб келишибди, институтдан шогирдларингиз бўлса керак, - деди.
Домла ташқарига чиқиб қараса, севимли шогирдлари Муҳаммад билан Акбар келган экан. Уларни уйга таклиф қилди. Шогирдлар устозларини безовта қилиб қўймадикмикин деб не хижолат билан уйга киришди. Салом-аликдан сўнг домла:
- Ўқишларингиз қандай? Яхшими? – деб сўради.
- Ҳа, яхши. Фақат … Сиз ишдан кетганингиздан жудаям хафамиз, - Акбар жавоб қилди.
- Пешонага шу ёзилган экан нима ҳам қилардик… - домла бир ҳўрсиниб қўйди.
- Домла, бир нарсага биз ҳечам тушуна олмаяпмиз, - Муҳаммад қандайдир аламзадалик билан айтди.
- Нима нарсага? – домла босиқлик билан жавоб қайтарди.
- Ректорнинг олдига кириб, нима сабабдан сизни бўшатганларини сўрадик. У киши "Домлангиз китобда йўқ, ўзи тўқиб олган ҳикояларни гапириб беради. Мисол учун, Александр Македонскийнинг бутун бошли ҳаётини айтиб берибди анави куни сизларга. Ахир унинг бутун бошли ҳаёти ўрганилмаган-ку! Бу борада бирор асар етиб келмаган бизга. Тўғри, унинг ҳаётини умумий тарзда ёзилган китоблар бор, лекин у айтаётган маълумотлар умуман китобларда келмаган. Бундай мисоллардан сизларга қанчадан-қанча келтиришим мумкин. Қисқа қилиб айтганда, домлангиз ўз хаёлидан тўқиб чиқаради, уни бундай қилаётгани учун бир неча марта огоҳлантирдик, фойдаси бўлмади. Охирги чорани қўлладик. Бу гапларни барча курсдошларингга етказиб қўйинглар: Қайтиб Маҳмуджон домлангиз ҳақида бирортангиз эътироз билан хонамнинг эшигини тақиллатманг!” деб жавоб бердилар. Нима учун сиз ўқиган китобларингиз, фактларингизни у кишига айтмадингиз? Нима учун индамайгина бўшаб кетдингиз? Ахир, сиз ҳақсиз-ку?! – куйинчаклик билан сўради Муҳаммад.
Домла жилмайиб қўйди-да:
- Мен эмас, ректор домлангиз ҳақ, - деди.
- Нимага ундай деяпсиз? – Акбар эътироз билан сўради.
- Чунки… Чунки ҳақиқатан ҳам домлангиз айтган нарсаларни бирон китобдан ўқимаганман… - домла кулимсираб жавоб қилди.
- Ундай бўлса қаердан биласиз?
- Эҳ, Муҳаммаджон, бир кун келиб билиб оласан, албатта.
Шогирдаларининг қарашида ҳали ҳануз ишонмаслик, таажжуб асари бор эди. Домла эса, ўзига ўзи "Ҳали бироз бор, кейинроқ...” деб пичирлаб қўйди. Бу гапни шогирдлари эшита олмай қолдилар.
Суҳбатлари бошқа мавзуга бурилиб кетди. Домла шогирдларига худди дарсдагидек маълумотлар айтиб, савол-жавоб, ҳазил-ҳузул қилди. Бир пайт Акбар соатига қараса, келишганига 2 соатдан ошиб кетган экан, Муҳаммадга имлаб қўйди. Йигитлар ўзларидан уялиб кетишди, устозни кўп вақтларини олиб қўйдикмикин, деб. Қайтишга рухсат сўрашди. Домла:
- Ўтирибмизда гаплашиб, - деб олдинига рухсат бермади. Шу ҳолат яна бир икки бор такрорланганидан сўнг уларга кетишларига ижозат берди:
- Келиб мени жуда ҳам хурсанд қилдинглар, эшигим доим сизлар учун очиқ, - деди.
Дарвоза олдига чиқишганидан сўнг Муҳаммад:
- Устоз, бир илтимосимиз бор эди. Агар хўп десангиз…
- Бемалол айтишингиз мумкин, қўлимдан келса, бажонидил, - домла самимий жавоб қайтарди.
- Баъзи кунлари дарсимиз тугаганидан сўнг олдингизга келиб хизматингиз бўлса қилсак, дегандик.
- Ташаккур, хизматим йўқ-куя, аммо келсаларингиз хурсанд бўлган бўлардим.
Шу билан хайрлашиб уйларига равона бўлишди.
Ҳафтасига 2 маротаба устозлариникига келиб турадиган бўлишди. Ҳолидан хабар олиб, бир сафар ҳўл мева, яна бир сафар картошка-пиёз олиб келишар, домла эса, "Келсангалар қуруқ келинглар ёки кирғизмайман” деб олиб келган нарсаларини ўзларига қайтариб юборарди. Шу билан йигитлар устозлариникига ҳеч нима олиб кела олмайдиган бўлишди.
Орадан бир ярим йил ўтди. Аҳмад билан Муҳаммад устозлариникига келишни бирор маротаба бўлса-да, канда қилишмади. Орада қолган талабалар билан ҳашар уюштириб ҳовлининг этагига 1 қават уй ҳам қуришди. Домла билан анча яқин бўлишди.
Бир сафар Муҳаммад Акбарга:
- Мен домланинг ишдан кетганларига хурсанд бўламан, - деди.
- Нега ундай деяпсан?
- Чунки агар домла ўша пайт ишдан бўшамаганларида эди, биз бунчалик у кишига хизмат қила олмаган бўлардик. Муносабатларимиз фақатгина институтдан нарига ўтмас эди.
- Ҳа тўғри айтасан. Ҳар бир ишда ҳикмат бор, деб бекорга айтишмаган экан.
***
Маҳмуджон домла ҳам шогирдларини кундан кунга яхши кўриб борар, билган нарсаларини уларга ўргатишга, тарихий воқеаларни айтиб беришга одатланганди.
Кунлардан бир куни йигитлар ҳар доимгидек дарсдан сўнг ҳаялламай етиб келишди. Домла бу сафар уларни ҳар галгиданда интизорлик билан кутаётганди. Чунки бугун 10 йилдан бери кутаётган орзусига етажак. Шунча йилдан бери умид қилаётган онлари яқинлашган эди. Ниҳоят, узоқ сафарга чиқишга арзигулик ҳамроҳ топганди. Сафар жуда ҳам узоқ. Ҳа, жуда узоқ. Бу саёҳатнинг масофаси ниҳойтатда узоқ, у ҳам бўлса, асрлар оша сафар эди. Бундан 15 йил аввал ёшликдан катта бўлган физик дўсти бир кашфиёт қилган эди. У ихтиро қилган қурилма орқали асрлар орасида саёҳат қилиш мумкин эди. У билан кўп бора сафарга чиқди. Ўтмишнинг инсон яратилгандан сўнг исталган замонига тушиб, тарихнинг бевосита гувоҳига айланди. Ёшликдан бери орзу қилган, бутун дунё кашфиётчилари учун армон бўлиб қолган қурилмада сафар қилиш бахтига муяссар бўлганди. Умрининг 5 йилини ана шундай сафарларга бағшлади. Бир вақтдан бошқасига ўтиб, бутун бошли тарихни кўрди.
Бир куни Николай тахтдан воз кечиши арафаси пайтида дўсти қаттиқ бетоб бўлиб қолди. Агарда вафот этса, бир ўзи ўз замонига қайта олишига кўзи етмади ва зудлик билан қайтишди. Дўстининг аҳволи кун сайин ўғирлашиб, ўлим соати яқинлашиб қолди. Маҳмуджон домлани олдига чақириб, ихтиро қилган қурилмасини унга топширди ва уни зинҳор ва зинҳор бегона одамнинг қўлига тушмаслигини, фақатгина узоқ вақт мобайнида синаб, синовидан ўтган яқин инсони билангина сафарни давом эттириши мумкинлигини васият қилди. Шундан сўнг жон таслим қилди.
Домла ўша воқеадан сўнг муносиб ҳамроҳ ахтара бошлади. Аммо бирор кишини ҳам ишончли деб билмагани учун бу ҳақида оғиз очмади. Институтда талабалар орасидан ҳам кўп қидирди, ишдан кетишига рози бўлишининг ҳам сабабларидан бири шу эди. Агарда қайси талабаси ишдан кетгандан кейин ҳам у билан бирга бўлишни давом эттирса, уни ишонса бўладиган шерик деб, ўйлаганди. Лекин бир пайтлар "Ҳали бироз бор, кейинроқ...” дейишининг сабаби – дўстининг васиятини пухта бажариш эди. Шунинг учун ҳам уларни бир ярим йил давомида синаб кўрди. Синовдан намунали ўтишганлиги учун бугун уларга бор ҳақиқатни айтиб, уларни сафарга таклиф қилмоқчи.
Акбар билан Муҳаммад ҳар доимги кайфиятда устозларининг уйига киришди. Бир ҳўплам чой ичишганидан сўнг устозлари режалаштириб қўйган гапини айтди. Ҳаммасини батафсил тушунтириб берди. Буларни эшитган йигитлар ҳайратда қолишди. Нима дейишларини билмай, тилларига калима келмай қолди. "Устоз олган маълумотлар ана шулар орқали эканда”, "Қанийди бу сафарга мен ҳам ҳамроҳлик қилсам”, "Бу менинг бир умрлик орзуим эди-ку!” ва шу каби ўйлар уларнинг хаёлидан қандайдир сониялар ичида ўтди.
Шу билан сафар қилишга келишилди. Келаси ҳафта жума куни жума намозидан сўнг шу ерда учрашишга келишилди.
***
18.07.2014, соат чамаси 14:00. Келишилган жойда учрашилди. Овқатланиб олишганидан сўнг домла йигитларни болахонага бошлаб чиқди ва чангга қоришиб кетган бўзни олган эди, остидан каттагина қурилма чиқди. Унинг олд тарафига "Асрлар оша саёҳат” деб ёзилган экан. Унинг чангларини артиб ичига киришди. Сафарга чиқиш олдидан домла:
"Бир нарса ҳеч қачон ёдингиздан чиқмасин, бирортамизга бирор корҳол етадиган бўлса ҳам, тарих саҳифаларида йўқ бўлиб кетсак ҳам, у ерда кимларни кўрсак ҳам, нималарга гувоҳ бўлсак ҳам, ҳар қандай ҳолатда 3 тамиздан бошқа бирор киши бу қурилма ҳақида хабардор бўлмаслиги шарт. Ҳозир бир неча сония ичида тарихнинг бир нуқтасидан бутунлай бошқа нуқтасига ўтамиз. Бу ҳолатга тайёр бўлинглар. Бир нарсани унутмангларки, биз у ердаги инсонларни кўрамиз, лекин улар бизни кўра олишмайди, бизни ҳис қилишмайди. Биз тарихни ўзгартира олмаймиз, фақатгина шоҳиди бўлишимиз мумкин, унга ҳеч қандай янгилик кирита олмаймиз, борича кўрамиз. Бу сафарни айни лаҳзаларда дунёда қанчадан-қанча олимлар орзу қилишмоқда. Уларга насиб қилмаган бахтга биз мушарраф бўляпмиз. Бунга Тангрига шукроналар айтган ҳолатда сафаримизни бошлаймиз: "Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳим, ўзинг бизни қўллагин. Бу сафаримизни дунё ва охиратимиз учун фойдали бўладиган сафарлардан қилгин…”
***
"Қаердамиз?!” …
"Шу ердамисизлар?!” …
"Ким бор бу ерда?!” …
"Нега жимсизлар?” …
"Бу ер бунча қоронғу?” …
Бу саволлар бир неча сонияда бир неча бор такрорланди. Шу пайт ҳеч ким бир-бирини эшитмай, бир зумлик қўрқинч ичида қолишди.
Ниҳоят, бир ёруғлик кўриниб, бора-бора атроф ёп-ёруғ ҳолатга келди… Атрофга қарашса, теп-текис ер, ким қаерда эканлигини билмайди. Азбаройи чарчашганидан ҳаммалиги бир лаҳзада кўзлари юмилди-ю, уйқуга ғарқ бўлишди.
Бир пайт отларнинг дупур-дупуридан уйғониб кетишди. Кўзларини очиб қарашса, юраги урушидан тўхтаб қолай деди. Маҳмуджон домлага эса, бу анча вақтдан бери соғинчга айланиб қолган ҳолат эди. Акбар отлиқдан қочиш учун югура бошлади. Муҳаммад эса, атрофдаги катта ҳарсанг тошнинг орқасига яширинишга уринди. Домла эса, кулимсираб мен сизларга нима дедим, биз фақат кузатувчи бўламиз. Улар бизни кўра олишмайди, зарар ҳам бера олишмайди, келинглар, бу ерга. Кўрамиз, қайси қўшинлар экан булар. Орадан бир мунча вақт ўтиб қўшинлар бир-бирига яқин келди. Оппоқ отида кўринишидан қўмондонга ўхшайдиган забардаст жангчи кўзга яққол ташланди.
Шунда домла:
- Анави оқ отли жангчини кўряпсизларми? – деб сўради.
- Ҳа, ҳа, ким у?
- Александр Македонский мана шу бўлади. Қарши томонда эса, Доро ИИ қўшинлари. Эсладингизми?
- Ҳа, ҳа. Қойиле, ажойиб бўларкан жанг майдонига тушиб қолиш.
Ўртада жанг бошланди. Сайёҳлар эса, жанг натижасини билар, унинг қандай бўлганини қизиқиш билан томоша қилишарди. Китобларда неча йилдан бери ўқиган воқеаларини жонли кўриш бахтига сазовор бўлишаётганди. Ҳақиқатан ҳам ўзгача бўларкан тарихни кузатиш.
***
Шундай қилиб, бирин-кетин тарихий воқеларни борлигича кузатишди. Акбар билан Муҳаммад китобларда ўқимаган, Маҳмуджон устозидан эшитган маълумотларнинг гувоҳи бўлишди. Яна бир бор у воқеалар бўлганини тасдиғини кўришди. У ерда ўтган 1 йил бизнинг вақт бўйича бир неча соатга тўғри келар эди.
Сайёҳлар ўзлари қизиққан воқеларни ўз кўзлари билан кўрардилар. Қурилмани истаган вақтлари истаганча ишлатиб, бошқа замонга тушишар, бир тарихдан иккинчисига, ундан яна бошқасига сайр қилишни давом эттиришарди. Шу билан орадан анчагина вақт ўтди. Кўпгина замонларга боришди, тарихнинг бевосита гувоҳи бўлишди.
***
250-йил, тонг пайти. Мана бир неча ойдан бери шу ҳудудда яшашмоқда. Режаларига кўра бугун 350-йилга сафар қилишмоқчи. Сайёҳлар уйқудан туришди. Қурилмага чиқиб, одатдагидек қизил рангли тугмачани босишди…
Шу пайт тўсатдан олов чақнаб, қисқа туташув содир бўлди. Ҳаммаёқ тутунга тўлди. Уларни йўтал тутиб, аранг қурилмадан ташқарига чиқиб олишди. Бироз вақтдан сўнг ўзларига келиб, қурилмани текшириб кўришди. Акбар:
- Нима бўлибди бунга, устоз? – овозида хавотир оҳанги бор эди.
- Билмасам, кўрайликчи, нега ўжарлик қиляпти экан?!
- Тузалармикин, устоз? – Муҳаммад ҳам сўради.
- Ҳа Худо хоҳласа, албатта, тузилади. Бироқ озгина бош қотириш керак.
Шу билан Маҳмуджон домла қурилмани ярим кун текшириш билан вақтини ўтказди. Бирор бир натижага эриша олмади. Қурилмага нима бўлганини аниқлай ҳам олмади. Акбарнинг бояги хавотирли овози энди қўрқувдан қалтирай ҳам бошлаганди:
- Нима энди, тузалмайдими бу? Ахир қандай уйга етиб оламиз?
- Акбар, илтимос, кўп савол бермай тур, мени чалғитяпсан. Ҳаммаси яхши бўлади.
… Қуёшнинг шафақи ҳам ғойиб бўлди… Ҳали ҳануз бирор хулосага келинмади, нима бўлгани, уни қандай тузатиш мумкинлиги борасида бош қотиравериб чарчашди.
Домла:
- Муҳаммад, овқатланиб олайлик, бирор нарса тайёрла. Қориннинг пўстаги чиқиб кетди… - деди.
Егулик тайёр бўлди, овқатланишди. Муҳаммад:
- Устоз, энди нима қиламиз? Яна қаерини текшириб кўрамиз? – деб сўради.
- Текширадиган бирор ускунаси қолмади. Фақатгина бир нарсага эътибор қаратиб кўрмабман. Эртага текшириб кўрамиз бирга?
- Тузалишига ишонасизми, устоз? – Акбар сўради.
- Ҳозир, бирор нарса деёлмайман. Айтган ускунамни текшириб кўрай, кейин айтаман. Агар муаммо ўша ерда бўлса, ….
- Нима бўлади ўша ерда бўлса?
- ….
- Айтинг, нима бўлади, одамни юрагини ёрмасдан айтинг, устоз….
- … Сафаримиз мана шу ерда тўхтайди….
- Нима деганингиз бу? Қайта ишлатиб бўлмайдими? У ҳолда нима қиламиз?
- Илтимос, гапни бас қилинглар, эртагача бу борада гап очмай туринглар. Текшириб кўрай аввал. Подадан олдин чанг чиқарманглар, - домла жеркиб берди.
Шундан сўнг то эрталабгача бу борада гап очилмади. Аниқроғи, ҳеч ким тилига олмади, бироқ юракларининг ҳар бир уришида "Наҳот шу ерларда қолиб кетсак?!” деган қўрқинч бор эди.

2-қисм
Тонгда хўроз қичқириб ҳаммани уйғотди. Учовлон қандай нонушта қилишганини ҳам сезмай, тезда "фотиҳа” қилиб, ишлари бароридан келишини сўраб, кечаги қолиб кетган ишларини давом эттиришди.
Домла кечаси билан мўлжаллаб чиққан ишларини қила бошлади. Куннинг ярмигача шу билан овора бўлишди… Бироқ… Домла ҳақ бўлиб чиқди… Сафар мана шу ерда тугайдиган бўлди… Энди уйга ҳам, бошқа замонларга ҳам қайтишнинг мутлақо иложи йўқ… Умрларини мана шу оламда давом эттиришади. Ҳаётлари мана шундай тубанликлар орасида кечади энди. Ўз замонларида дон-дараксиз йўқ бўлиб кетишди. Қаерда эканликларини ҳам ҳеч ким билмайди. Эҳтимол, оила аъзолари шу пайтгача йўқ бўлиб кетишганидан ўлдига ҳам чиқариб юборишган бўлса керак.
Муҳаммад:
- Устоз, энди нима қиламиз?! – ўлимни бўйнига олган маҳбус каби сўради.
- Билмасам, бошим қотди. Эҳтимол, …
- Энди шу ерларда қолиб кетамизми? – Акбар ҳам устозни саволга тутди.
- Шунақага ўхшайди…
- Бирор иложи бордир. Наҳотки, ҳамма йўлларимиз ёпилган бўлса?!
- Афсуски, ҳа…
Гап шу ерда тўхтади. Ҳеч ким ичидаги гапларни айтишга ботина олмади. Ҳар ким дардини ичига ютди. Орага сукунат чўмди…
Бироздан сўнг Акбар:
- Бу йил уйдагилар мени уйлантиришмоқчи эди… Онам бечора келинлари бўлишни 3 йилдан бери кутиб келаётгандилар. Неча бор айтган бўлсалар ҳам, мен пайсарга солиб келаётган эдим. Мен ёлғиз ўғил бўлсам… Орзулари армон бўлиб қолар экан-да муштипаримнинг … Дадам бўлсалар, мени ёнларига ишга олмоқчи эдилар. Мендан кўп нарсаларни кутаётган эдилар. Улар менсиз қандай яшашаркин?! Эркатойгина синглим, қачон қараса, у билан урушаверардим. У ҳақ бўлса ҳам паст келмай тортишган пайтларим кўп бўлган. Қачон жанжаллашиб қолсак, дадамга айтиб берарди. Уни жуда ҳам соғиндим… Қанийди ҳозир уларни олдида бўлиб қолсам эди…
- Акбар, бу гапларингни қўй. Биз албатта, уйга қайтиб борамиз. Юрагимизни эзишимиздан бирор фойда йўқ. Ўзимизни қўга олайлик, - Муҳаммад дўстига насиҳатомуз гапирди.
- Иложи бормикин?! – Акбар не умидлар ила устозига қаради.
Аммо устоз жим. Унинг умидвор кўзларини яна ғамга тушишини истамади. Акбар эса, жавобни билди ва қаттиқ хўрсиниб қўйди.
Устоз:
- Ҳеч ёдимдан чиқмайди, 2002-йил ёз пайти эди. Дўстим Бахтиёр билан асрлар оша саёҳат қилаётгандик. Нима бўлди-ю, худди шунга ўхшаш ҳолат юз берди. Қурилмамиз ишламай қолди, мен ҳам худди сизларнинг аҳволингизга тушгандим. Дўстим эса, хавотирланмаслигимни, тезда қурилмани тузатишини айтди. Лекин мен негадир ишонгим келмасди. Кўз олдимга ота-онам, аёлим, бола-чақам келди. Бир лаҳзада яқин қариндошларимни барчасини бирин-кетин хаёлимдан ўтказдим. Улардан ажралдим, деб ўйлаган эдим. Лекин орадан ярим соатча ҳам ўтмасдан дўстим қурилмани ишлатиб юборди. Севинчдан ўзимни қўярга жой топа олмадим.
- Демак, биз ҳам умид қилсак бўлар экан-да, - Акбарнинг қалбида яна умид учқуни порлади.
- Ўшанда дўстим қурилмани тузаётганида олдида қараб тургандим. У менга айтганди. Агарда мана шу қурилмаси бузилса, буни қайта ишлатиб бўлмайди, - Домла қўлидаги бузилган ускунасини йигитларга кўрсатди. – Ўшанда кўрганларим оз-моз ёдимда қолган экан. Шуларни синаб кўргандим. Афсус…
Ҳаммаларнинг кўз олдидан оила аъзолари, қариндошлари, дўстлари ўтди. Аввалига қизиқарли бўлиб кўринган мана бу саёҳат ҳам уларнинг кўнглини кўтармас, тарихни кузатгилари ҳам келмасди… Уйга қайта олмасликларига тан беришди…
***
Орадан 2 йил ўтди. Бугун Маҳмуджон домла ишининг охирги босқичини амалга оширади. Йигитлар ҳам бу ҳолатни ўзиям роппа-роса 2 йилдан бери кутишмоқда.
Қурилма бузилиб қолгандан сўнг Маҳмуджон домла ўйлаб-ўйлаб қурилмани қайтадан қуришни топганди. Ўша пайтдан бери бу иш устида бош қотириб ишлаб чиқаётганди. Йигитлар ҳам бу орада техника борасида анчагина тушунчага эга бўлиб, устоз нима қилаётганини тушуниб туришарди.
Мана бугун уларнинг қурилмаси қайта ишлаши кутиляпти. Агар ҳақиқатдан ҳам ишлайдиган бўлса, уларнинг севинчини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Интила-интила финишга оз қолишди…
Домла синовни бошлайдиган бўлди. Ҳамма қурилмаларни синаб кўришди, жойида. Муаммолар йўқ. Қурилмага ўтириб, аста ишлатмоқчи бўлиб, яшил рангли тугмачани босишди… Чироқлар ёниб, ишлай бошлади... Ҳамма хурсанд... Орзуга эришилди. Бирдан қурилмани 2 йилдан бери эшитилмаётган кулгу тутиб кетди. Ҳазил-ҳузул қила бошлашди.
- Устоз, охири эришди-га мақсадимизга. Қойиле, қандай қилиб ишлаб бўлмайдиган нарсани ишлатиб юбордингиз? – Акбар севинчдан устозига савол берди.
- Уйга борганимизда, бизга яна қандай қурилмалар ясаб берасиз? – Муҳаммад ҳазиломуз устозига савол берди. Яна кулгу бошланди.
- Кейинги сафар келажакка саёҳат қиладиганидан ясаб берадилар, - Акбар жавоб қилди.
- Йўқ ундай эмас, одамни ичидаги фикрини ўқийдиган қурилма ясаб берадилар, тўғрими, устоз?!
- Сенларга мени устимдан кулиш бўлса-а, бас қилларинг. Иложсизликда ҳамма нарсани иложини қилса бўлар экан…
Шундай қилиб сайёҳлар ярим соатча ҳазил-ҳузул қилишди. 2 йилдан бери ёза олмаётган кўнгилларини шу кўйи ёзиб олишди.
- Ундай бўлса, бошладикми? – деб Акбар қўлини қизил тугмача томон узатди.
- Тўхта босма, - тўсатдан устоз бақириб юборди.
- Тинчликми, устоз, нима бўлди? – Муҳаммад ҳайрон эди. Акбар ҳам нима бўлаётганига тушунмаётганди.
- Мен… Мен сизларга анчадан бери бир гапни айтмаётгандим. Энди олдимизда жуда ҳам катта бир муаммо бор… - домла жиддий оҳангда жавоб қилди.
- Нима муаммо яна?! – Акбар бироз асабийлашди.
- Нима қолди қилмаганимиз, барчаси тайёр-ку!
- Бу қурилма энди 1 маротабагина ишлайди. Ундан кейин буни қайта ишлатиб бўлмайди. Ҳозир биз сўнгги бора бу қурилмани ишлатамиз. Имкониятимизда фақат бир бора сафар қолди, - домланинг овозидаги жиддийлик йўқолмаганди.
- Устоз, ҳазилингиз қурсин, қўрқиб кетибман. Яна ишлата олмасак керак, деб ўйлабман, - Акбарнинг юзига қайта табассум югурди.
- Нима ҳам қилардик, уйимизга қайтамизда шу сафар, - Муҳаммад устози нима ҳақида ўйлаётганига тушунмайгина сўзлади.
- Менда эса, бошқача бир таклиф бор…
- Қандай экан?! Бундан бошқа қандай ҳам йўл бўлиши мумкин бизларда, устоз?! – Муҳаммад ажабланди. Домла чуқур нафас олди-да:
- Мен бутун бошли инсоният тарихини ўз кўзларим ила кўриб, уларнинг ривожланиш жараёнига шоҳид бўлдим. Бир-бирига солиштирдим. Ақл тарозимга, қалб ўлчовимга назар солганимда, у учун бир замон шу даражада манзур бўлдики, уни қандай қилиб қилиб бўлса-да, қайта-қайта кўришни умид қилардим. Дўстим вафот этгандан сўнг бу сафарни яна қайта уюштиришимнинг ҳам асосий сабаби – мен орзу қилган даврни қайта кўриш эди. Бутун инсоният тарихини кўрганимда унинг мислини кўрмадим. Унда топган ҳузурни бошқа ҳеч бирида топа олмадим. Унинг номи "Асри саодат”дир. Инсоният шу даврда инсонийликнинг энг олий чўққисига эришди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги саҳобалар бу даврнинг қаймоғи бўлишди. Мана шу даврда Аллоҳ билан бандалари орасидаги пайғамбарлар ила бўладиган алоқанинг ниҳояси бўлди. Мен ана шу даврга сафар қилишимизни таклиф қилмоқчиман…
- Ахир, устоз, ҳозир у ерга сафар қилсак, умримизнинг охиригача ўша ерда қолиб кетамиз-ку! У ерда кимдир бизни кўрса ҳам, суҳбатлашса ҳам майли эди, бир умрни қандай бу ҳолда давом эттиришимиз мумкин? Ундан кўра уйимизга қайтганимиз афзал эмасми? – Акбар устозининг гапига қўшилмади.
- Мен учун у ерда гапирмасдан, тирик "мурда” бўлиб юрганим, ўз давримда подшо бўлгандан кўра маҳбуброқдир. Майли, у даврда ҳеч ким билан гаплашмасам ҳам, майли, ҳеч ким мени кўрмаса ҳам, барчасига розиман. Фақат ўша нурли чеҳрани қайта кўрсам, ўша муборак суҳбатларни яна тингласам, бас, менга шунинг ўзи кифоя, - домланинг бу сўзлари чин қалбдан отилиб чиқаётганди, ошиқнинг ўз маъшуғини соғинчи каби айтилаётганди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам домла бу даврни қаттиқ соғинганди. Ўтган сафарги саёҳатида дўсти билан илк бор бу даврга тушиб қолганида, ўзини инсон эканлигини унутди, уйга қайтишни хаёлига ҳам келтирмаганди. Николай давригача боришига сабаб эса, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеину, табаа тобеинлардан сўнг ҳозирги кунимизга қадар Ислом қай тарзда таназзулга юз тутишини кўрмоқчи эди. Уйига қайтгандан сўнг роса афсусланганди ўша даврда қолмаганига. Шогирдларини бирданига асри саодатга эмас, балки тарихнинг бошланишидан сайр қилдиришига сабаб эса, улар ҳам ўтмишнинг чиркинликларини кўришликларини истаганди. Ислом мана шундай одамларни, мана шундай миллатларни, худди шундай элатларни тарбия қила олди.
- У ҳолда, устоз, бизга бир оз муҳлат беринг, озгина ўйлаб кўрайлик бу ҳақида, - Муҳаммад тез қарорга келиб, кейин афсусланишидан қўрқди.
Муҳаммад билан Акбар бу ҳақида чуқур мулоҳаза қилишди. Акбар бир томонда устозининг таъсирли сўзларини, яна бир томонда эса, онасининг "Ўғлим тўйингни бу йил қиламиз”, деган сўзларини ўйлади, бир хулосага келиши қийин бўлди. Устозини гапига кирай деса, ўзи ҳам буни кўришга муштоқ, аммо хаёлини онасининг "Жигаргўшамдан ажралиб қолибман”, дейдиган сўзлари эгаллаб олар эди. Муҳаммадда ҳам ички курашлар бундан кам бўлмади. Иккалалари ҳам масаланинг ҳар томонини чуқур ўйлаб кўришди. Муҳаммад ўз хулосасини қуйидагича изоҳлади:
- Акбар, устоз бизни синашлари бекорга бўлмаган. Нима учун айнан бизни танлаган эдилар?! Бунга ҳаммани ҳам раво кўрмай айнан шу даврни кўрсатиш учун бизларни саёҳатга таклиф қилганлар. Биз эса, қандай қилиб "олтин аср”ни кўрмасдан қайтишимиз мумкин. Мен устознинг фикрларидаман, - деди. Акбар ҳам бунга рози эканлигини билдириб, бошина "ҳа” деган ишорада қимирлатиб қўйди.
***
Қурилма ишлатилди, ҳамманинг хоҳиши билан ВИИИ аср бошларига йўл олинди… Атроф қоронғу, 2 йилдан бери бундай саёҳатнинг зулмати кўринмаган эди. Ҳамманинг қалби ҳапқирарди. Бутун оламларга раҳмат бўлган Зотни ўз кўзлари билан кўриш қувончи, панд-насиҳатларини тинглаш бахти, бутун ҳаётларини кузатиш роҳати уларнинг юракларини тез уришга мажбур қилаётган эди. Агар уларнинг юракларини югуриш майдончасига қўйса, унинг тезлиги ўрнатилган ва ўрнатилажак жаҳон рекордларини ўзиб кетишига ҳеч шубҳа йўқдай. Борди-ю, уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни кўришга бўлган қувончлари харсанг тошга айлантирилса, бу тош олдида Химолай тоғи ҳам ип егира олмасига барча ишонгандай… 5 дақиқа ичида хаёлларидан нелар ўтмади, қанчалар бахтли ҳис қилишди ўзларини. Бироқ бу қувонч Расулуллоҳни кўрганларидан сўнг хамир учидан патир эканлигини билсалар борми, юраклари бардош бера олмас эди бу шодликка.
Кўз олдилари ёриша бошлади. Теварак-атроф шовқин суронга тўла эди. Нима ҳодиса бўлаётганига қизиқишди. Қарашса, бир гуруҳ одамлар биттагина одамни дўппослашяпти: ёшлари тахминан 40 лар атрофида, бўйлари новчагина, озғиндан келган. "Нима гуноҳ қилди экан бу бечорани шунча калтаклашмаса” – Акбар билан Муҳаммаднинг хаёлларидан бир хил фикр ўтарди. Шу пайт бир қизалоқ ҳалиги кишининг онасини чақириб келди:
- Ўғлим Абу Бакрни қўйиб юборинглар, қўйиб юборинглар уни … - дея онаизор бақириб келарди.
"Наҳотки шу одамлардан калтак еётган инсон Абу Бакр розияллоҳу анҳу бўлсалар! Наҳот шу оёқости бўлаётган киши бутун ислом умматининг илк халифаси Сиддиқ розияллоҳу анҳу бўлсалар, наҳот шундай улуғ саҳоба шу даражада хор қилинсалар!” – Муҳаммад қалбида қандай тезликда бунча савол ўтганини билмади. Акбар ҳам ҳеч нарсага тушунмасди. Маҳмуд домлани эса, кўзларига ёш думалаб, яноқларини юва бошлаган эди. Қани энди, иложи бўлса-ю, умрини фидо қилиб бўлса-да, У зотнинг бир дамлик азобларини енгиллатса. Уни йиғлатган нарса иложсизлик эди, ёрдам бера олмас эди чин кўнгилдан муҳаббат қўйган кишиларига.
Бундан кейинги кўрилган ҳодисаларни ёзишга қалам, айтишга тил ожизлик қилади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни азоблари билан азоб чекишди, У кишининг бахтиёр дамлари ила хушнуд бўлишди. Бир пайтлар кўзларда ёш ила ўқилган китоблардаги воқеликларнинг гувоҳи бўлишди. Бу сафар қалблари тинмай йиғида, бу йиғи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришдек бахтга сазовор бўлганларидан уйғонган севинч йиғисими ёҳуд У зотга берилаётган азоблар туфайли иложсизлик ила тортилаётган дардми, буни билишмас эди. Нима бўлганда ҳам У зотнинг нурларидан учовлон мириқиб баҳрамананд бўлишарди…
***
- Аҳмедов!
- Муҳаммад, тур ректор домла кирдилар, - Акбар Муҳаммадни турта бошлади. Муҳаммад сесканиб уйғониб кетди:
- Ассалому алайкум, домла!
- Нега дарс пайтида ухлаяпсиз?!
- Узр, домла бошқа такрорланмайди.
Наҳотки, булар тушда бўлган бўлса, наҳот шунча воқеа бир лаҳзалик тушда ўтган бўлса! Муҳаммад бир умр бу уйқудан уйғонмасликни истарди. Аммо… Қани эди, яна бир бор ухласа-ю, ўша муборак чеҳрани кўриш бахтига қайта мушарраф бўлса. Қани эди, бир умр тушида умр кечирса. Ҳеч уйғонмасаю, севиклиги билан бир ҳаётда яшаса. Афсус.. Бу ҳаёт экан.. Баъзида инсон бир ишни қаттиқ хоҳласа-да, амалга оширолмай қоларкан…
Орадан бир неча ой ўтди. Ҳанузгача У зотни тушида қайта кўра олмади. Муҳаммадга қайта насиб қилмади муборак чеҳрани кўриш. Муборак бўйни ҳидлаш бахтини қайта топа олмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларини яна эшитиш умиди ила кунларини тунга, тунларини эса, кунга улаб ўтказди. Ўйлаганига барибир ета олмади. Кўзларига ёруғ дунё кўринмас, фақат севиклисининг соғинчи билан яшарди. Яна бир бор кўришни орзу қиларди. Аммо кўриш учун нима қилишни билмас эди…
Бир куни хаёлига бир фикр келиб, дарди енгиллашди, елкасида тоғдек бўлиб турган ситамларидан енгил бўлди. Ахири, чорасини топди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб юбориш… Ҳа, ҳа, ҳақиқатан ҳам У зоти шарифга нома юбориш… Дардларини шу кўя енгиллатади. Йиъғилиб қолган дил изҳорларини шу кўя айтиб олади. Шу тарзда ўзини қийнаб юрган аламлардан оз бўлса-да, енгил тортади. Бир қарорга келди. У Расулуллоҳга мактуб ёзади, аниқроғи "Соғинч мактуб”ини йўллайди У зотга.
Соат чамаси 22 дан 30 дақиқа ўтди. Қўлига бир энлик қоғоз ҳамда ручка олди. Тушида кўрган муборак Зотни эслашга ҳаракат қилди. Хаёлида У зотни худди кўз ўнгидек гавдалантирди. Худди У зотнинг ёнларида тургандек ҳис қилди ўзини. Кўзлари намланди. Йиғидан ўзини тийиб тура олмади. Тўйиб тўйиб, йиғлаб олди. Бу ёшлар кўзларидан эмас, қалбларидан қуйилиб келаётган тўфон мисоли эди…
Мактуб ниҳоясига етди. Энди бу мактубни фаришталар орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жўнатади. Мактубни конвертга солишдан аввал яна бир бор қоғозга қараб қўйди. У ёмғирда қолган каби кўз ёшлари билан ювилганди. Бироқ, бироқ қоғоз бўм-бўш эди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам мактубга бирор сиёҳ тегмаганди. У барча изҳорларини кўз ёшларига жо қилди. Зеро, сиёҳ ҳам унинг дардларини тасвирлашга ожизлик қиларди. Иложи йўқ эди бунча дардни қоғозга қоралашга. Шунинг учун ҳам уни шу кўйи тамомлади. Хуфтон намозини ўқиб бўлгач, дуолар қилиб, мактубни токчага қўйиб қўйди. Буни тунда фаришталар олиб бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказишларини Аллоҳдан сўраб уйқуга кетди.
"Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар!” Муҳаммадни бомдоднинг азони уйғотди. Туриши билан таҳорат олиб, токча томон интилди. Қалблари ҳапқирарди. Қараса, мактуб йўқ экан. Аллоҳ унинг дуоларини ижобат қилиб, ёзган номасини суюклигига жўнатибди. Муҳаммад "Алҳамдулиллаҳ” дея, кўзларини ёшдан тия олмади…


Категория: Nodir qo'lyozmalar | Просмотров: 1307 | Добавил: Taqvo | Рейтинг: 1.0/1
Всего комментариев: 3
+1   Спам
1 Taqvo   (17.04.2013 13:42) [Материал]
Расулуллоҳ сизни қаттиқ соғиндим!

Яшашга мадор йўқ хўп тойдим ҳолдан,
Саодат даврига хосдир соғинчим.
Йўлбошчи ахтариб адашдим йўлдан,
Расулуллоҳ сизни қаттиқ соғиндим!

Айтинг, бу кун сизни излайин недан?
Қуръон, ҳадисмиди ёки суннатдан?
Ҳолдан тойдим излаб ҳар бир неъматдан.
Расулуллоҳ сизни қаттиқ соғиндим!

Тўғриси ўйлардим ўзимни тенгсиз,
Сизсиз ўхшаб қолдим кўйлакка енгсиз.
Дунёда сиздек зот йўқ эрур эссиз!
Расулуллоҳ сизни қаттиқ соғиндим!

Қилсам амалларим риёдан чиқмас,
Бу аъмал умматга асло лойиқмас!
Айтаман бу тиллар асло толиқмас,
Расулуллоҳ сизни қаттиқ соғиндим!

Кўзда ёш лек йўқдир ихлосдан хабар,
Билмадим қилганим не манзил етар.
Соғинчу аламлар юрагим эзар.
Расулуллоҳ сизни қаттиқ соғиндим!

Ўйлаб қолдим балки бу шеър ҳам риё,
Демак савоби йўқ амалдек рўё.
Ҳис қилиб ўзимни мунофиқ гўё,
Расулуллоҳ сизни қаттиқ соғиндим!

Сизсиз шахарлар ҳам саҳродек беъзар,
Намози йўқ, лек тинмай ташини безар.
Уммат ўхшар карвонга сарбонсиз кезар,
Расулуллоҳ сизни қаттиқ соғиндим!

Устозим Валийни бир йўқлаб келинг,
Розиман саййидим койиблар беринг.
Майлига бир бора тушимга киринг,
Расулуллоҳ сизни қаттиқ соғиндим!

Йиғлагим келмоқда, қаттиқ йиғлагим,
Тошдек қотган қалбимни тинмай тиғлагим.
Юзингизни кўрмоқ ёлғиз тилагим,
Расулуллоҳ сизни қаттиқ соғиндим!

Сиз ёлғиз эдингиз дин иши собит,
Ўзингиз олиму, ўзингиз обит.
Қутқаринг Валийни бўлмоқда нобит,
Расулуллоҳ сизни қаттиқ соғиндим!

Қочгим келар булардан, қочиб кетаман,
Кимга дунё керак, сочиб кетаман.
Эшитинг! Бир сирни очиб кетаман,
Расулуллоҳ сизни қаттиқ соғиндим!

Етар, етар энди мени овутманг!
Ёрдамчун гуноҳкор қўлимдан тутманг!
Мен кетдим, изламанг бас етар кутманг.
Расулуллоҳимни излаб кетаман!

(Солаллоҳу алайҳи васаллам)

2 ☾☆DjIslamiyya   (17.04.2013 16:43) [Материал]
seni seviyoruz YA RESULULLAH!!!

Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2024 |